Тожиев Достонжон Бекназар ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий қоидалар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Туркий давлатлар ташкилоти доирасида илмий ва маданий ҳамкорлик” мавзусидаги 07.00.03 – Жаҳон тарихи. 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Tar1606
Илмий раҳбар: Каримов Бахтиёр Раҳманович, фалсафа фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, DSc.05/2025.27.12.Tar.06.01
Расмий оппонентлар: Муқимжон Қирғизбоев, сиёсий фанлар доктори, профессор; Ғиясов Бобур Темурович, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: Туркий давлатлар орасидаги илмий-маданий ҳамкорликка доир ишларни ўрганиш орқали – Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий, миллий-маънавий, илмий ва маданий алоқалар аҳамиятини кўрсатишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Туркий давлатлар ташкилотининг Евросиё марказидаги ривожланиши жаҳон ҳамжамияти муносабати асосида таҳлил қилиниб, унинг самарадорлиги сиёсий-дипломатик ҳамкорлик билан бир қаторда илмий-маданий алоқалар ва тил яқинлигига боғлиқ экани асосланди. Натижада ТДТнинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги интеграцион кўприк сифатидаги салоҳияти очиб берилди ҳамда мураккаб геосиёсий жараёнлар шароитида Тожикистон ва Мўғулистоннинг ТДТ билан яқинлашуви тузилма ривожи учун муҳим омил экани илмий жиҳатдан исботланган;
Тил ва алифбо масалалари ҳамда она тилини ўрганиш ва ўргатишга доир муаммолар таҳлил қилиниб, туркий дунё интеграциясида таълим соҳасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги асосланди. Натижада муштарак алифбо масаласининг ҳал этилиши ва янги умумий ўртатурк алифбосининг қабул қилиниши нафақат таълим, балки бошқа соҳалардаги ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятлар яратиши, мазкур масаланинг ижобий ечими эса истиқболда туркий тил ва маданият бирлигини таъминлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши илмий жиҳатдан очиб берилган;
ТУРКСОЙ томонидан “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” мақомини бериш дастури таҳлил қилиниб, мазкур ташаббус туркий дунё шаҳарлари ўртасидаги маданий интеграция ва туризм ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилаётгани асосланди. Шу билан бирга, интеграцион фаолиятнинг тизимли илмий таҳлили етарли даражада амалга оширилмагани аниқланиб, диссертацияда ушбу мақомга эга бўлган 14 шаҳар хронологик тартибда ёритилди ҳамда уларнинг маданий мероси, тарихий аҳамияти ва интеграция жараёнидаги ўрни очиб берилди. Натижада мазкур шаҳарлар туркий дунё маданияти ва тарихини бойитиш, шунингдек, туризм соҳасида янги имкониятлар яратишда муҳим омил экани илмий жиҳатдан далилланган;
Туркий университетлар иттифоқининг (ТÜРКÜНИБ) Туркий давлатлар ташкилотига аъзо олий таълим муассасаларини бирлаштирувчи муҳим илмий тузилма сифатида шаклланаётгани таҳлил қилиниб, унинг тарихий ривожи ва институционал имкониятлари асосланди. Натижада иттифоққа аъзолик университетлар ва талабалар учун халқаро академик мобиллик, илмий тадқиқотлар ҳамда таълим ва фан соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини яратиши, аъзолар ўртасидаги академик интеграция эса туркий халқларнинг илмий-маданий меросини асраш ва фан-таълим соҳасидаги бирликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши илмий жиҳатдан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида илмий ва маданий ҳамкорлик тадқиқоти натижалари асосида: 
Туркий давлатларда янги давр интеграциясининг шаклланиши ва истиқболи масаласининг ўрганилиши, ТДТнинг Евросиё марказида шаклланиши ва ривожланишига жаҳон ҳамжамиятининг муносабати, туркий тилли мамлакатлар ўртасида фан-таълим, маданият ва бошқа соҳаларда йўлга қўйилган кўп томонлама ҳамкорлик, шунингдек, ТДТнинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги интеграцион кўприк сифатидаги салоҳияти асосланиб, илмий-маданий ва тарихий-сиёсий билимлардан ёш авлодни маърифатли тарбиялаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда самарали фойдаланиш имкониятлари, Ташкилотнинг минтақавий ривожи ва гегемон давлатлар олдида мустаҳкам бирликда тура олиш учун Тожикистон ва Мўғулистоннинг ТДТ бир қисмига айланиши масаласидаги тавсиялар ҳамда амалий таклифлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Тарихий савол” кўрсатувининг “Туркий сулолалар тарихи” сонини тайёрлашда фойдаланилган (ЎзМТРК “Ўзбекистон” телерадиоканали ДУКнинг 2024-йил 18-апрелдаги №02-31-491-сон маълумотномаси).
Туркий тил ва алифбо масаласи, она тилини ўрганиш ва ўргатишга доир муаммолар, 30 йиллик кун тартибида бўлган алифбо масаласининг ечилиши ва янги умумий (ўртатурк) алифбо қабул қилинганлиги, “Алишер Навоий” халқаро мукофотининг тарихий ўрни, “Туркий адабиёт дурдоналари”нинг туркий дунё маданий мероси сифатидаги аҳамияти, ТУРКСОЙ томонидан туркий дунё алломалари меросини оммалаштириш мақсадида олиб бораётган кенг кўламли ишлари хусусидаги илмий хулосалардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Аслида қандай” ва “Тарих майдони” кўрсатувлари дастур ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (“Маърифат” ижодий бирлашмаси” давлат муассасаси таркибидаги “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2025-йил 4-декабрдаги №01-33/922-сон маълумотномаси). Натижада илмий кўрсатувлар савияси ошишига ҳисса қўшилди.
Тадқиқот натижалари “Янги аср авлоди” НММда чоп этилган “Наврўзнома” китобининг тўлдирилган “Учинчи фасл: ъНаврўзномаъ асари ҳақида” бўлимида амалиётга жорий этилган. Мазкур бўлимда хайёмшунос олимларнинг Умар Хайём ва “Наврўзнома” асарига оид илмий қарашлари жамланиб, Туркий давлатлар ташкилоти ва ТУРКСОЙ ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” дастурининг Наврўз байрами билан узвий боғлиқлиги илмий асосда ёритилган. Шунингдек, Наврўз арафасида ўтказиладиган маданий тадбирларнинг мазмун-моҳияти ҳамда мазкур мақомга эга бўлган 14 та шаҳар ҳақидаги маълумотлар тизимли тарзда баён этилди. (“Янги аср авлоди” НММнинг 2025-йил 11-апрелдаги 07-сон маълумотномаси). Натижада ушбу нашрдан туркий халқларнинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб этиш ва интеграцион жараёнларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи илмий-амалий манба сифатида фойдаланилмоқда.
Оʻзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида жойлашган “Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан алоқалари” ва “Янги Ўзбекистон: маърифий-маданий юксалиш” номли экспозиция қисмларини яратишда диссертациядаги илмий маълумотлардан кенг фойдаланилди. “Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан алоқалари” экспозиция қисмида сиёсий дипломатия, илмий-маданий ҳамкорлик ва тил яқинлиги масалалари ТДТни Ғарб ва Шарқ ўртасида кўприкка айлантириши тузилма ривожи учун зарурлиги илмий исботланган. “Янги Ўзбекистон: маърифий-маданий юксалиш” экспозиция қисмида ТУРКСОЙ томонидан тарихий шаҳарларга “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” мақомини бериш анъанаси ҳамда 2020-йилда Хива шаҳрининг мазкур унвонга сазовор бўлиши, шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилган халқаро миқёсдаги маданий тадбирлар ҳамда туризм борасидаги салмоқли янгиланишлар, Туркий университетлар иттифоқининг ТДТга аъзо олий таълим муассасаларини бирлаштирувчи муҳим илмий тузилма экани, унинг фаолияти туркий халқлар ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим стандартларини ошириш ва академик интеграцияни кучайтиришга хизмат қилиши илмий жиҳатдан асосланган. Мазкур экспозиция қисмларидаги маълумотлар орқали ТДТнинг Янги Ўзбекистон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамияти кенг жамоатчиликка, айниқса, ёш авлодга етказилди ва замонавий давр тарихига бўлган қизиқишини оширди (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказининг 2025-йил 22-декабрдаги № 05-14/677-сон далолатномаси).

Yangiliklarga obuna bo‘lish