Ергашова Дилнара Толибаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қишлоқ хўжалик экинларини томчилатиб сўғоришда магнитланган сувдан фойдаланишнинг самарадорлиги (Тошкент вилояти мисолида)” 06.01.02–“ Мелиорация ва суғорма деҳқончилик” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.3. PhD/Т6060
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Бегматов Илхом Абдураимович техника фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университетида бажарилган.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.17/2025.27.12.T.01.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Ахмеджанов Дилмурод Ғуломович – Миллий технологик тадқиқотлар университети Олмалиқ филиали “Умумтехник фанлар” кафедраси профессори, т.ф.д.профессор. Палуашова Гаухарай Калбаевна – “Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти” “Тупроқ тадқиқотлари ва мелиоратив жараёнлар лабораторияси” мудири, катта илмий ходим, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Етакчи ташкилот: Тошкент Давлат Аграр Университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Тошкент вилояти табиий-иқлим ва тупроқ-мелиоратив шароитида гўзани томчилатиб суғоришда магнитланган сувдан фойдаланишнинг самарадорлигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тупроқнинг турли чуқурликлардаги намланиши ҳисобга олган ҳолда ғўзани магнитланган сув билан томчилатиб суғориш меъёрини аниқлашнинг математик модели ишлаб чиқилган.
тупроқнинг ҳажмий массаси, тупроқнинг фаол қатлами қалинлиги ва тупроқнинг фаол қатламидаги намлик захираси ҳисобга олган ҳолда магнитланган сувдан фойдаланиб ғўзани томчилатиб суғориш мақбул режими ишлаб чиқилган.
магнитли ишлов берилган сувдан фойдаланган ҳолда ғўзани томчилатиб суғоришнинг технологик элементларини тупроқнинг фаол қатлам қалинлигини ва сув балансини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган.
тупроқ ҳисобий қатламининг чуқурлиги, томизгич сарфи, томизгичлар сони, чегаравий дала нам сиғими, сувдан фойдаланиш коэффициенти ҳисобга олган ҳолда суғориш давомийлиги аниқлаш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қишлоқ хўжалик экинларини томчилатиб суғоришда магнитланган сувдан фойдаланишнинг самарадорлиги бўйича олинган натижалар асосида:
ғўзани магнитланган сув билан томчилатиб суғориш режими (суғориш меъёри, сони, вақти ва давомийлиги) ва унинг технологик элементлари Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани «TST Agro Cluster» МЧЖ пахта далаларида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 5 июндаги 02/19–2518-сонли маълумотномаси). Натижада, оддий сувга нисбатан мавсумий суғориш меъёрининг 15-20% гача иқтисод қилинишига эришилган;
тупроқ-мелиоратив ва климат кўрсаткичлари ўзгаришини ҳисобга олиб, магнитли ишлов берилган сувдан фойдаланган ҳолда ғўзани томчилатиб суғоришнинг технологик элементларини ҳисоблаш усули Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Тожибоева Зокира агро», «Бойовул агро гроуп» ва «Назиров Сардор агро» фермер хўжаликларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 5 июндаги 02/19–2518-сонли маълумотномаси). Натижада, мавсумий суғориш сувининг 12-15% гача тежалиши аниқланиб, фермер хўжаликларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш усуллари такомиллаштирилган;
магнит қурилмаси ёрдамида сувни магнитлаб суғориш тартиби ва ҳосилдорликни ошириш технологияси Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Nodir-Rufat», «Nihol Obod Zamin Fayz» ва «Dutbaev Davlet» фермер хўжаликларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 5 июндаги 02/19–2518-сонли маълумотномаси). Натижада қўлланилиши оддий сувга нисбатан ғўза ривожланишини 5–10 кунга тезлаштириш ва пахта ҳосилдорлигини 10–15 фоизга ошириш имконини берган.