Хамраев Шавкат Рахимовичнинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Иқлим ўзгариши шароитида сувни тежайдиган суғориш технологияларини қўллашнинг илмий ва амалий асослари”, 06.01.02 – Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.DSc/Qx398.
Илмий маслаҳатчи: Безбородов Юрий Германович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Qх.01.01.
Расмий оппонентлар: Хамидов Мухаммадхон Хамидович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Норқулов Усмонқул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Ахмеджанов Дилмурод Ғуломович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Сув тежамкор суғориш технологияларини, жумладан мульчалаш ва минераллашган коллектор-дренаж сувларидан суғориш мақсадларида фойдаланишни ўз ичига олган ҳолда, қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланишни иқлим ўзгаришига мослаштириш ҳамда сув ва ер ресурсларини барқарор бошқаришни таъминлаш воситаси сифатида қўллашнинг илмий асослари ва ташкилий - амалий моделини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўртача шўрланган шўртоблашган бўз-ўтлоқи тупроқларни ҳар йили кузги буғдой сомони билан 1,5-2,0 т/га меъёрда мулчалаш ҳайдов қатламдаги биологик жараёнларни фаоллаштириб, тупроқнинг газ режимини СО2 концентрацияси ва фойдали микрофлора миқдорини ошириш ҳисобига яхшилаб, ғўза ҳосилдорлигини мулчаланмаган фонга нисбатан 1,5 ц/га ёки 7,9% га оширишни таъминлаши аниқланган;
ўртача шўрланган тупроқларда ғўза ҳосилдорлигининг шаклланиши ва туз режимининг ўзгариш қонуниятлари суғориш сувининг сифатига боғлиқ ҳолда, суғориш сувининг минерализацияси 2,2–2,5 г/л бўлганда ғўза ҳосилдорлигини 3,1 ц/га (12,3%) га оширишни ва тупроқнинг илдиз қатламида заҳарли тузлар миқдорини камайтиришни таъминлайдиган сомонли мулча қўлланилиши аниқланган;
ўртача шўрланган тупроқлар шароитида ерларни биологик мелиорациялаш учун минераллашган коллектор-зовур сувлари (2,5–6,0 г/л) ва шўрга чидамли қишлоқ хўжалиги экинларидан комплекс фойдаланиш самарадорлиги аниқланди. Тупроқдаги заҳарли тузлар миқдори вегетация даврида зич қолдиқ бўйича 1,32 дан 1,23% гача камайиши ҳамда минераллашган сувлар билан суғориш шароитида 369 ц/га гача кўк масса (Sugar Graze оқ жўхори), 329 ц/га гача (Pioneer 858 оқ жўхори) ва 69,7 ц/га гача қуруқ масса (маҳаллий кохия) олишни таъминлайдиган энг маҳсулдор экинлар аниқланган;
ғўзани перфорацияланган полиэтилен плёнка билан тўсилган эгатлар орқали суғориш илдиз қатламининг сув режимини яхшилаши, ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини кучайтириши ҳамда тажриба-ишлаб чиқариш майдонида ғўза ҳосилдорлигини анъанавий технологияга нисбатан 5,3–10,9 ц/га (11,2–23,0%) га, ишлаб чиқариш шароитида эса ўртача 11,6 ц/га (27,4%) га оширишни таъминлаши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш ва коллектор-дренаж сувларидан фойдаланиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида:
«Сув ресурслари тақчиллиги шароитида коллектор-дренаж сувларидан хавфсиз фойдаланишни ташкил этиш бўйича тавсиялар» ҳамда «Мульчалаш усули орқали суғориладиган ерларда тупроқ намлигини барқарор сақлашни таъминлаш бўйича амалий тавсиялар» номли тавсиялар тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновaциялар миллий марказининг 2026 йил 14 майдаги №05/04-04-495-сон маълумотнома). Ушбу тавсиялар ҳозирги кунда фермер хўжаликлари, агрокластерлар ҳамда сув хўжалиги мутахассислари томонидан амалий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда.
Сирдарё вилоятида 2017–2024 йилларда 83,1 млн м³ коллектор-дренаж сувлари қайта ишлатилди. Томчилатиб суғориш технологиялари 40 214 гектар майдонда, жумладан 16 692 гектар пахта майдонларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновaциялар миллий марказининг 2026 йил 14 майдаги №05/04-04-495-сон маълумотнома) Натижада 42,8 млн м³ сув тежалган ва сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилган.
Жиззах вилоятида 2021–2024 йилларда 253,72 млн м³ коллектор-дренаж сувлари қайта ишлатилди. Томчилатиб суғориш технологияси 68 754 гектар майдонда, шу жумладан 28 007 гектар пахта майдонларида жорий қилиниб, 109,84 млн м³ сув тежалишига эришилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновaциялар миллий марказининг 2026 йил 14 майдаги №05/04-04-495-сон маълумотнома). Қўшимча равишда 12 200 гектар майдонда сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилди. 2021–2025 йилларда томчилатиб суғориш жорий этилган умумий майдон 64 748 гектарни ташкил этиб, 26 356 гектар пахта майдонларида 101,96 млн м³ сув иқтисод қилинган.
Фарғона вилоятида 2023–2024 йилларда суғориш учун 434,54 млн м³ коллектор-дренаж сувларидан фойдаланилди. Шу билан бирга, 2024 йилда коллектор-дренаж сувларининг сифати ва ҳажмини баҳолаш услубияти 2276 гектар майдондаги 35 та фермер хўжалигида сувдан фойдаланишни режалаштиришда қўлланилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновaциялар миллий марказининг 2026 йил 14 майдаги №05/04-04-495-сон маълумотнома). Бу сув ресурсларини тақсимлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилди. Натижада сув билан таъминланганлик даражасини 90–95 фоизгача ошириш имконини берган.
Сирдарё ҳавзасида сув тежовчи суғориш технологиялари ва коллектор-дренаж сувларини қайта ишлатиш усулларининг жорий этилиши юқори самарадорликни таъминлаган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновaциялар миллий марказининг 2026 йил 14 майдаги №05/04-04-495-сон маълумотнома). Натижада 1254,6 млн м³ сув ресурслари тежалди ҳамда сув таъминоти чекланган 35 200 гектар суғориладиган ерларда сувдан фойдаланиш самарадорлиги 95 фоизгача оширилган.