Ортиқов Жонибек Шавкат ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Коврак ўсимлигидан олинган фитоестрогенли препаратларнинг товуқлар организмига қиёсий таъсири”, 16.00.04-Ветеринария фармакологияси ва токсикологияси. Ветеринария санитарияси, экологияси, зоогигиенаси ва ветеринар-санитария экспертизаси (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам В2025.2.PhD/В180
Илмий раҳбар: Ниёзов Ҳаким Бақоевич, ветеринария фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номиСамарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, DSc.08/2025.27.12.В.11.01.
Расмий оппонентлар: Салимов Юнус Салимович, ветеринария фанлари доктори, профессор; Юлдошева Дилнавоз Хасановна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қашқадарё ҳудудида кенг тарқалган Ферула куҳистаниcа (ўлжон коврак) ўсимлиги ширасидан олинган кукун, “Пано-25”, “Панароот-98” ва “Куфестрол” препаратларини товуқлар тухум маҳсулдорлигига таъсирини илмий асослаш ҳамда ижобий таъсир этувчи миқдор ва меъёрларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Республикамизнинг тоғ ҳудудларида ўсадиган Ферула куҳистаниcа ўсимлигининг эстроген фаолликга эга эканлиги аниқланган; 
Ферула куҳистаниcа ширасидан олинган кукун ҳамда “Пано-25”, “Панароот-98”, “Куфестрол” препаратлари сичқонлар рационига (1 кг озуқага 10 мг ҳисобида) 14 кун давомида қўшиб берилганда клиник ҳолат ва ҳаракат фаолиятида салбий ўзгаришлар кузатилмаганлиги исботланган; 
Фитоестрогенли препаратлар товуқлар рационига 10 г/1000 кг ҳисобида қўшилганда товуқларни тўлиқ тухумга кириш муддатини назорат гуруҳига нисбатан “Пано-25”да 22 кун, “Панароот-98”да 18 кун, Ферула куҳистаниcа кукунида 15 кун ва “Куфестрол”да 10 кунга тезлаштириши аниқланган;
“Пано-25” препарати қўлланилган гуруҳдан олинган жўжаларнинг ўртача тирик вазни 38,47±0,65 г ни ташкил этиб, 30 кунлик ёшда назорат гуруҳига нисбатан 6,8 г юқори бўлиши илмий асосланган;
“Пано-25” препарати қўлланилган товуқларда тухумнинг оғирлиги ўртача 67,44±0,58 г, ҳаво камераси 3,6±0,10 мм, оқсил миқдори 12,6±0,12%, тухум сариғи 26,4±0,47 г, тухум оқи 29,6±0,46 г, тухум пўстлоғи 6,33±0,10 г ҳамда оқсил муҳитининг пҲ кўрсаткичи 7,7±0,14 ни ташкил этиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Коврак ўсимлигидан олинган фитоестрогенли препаратларнинг товуқлар организмига қиёсий таъсири” мавзуси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Ковракдан олинган фитоестрогенларнинг товуқлар организмига таъсири” бўйича тавсиянома ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2026-йил 10-февралдаги 02/23-118-сон маълумотномаси). Натижада Ферула куҳистаниcа ўсимлиги шираси кукуни, ҳамда “Пано-25”, “Панароот-98”, “Куфестрол” препаратларини омихта емига 10 г/1000 кг нисбатда қўшиб берилган товуқ ва хўрозлар жуфтланиб олинган тухумидан чиққан жўжаларнинг ўртача тирик вазни ва бир бош жўжанинг тирик вазн ўсиши 30 кун давомида кузатилганда назорат гуруҳи жўжаларига нисбатан юқори бўлишига эришилган;
“Пано-25” препаратини товуқлар омихта емига 10 г/1000 кг нисбатда қўшиб берилганда назорат гуруҳига нисбатан 22 кун олдин тўлиқ тухумга кириши инобатга олиниб амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2026-йил 10-февралдаги 02/23-118-сон маълумотномаси). Бунда “Пано-25” қўлланилган товуқлар тухумнинг озиқавий ва товарлик сифат кўрсаткичлари юқори бўлиши ва ветеринария санитария экспертиза жиҳатидан истеъмол учун яроқлилигини баҳолашга эришилган;
Товуқларнинг тухум маҳсулдорлиги ва сифатини ошириш учун “Пано-25” препаратини омихта емига 10 г/1000 кг нисбатда қўшиб бериш Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Абдуллаев Мусо паррандалари”, “Озодхон паррандалари - 2”, “Сафохўжа паррандалари” паррандачилик фермер хўжаликлари, Самарқанд тумани “Миронқул агрозоовецервис илмий-амалий маркази” МЧЖ хўжаликларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг 2025-йил 2-октябрдаги 02/23-679-сон маълумотномаси). Натижада сифатли ва энергетик қиймати юқори, ветеринария санитария экспертиза талабларига тўлиқ жавоб берадиган тухум етиштиришга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish