Амиров Абдумумин Икромовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Сигирларда инфекцион мастит касаллигининг диагностикаси, даволаш ва олдини олишнинг самарали услуб ва воситалари”, 16.00.03-ветеринария микробиологияси, вирусологияси, эпизоотологияси, микологияси, микотоксикологияси ва иммунологияси (ветеринария фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам B2026.1.PhD/В195
Илмий раҳбар: Абдурасулов Шавкат Абдурасул ўғли, ветеринария фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номиСамарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Тошкент филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, DSc.08/2025.27.12.В.11.01.
Расмий оппонентлар: Давлатов Равшан Бердиевич, ветеринария фанлари доктори, профессор; Шопулатова Зумрад Жахонгировна, ветеринария фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Л.М.Исаев номидаги микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Республикамизнинг турли ҳудудларида сигирларнинг инфекцион мастит касаллигини эпизоотологияси, этиологиясини ўрганиш, диагностикаси, даволаш ва олдини олишнинг самарали услуб ва воситаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сигирларда яширин мастит касаллигини “ДРАМИНСКИ- 4Қ” электрон детектори ёрдамида 90% аниқликда эрта ташхис қўйиш мумкинлиги исботланган;
сигирлар мастит касаллигида бактерияларнинг этиологик таркиби яъни шартли патогенлар 64%, стафилакокклар 27%, эсчеричиа cоли 4%, кластридиумлар 3% ва бошқа тур қўзғатувчилардан иборатлиги аниқланган;
сигирларда инфекцион мастит касаллигининг этиологияси, патогенези, эпизоотик ҳолати ва касаллик қўзғатувчи бактерияларнинг хусусиятларини аниқлаш асосида касалликни даволашнинг самарали услуб ва воситалари ишлаб чиқилган;  
сигирлар маститига “Иммуноил ҳамда Лерот2” антибиотикларини комбинациялашган ҳолда бир марта қўллаш даволаш муддатини 1-5 кунга қисқартирган ва ижобий натижа олиш мумкинлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Сигирларда инфекцион мастит касаллигининг диагностикаси, даволаш ва олдини олишнинг самарали услуб ва воситалари  бўйича олиб  борилган илмий-тадқиқотлар натижалари асосида:
“Сигирларда мастит касаллигини даволаш, олдини олиш ва қарши курашиш чоралари бўйича йўриқнома” ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2026 йил 03 мартдаги 02/23-289-сон маълумотномаси). Натижада сигирларнинг инфекцион мастит касаллиги билан касалланишининг олдини олиш имконияти яратилган;
соғин сигирларида мастит касаллигини даволаш ва олдини олиш бўйича тавсиянома ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2026 йил 03 мартдаги 02/23-289-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқилган тавсияларни қўллаш натижасида сигирларнинг инфекцион мастит билан касалланишини 90-95% фоизга камайтиришга эришилган;
Тошкент вилояти ҳудудларида сигирларнинг мастити касаллигини даволашда янги антибактериал импорт ўрнини босувчи маҳаллий Химикс препаратини ҳар куни бир марта эрталаб сигирларнинг елин бўлакларига (цистерналарига) 3 кун давомида 1:100, 1:200, 1:300, 1:400 нисбатларда юбориш ва 15-20 мл Иммуноил препаратидан бир вақтнинг ўзида Лерот2 антибиотиги билан ҳар 8-12 соат оралиғида мушак орасига юбориш усули Тошкент вилояти Тошкент тумани “Роҳатой” наслчилик фермер хўжалиги, Қибрай тумани “Рихсибой” чорва барака наслчилик фермер хўжалиги, Қуйичирчиқ тумани “Сут булоғи” сут-товар фермер хўжалиги, Янгийўл тумани “Юксалиш” сут товар фермер хўжаликларига жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2026 йил 03 мартдаги 02/23-289-сон маълумотномаси). Натижада сигирларнинг мастит касаллигига қарши маҳаллий антибактериал препарат қўллашнинг иқтисодий самарадорлиги юқори бўлиб сарфланган 1 сўм  ҳисобига харажатлар қоплами 7,36 сўмни ташкил этган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish