Жураев Санжар Рашидовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Суғориш тизими насос станцияларининг энергия ва фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари” 05.09.06–“Гидротехника ва мелиорация қурилиши” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.DSc/T1046
Илмий маслаҳатчининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Мухаммадиев Мурадулла Мухаммадиевич, техника фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университетида бажарилган.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.17/2025.27.12.Т.01.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Шакиров Бахтияр Махмудович – Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти “Электр энергияси ва насос станцияларидан фойдаланиш” кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор. Хўжақулов Рустам – Қарши давлат техника университети “Гидравлика ва муҳандислик иншоотлари қурилиши” кафедраси профессори, техника фанлари доктори. Базаров Дилшод Райимович – “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети “Насос станциялари ва гидроэлектростанциялар” кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор .
Етакчи ташкилот: Тошкент архитектура қурилиш университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: насос станциялар энергия ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича янги конструктив ва технологик ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг гидравлик, техник, энергетик параметрларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
лойқали сув оқимини ҳайдаб берадиган насос станцияларда оқимнинг гидравлик параметрларининг ўзгаришини инобатга олиб, бу жараённинг насослар самарадорлигига таъсирини аниқлаш услубиёти такомиллаштирилган;
насос станциялар аванкамераларида лойқа чўкмаларини тозалашнинг гидрооқимчали насосдан фойдаланишга асосланган самарали янги қурилмаси таклиф этилди ва ушбу қурилманинг оптимал параметрларини аниқлаш имконини берадиган напор – лойқа сув сарфи характеристикасининг аналитик ифодаси таклиф этилган;
лойқа чўкмаларини тозалаш учун хизмат қиладиган  гидрооқимчали насоснинг тажрибавий тадқиқотлари асосида напор – лойқа сув характеристикаси ва унинг эмпирик тенгламаси олинган;
параллел ишлаётган марказдан қочма насосларнинг иш режимларини ФИК максимуми мезони бўйича ростлаш, қувурлар ва улардаги жиҳозлар ўлчамларини ҳамда энергия истеъмолини улар учун сарф бўлган харажатларнинг минимуми бўйича оптималлаштириш услубиёти ишлаб чиқилган;
насос станция сув бериш унумдорлигини ошириш учун гидрооқимчали насосдан фойдаланиш ва бу жараёнда асосий насос иш режимини частота ўзгартиргич ёрдамида ростлашнинг янги тизими таклиф этилди ва ушбу тизим асосида станциянинг сув бериш унумдорлигини ошириш ҳамда энергия истеъмолини камайтириш мезонлари бўйича оптимал параметрларини аниқлаш усулубиёти ишлаб чиқилган;
қуёш энергиясидан таъминланадиган насос станциялар иш режими ва параметрларини агрегатларининг максимал фойдали иш коэффициентини таъминлаш ҳамда қуёш энергиясидан максимал фойдаланиш мезонлари бўйича оптималлаштириш услубиёти ишлаб чиқилган;
суғориш тизимидаги насос станцияларда энергия тўловини  дифференциаллаштирилган (табақалаштирилган) тарифларга ўтказиш ҳамда энергетика тизимида насос станциялардан “истеъмолчи – ростловчи” режимида фойдаланиш параметрларини ва самарадорлигини аниқлаш услубиёти ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Насос станцияларининг эксплуатацион самарадорлигини ошириш бўйича янги конструкциялар, технологияларни ишлаб чиқиш ва уларни тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
насос станциялари сув қабул қилиш иншооти (аванкамераси)да лойқа чўкмаларини тозалаш қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк марказининг фойдали моделига патент олинган (“Сув қабул қилиш иншооти” № FAР 00938). Натижада насос станцияси сув қабул қилиш иншоотини лойқа чўкмаларидан тозалаш харажатлари мазкур қурилманинг муқобил вариантлари - земснарядларга нисбатан 20÷30 баробар, грунт насосларга нисбатан 1,5÷2,5 баробар арзонлашиши мумкинлиги аниқланган; 
насос станцияси сув бериш унумдорлигини ошириш қурилмасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк марказининг фойдали моделига патент олинган (“Унумдорлигини ошириш қурилмаси бўлган насос қурилмаси” № FAP 01200). Натижада насос станцияси сув бериш унумдорлигини 15...45 % гача ошириш насос қувватини 2,5...18,2 % гача тежаш имкони яратилган;
насос станциялари сув қабул қилиш иншооти (аванкамераси)да лойқа чўкмаларини тозалаш қурилмаси Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси таркибидаги “М-II-2” насос станцияларида жорий қилинган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 18 майдаги 04/20-2472-сон маълумотномаси). Натижада насос станцияси аванкамерасини лойқа чўкмаларидан тозалаш харажатлари бир йилда земснарядларга нисбатан 28,8 баробар, грунт насосларга нисбатан 1,96 баробар арзонлашди ва 39400 кВт·соат электр энергияси тежалган;
насос станциялар сув бериш унумдорлигини оширишнинг гидрооқимчали насосдан фойдаланиш ва асосий насос иш режимини частота ўзгартиргич ёрдамида ростлаш тизими Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли “Айқорон-1” насос станциясида жорий қилинган. (Сув хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 18 майдаги 04/20-2472-сон маълумотномаси). Натижада насос станциялар сув бериш унумдорлигини оширишда гидрооқимчали насосдан фойдаланиш туфайли келадиган фойда унга сарф қилинган маблағга нисбатан 1,19 баробар фойда келтириш имкони яратилган;
насос станцияси босим қувурлари ва улардаги жиҳозларнинг оптимал ўлчамларини аниқлаш услубиёти Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги “Қишлиқ” насос станциясини реконструкция қилиш ишларида қўллаш учун қабул қилинди. (Сув хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 18 майдаги 04/20-2472-сон маълумотномаси). Натижада насос станциясида ҳар бир кубометр ҳайдаб бериладиган сув миқдори учун 0,01226 кВт·соат электр энергиясини тежаш имкони яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish