Юсупов Нодирбек Абдужалиловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Незаконное лишение работника возможности трудиться как основание материальной отвецтвенности работодателя”, 12.00.05 – Меҳнат ҳуқуқи. Ижтимоий таъминот ҳуқуқи (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/Yu750
Илмий раҳбар: Гасанов Михаил Юсупович, юридик фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.03.
Расмий оппонентлар: Зиядуллаев Махмуджон Джуракулович, юридик фанлар доктори, доцент, Мадраҳимова Гулжаҳон Рузимбой қизи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади иш берувчининг моддий жавобгарлик институти билан боғлиқ назарий ва амалий муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс таҳлил қилиш, шунингдек, шу асосда меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқини таъминлашга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг кучайтирилган процессуал роли илмий жиҳатдан асосланди, жумладан, уларнинг ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этиш ва бунинг оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар юзасидан ходимлар манфаатларини кўзлаб судга мустақил мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлиши зарурлиги асослантирилган;
фуқаролик-ҳуқуқий шартнома расмийлаштирилган бўлишига қарамай, меҳнат шартномасининг ҳақиқий белгилари мавжуд бўлган ҳолларда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни индивидуал меҳнат муносабатлари деб эътироф этиш имконияти илмий жиҳатдан асосланди, бу эса ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлигини юклашнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтиришга хизмат қилиши асослантирилган;
меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ходимни электрон ва почта алоқа воситалари орқали икки усулда хабардор этиш зарурати иш берувчи томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган суиистеъмолликларнинг олдини олиш, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий кафолат сифатида асослантирилган;
ходимнинг огоҳлантириш муддати қисқартирилишига очиқ ва аниқ розилиги мавжуд бўлмаган ҳолда, меҳнат шартномасининг ходим ташаббуси билан белгиланган огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин бекор қилиниши ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этиш сифатида квалификация қилиниши асосланди. Мазкур ҳолат ходимни аввалги ишига тиклаш учун мустақил асос бўлиб хизмат қилиши ҳамда иш берувчига моддий жавобгарлик юклатилишига олиб келиши асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзудаги тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал кафолатларини кучайтириш мақсадида касаба уюшмаларининг ходимлар манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилиш бўйича процессуал ваколатларини кенгайтиришга оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2025-йил 13-февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1030-сон Қонуни билан Меҳнат кодексининг 559-моддасига киритилган қўшимчаларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2026-йил 8-июндаги 3/дн-92-сон далолатномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши ходимларни ғайриқонуний ишдан бўшатишдан самаралироқ ҳимоя қилиш, етказилган моддий зарарнинг қопланишини таъминлаш ҳамда мажбурий прогул механизмларини кучайтиришга хизмат қилган;
ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда уларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, меҳнат шартномасига хос ҳақиқий белгилар мавжуд бўлган тақдирда фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида юзага келган муносабатларни якка тартибдаги меҳнат муносабатлари деб эътироф этиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 20-ноябрдаги 26-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 4-бандини ишлаб чиқишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024-йил 18-январдаги 01-30-11-сон далолатномаси). Мазкур қоиданинг амалиётга жорий этилиши меҳнат муносабатларини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан алмаштириш ҳолатларининг олдини олиш учун ҳуқуқий асос яратади ҳамда ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлигини қўллашга хизмат қилган;
ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиниши тўғрисида тегишли тартибда хабардор этишни таъминлаш ҳамда иш берувчилар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган суиистеъмолликларнинг олдини олиш мақсадида, почта орқали юборилиши лозим бўлган буйруқ кўчирмасини электрон шаклда юбориш билан алмаштиришга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 20-ноябрдаги 26-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 6-банди еттинчи хатбошисини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024-йил 18-январдаги 01-30-11-сон далолатномаси). Мазкур қоиданинг амалиётга жорий этилиши ходимнинг процессуал ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, шунингдек уни меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятидан яширин ёки расмий жиҳатдан маҳрум этиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилган;
судлар томонидан меҳнат шартномасини ходим ташаббуси билан бекор қилишда огоҳлантириш муддати тўғрисидаги нормаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, ходимни огоҳлантириш муддатини қисқартиришга розилиги мавжуд бўлмаган ҳолда меҳнат шартномасини ушбу муддат тугашидан олдин бекор қилишга ҳуқуқий баҳо бериш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023-йил 20-ноябрдаги 26-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 20-бандини тўлдиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024-йил 18-январдаги 01-30-11-сон далолатномаси). Мазкур қоиданинг амалиётга жорий этилиши ходимни аввалги ишига тиклаш учун ҳуқуқий асос яратди ҳамда ходимни меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этиш натижасида етказилган зарар учун иш берувчига моддий жавобгарлик юклатилишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish