Кандахаров Санжар Ишратовичнинг
ихтиро патентлари асосида ўтказиладиган
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи). “Модификацияланган ғовакбетонлар таркибини саноат чиқиндилари ёрдамида ишлаб чиқиш ҳамда физик-механик ва эксплуатацион хоссаларини яхшилаш”, 05.09.05 - Қурилиш материаллари ва буюмлари (техника фанлари доктори DSc).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № В2025.4.DSc/Т1014.
Илимий маслаҳатчи: техника фанлари доктори, профессор Шаумаров Саид Санатович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети, DSc 10/2025.27.12.Т.01.01
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади - саноат чиқиндилари ва фаол минерал қўшимчалардан фойдаланиш натижасида модификацияланган ғовакбетон таркибини такомиллаштириш, ресурс ва энергия тежамкор янги технологик ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда ғовакбетон структурасини мақсадли шакллантириш ҳисобига унинг физик-механик хоссаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор майдаланган чиқинди кварц қуми, мергел, икки сувли гипс ва базалт чиқиндисининг ноавтоклав газобетон структурасини шакллантиришдаги комплекс таъсир механизми аниқланиб, уларнинг цемент гидратация жараёнларини фаоллаштириши, иккиламчи калсий гидросиликат фазаларини ҳосил қилиши ҳамда ғоваклараро деворларнинг микроструктурасини зичлаштириб, уларнинг бутун ҳажм бўйлаб бир хил массивда қотишини таъминлаши натижасида унинг мустаҳкамлиги ва эксплуатацион хоссалари яхшиланиши илмий асосланган (№ УЗ ИАП 8280);
илк бор пўлат эритиш шлаки, чиқинди кварц қуми, сулфат натрий ва базалт чиқиндиларининг ноавтоклав газобетон структурасига комплекс таъсир механизми аниқланиб, уларнинг синергетик таъсири натижасида цемент гидратацияси ва иккиламчи калсий гидросиликат фазаларининг ҳосил бўлиши ҳамда гидратация жараёнларини барқарорлашиши ҳисобига ғовак бетон микроструктурасини яхшиланиши, мустаҳкамлик, дарзбардошлик ва эксплуатацион хоссаларининг яхшиланиши илмий исботланган (№ УЗ ИАП 8326);
илк бор наноқатламли феррит чиқиндиси ва крахмал–наноцеллулоза чиқиндисини ноавтоклав кўпикбетонда қўллаш натижасида унинг структурасини шаклланишидаги синергетик таъсир механизми аниқланиб, бунда цемент гидратацияси ва иккиламчи калсий гидросиликат фазаларининг ҳосил бўлиши фаоллашиб, ғовакли бетон структурасини барқарорлашиши ҳамда ғоваклараро деворларнинг мустаҳкамланиши илмий асосланган (№ УЗ ИАП 8526);
илк бор саноат чиқиндиларини комплекс қўллаш орқали ноавтоклав газобетон ва кўпикбетон учун янги авлод композицион материаллар ишлаб чиқилиб, бунда минерал ва органик наноқўшимчаларнинг синергетик таъсири натижасида ғовакли структуранинг микро- ва макробарқарорлиги яхшиланди, мустаҳкамлиги, деформацияга чидамлилиги ва эксплуатацион хоссалари ортиши илмий исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. Модификацияланган ғовакбетонлар таркибига саноат чиқиндиларини киритиш орқали такомиллаштириш ҳамда физик-механик ва эксплуатацион хоссаларини яхшилаш бўйича олинган натижалар асосида:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган УЗ ИАП 8280 рақамли “Автоклав бўлмаган газобетонни тайёрлаш учун хом ашё аралашмаси” патенти асосида яратилган бўлиб, ишлаб чиқилган газобетон таркиби ва уни ишлаб чиқариш технологияси “Зариф Хасанов 777” МЧЖ корхонасида ишлаб чиқаришга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 24-июндаги № 4/Э827-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу корхоналарда газобетон таркибини ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали 862,48 млн. сўм иқтисодий самарадорликка эришилган. Янги таркибли ноавтоклав газобетон қоришмасининг ишлаб чиқаришга жорий этилиши натижасида маҳсулотнинг сиқилишдаги мустаҳкамлиги, эксплуатацион ишончлилиги ва иссиқлик-физик кўрсаткичлари яхшиланишига ҳамда портландцемент сарфи камайишига, шунингдек, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш орқали экологик самарадорликка эришилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган УЗ ИАП 8526 рақамли “Кўпикбетон аралашмаси” патенти асосида ишлаб чиқилган таркиб ҳам “Зариф Хасанов 777” МЧЖ ва “СР-РОАД ТЕЧ” МЧЖ корхоналарида ишлаб чиқаришга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 24-июндаги № 4/Э827-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу корхоналарда кўпикбетон таркибини ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали 812,06 млн. сўм иқтисодий самарадорликка эришилган. Янги технологиянинг ишлаб чиқаришга жорий қилиниши натижасида кўпикбетон маҳсулотларининг сиқилишдаги мустаҳкамлиги ва эксплуатацион ишончлилиги яхшиланган.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган УЗ ИАП 8326 рақамли “Автоклав бўлмаган газобетон учун хом ашё аралашмаси” ихтиро патенти “СР-РОАД ТЕЧ” МЧЖ ва “Зариф Хасанов 777” МЧЖ корхоналарида ишлаб чиқаришга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 24-июндаги №4/Э827-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу корхоналарда газобетон таркибини ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали 912,9 млн. сўм иқтисодий самарадорликка эришилган. Таклиф этилган технологияни ишлаб чиқаришга жорий қилиш натижасида маҳаллий хом ашё ва саноат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш таъминланди, пўлат эритиш шлаги, кварц қуми чиқиндиси ва базалт чиқиндиларини қайта ишлаш ҳисобига хом ашё базаси кенгайтирилди ҳамда экологик самарадорликка эришилган.