Фозилов Одилжон Қобилжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси: Енгил бетондан тайёрланган темирбетон тўсинларнинг кўндаланг эгилишдаги кучланганлик–деформацияланганлик ҳолати, дарзбардошлиги ва мустаҳкамлиги.
Ихтисослик шифри: 05.09.01–Қурилиш конструксиялари, бино ва иншоотлар.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Т5476.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Раззаков Собиржон Жураевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат техника университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, Илмий кенгаш рақами: Наманган давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.Т.15.04
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Юнусалиев Элмурод Мухаммадякубович, техника фанлари доктори, доцент;
Хасанов Бахром Баходирович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот номи: Жиззах политехника институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади енгил тўлдирувчили бетонлардан тайёрланган эгилувчи темир бетон элементларнинг деформацияланувчанлиги, дарзбардошлиги ва мустаҳкамлигини тадқиқ этишдан иборат.
III. Диссертация тадқиқотининг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
2200÷2500 кг/м3 оғир бетондаги йирик ва майда тўлдирувчиларни керамзит фракциялари билан комбинациялашган, жумладан 100/0, 90/10, 80/20, 70/30, 60/40, 50/50, 40/60, 30/70, 20/80, 10/90, 0/100 нисбатларда 11 та вариантларда тайёрлаш орқали, янги авлод енгил бетон ҳажмий оғирлигини мақбул 1900÷1950 кг/м3 диапазонда бўлишига эришилган;
таклиф этилган бетоннинг янги авлодида зичликнинг пастлиги, шу билан бирга оғирлигининг нисбатан камлиги, лекин мустаҳкамлигининг юқори эканлиги аниқланган ва мақбул 60/40 меъёрий комбинациядаги таркиби ишлаб чиқилган;
тўсинлардаги нормал дарзларни очилиш кенглиги-аcрc,и ни ҳисоблаш жараёнларида турли хил ҳажмий оғирликдаги бетонлар учун нисбий деформациянинг - εб1,ред қийматлари аниқланган ва асосланган;
ҳажмий оғирликни ва бино умумий массасини 30÷35 % га камайиши ҳисобига, юк кўтарувчи конструксиялардаги арматуралаш фоизини (10÷12 %) пасайиши ҳисобига иқтисодий самарадорликка ҳамда лойиҳалаш жараёнларидаги бинолар зилзилабардошлигини ўртача 1÷1,5 баллга ортишига эришилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Енгил бетондан тайёрланган темирбетон тўсинларнинг кўндаланг эгилишдаги кучланганлик–деформацияланганлик ҳолати, дарзбардошлиги ва мустаҳкамлиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:
енгил тўлдирувчили темирбетон тўсинлар учун бетон таркибининг мақбул миқдорини ҳисоблаш дастури Наманган вилояти Уйчи туманида жойлашган “Жийдакапа индустрия” МЧЖ қошидаги илмий лаборатория томонидан лойиҳалаш ишларида фойдаланиш учун қабул қилинган ва жорий этилган (“Оғирсаноатлойиҳа” институти 2025-йил 25-декабрдаги 8/1298-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳалаш ва ҳисоблаш жараёнларида меҳнат унумдорлиги 10÷15 % га ошган;
илмий тадқиқот натижаларидан Наманган шаҳридаги Чорсу МФЙ ҳудудида қурилган 16-сонли болалар боғчасининг 150 ўринли биноси ҳамда Наманган вилояти Уйчи тумани Навоий МФЙ ҳудудида қурилган 15-сонли болалар боғчасининг 120 ўринли биноси қурилишида фойдаланилган (“ЎзР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 07.01.2026-йилдаги 34-06/148-сон маълумотномаси). Бинонинг массаси енгил бетонлардан фойдаланилганлиги ҳисобига камайиши натижасида сейсмик куч таъсиридаги бинонинг кўчиш ва тебранишлари массага боғлиқ ҳолда нисбатан камайган. Шу билан бирга, бинонинг асосий юк кўтарувчи конструксияларида ҳосил бўладиган зўриқишлар 10÷12% га камайгани аниқланган. Юқоридагиларга асосланиб, енгил бетондан қурилган биноларда металл сарфи камайиб, иқтисодий самарадорликни таъминлаш имконияти яратилган. Тадқиқот объекти сифатида олинган ҳар бир мактабгача таълим муассасаси биносида металл сарфи бўйича иқтисодий самара 12 % ни ташкил этган;
енгил тўлдирувчили бетонлардан тайёрланган эгилувчи темирбетон тўсинларни мустаҳкамликка ҳисоблаш дастури “Юксалиш қурилиш лойиҳа ишлари” МЧЖ лойиҳалаш ишларида жорий этилган (“ЎзР Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 07.01.2026-йилдаги 34-06/148-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳалаш ва ҳисоблаш жараёнларидаги меҳнат унумдорлиги 10÷15% га ортишига эришилган.