Назаров Парход Тажаддиновичнинг
диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD)
илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Олманинг (Малус сиеверсии) абиотик омилларга чидамли навларни яратиш”, 06.01.05 - Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Qx1605.
Илмий раҳбар: Абдуллаева Хилола Равшановна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Илмий-тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг (селекция ютуғи) ихтирога патенти: олманинг Сарапаян нави (НАП 446).
II. Тадқиқотнинг мақсади олманинг стресс омилларига чидамли янги тезпишар, серҳосил, касалликларга бардошли, саноатбоп маҳаллий янги навини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Хоразм вилояти шароитида аналитик селекция усуллари асосида олманинг маҳаллий шакллари орасидан ташқи муҳит омилларига, касалликларга бардошли, тезпишар, серҳосил саноатбоп навини яратиш учун бирламчи ниҳоллар ажратиб олинган, танлаб олинган уруғкўчатлари ҳамда 21 та нав ва шакллари морфо-биологик ва қимматли хўжалик белгилари бўйича комплекс ўрганилиб, қиёсий баҳоланган;
олманинг танлаб олинган C-3 шакл намунасидан республикамиз шимолий минтақаси тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган, юқори ҳосилдор, мева сифати яхши бўлган “Сарапаян” нави яратилган;
янги яратилган Сарапаян навининг қурғоқчилик (0.92 балл) ва иссиқликка чидамлилик (1.03 балл), тупроқ шўрланишига бардошлилик (0,95 балл) бўйича андоза Голден Делишес ва Ренет Симиренко навларидан устунлиги ҳамда калмараз касаллигига чидамлилик бўйича бир хил натижаларни қайд этганлиги аниқланган;
Сарапаян олма нави андоза навларга нисбатан юқори ҳосилдорлик (ўртача 122,9 кг/туп) қайд этганлиги ҳамда йиллар давомида юқори кўрсаткичларни энг ишончли ва барқарор сақлаб қолганлиги (вариация коеффициенти 4,7%) аниқланган ва бу ҳар йили мунтазам ва кафолатланган ҳосил олишни таъминлаши асосланган;
Сарапаян олма нави маҳаллий ва интродуксия қилинган олма навлари билан асосий фенологик фазалари муддатлари ҳамда меваларининг асосий помологик кўрсаткичлари (ўлчами, оғирлиги, шакли) бўйича ўрганилиб, қиёсий баҳоланган ва устунлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Олманинг (Малус сиеверсии) тезпишар, атроф-муҳитнинг ноқулай шароитларига чидамли, юқори ҳосилдор, саноатбоп селексион навини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
олманинг Ўзбекистон Республикасининг шимолий минтақаси шароитларига мослашган, эркин чангланиш йўли билан олинган уруғкўчатлари орасидан “Сарапаян” нави (УЗ НАП 446) яратилган ва 2025-йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк агентлиги” давлат муассасаси томонидан патент олинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар Миллий марказининг 2025-йил 10-майдаги № 05/06-03-186-сон маълумотномаси). Натижада, атроф-муҳитнинг ноқулай шароитларига бардошли, тупроқ шўрланишига чидамли, юқори ҳосилдор, саноатбоп янги нав билан бойитилган;
олманинг янги “Сарапаян” нави Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Хоразм илмий-тажриба станциясида 1,5 гектар майдонда амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар Миллий марказининг 2025-йил 10-майдаги № 05/06-03-186-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур олма нави боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, шунингдек деҳқон ва томорқа ер эгалари учун ташқи омилларга (қурғоқчилик, иссиқлик, шўрланиш) ва касалликларга чидамли, ҳар йили ҳосил бериш имкониятига эга янги олма нави сифатида хизмат қилган;
олманинг янги “Сарапаян” нави Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуп” фермер хўжалигида – 3,5 гектар, “Бекметовлар” фермер хўжалигида – 2,0 гектар, “Гулмира” фермер хўжалигида – 1,0 гектар боғ майдонларида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар Миллий марказининг 2025-йил 10-майдаги № 05/06-03-186-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу фермер хўжаликлари боғларида гектаридан 18-20 тоннадан сифатли олма меваси етиштириш имконини берган.