Эшдавлатов Зарифжон Зафар ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ёриқ – ғовак муҳитда аномал модда кўчириш масалаларини ечиш (Решение задач аномального переноса вещества в трещиновато–пористых средах)”.
01.02.05 – “Суюқлик ва газ механикаси” (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/FM800.
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Хўжаёров Бахтиёр Хўжаёрович, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, физика математика фанлари доктори, профессор
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети, DSc.03/2025.27.12.FM/Т.09.03
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони: Назаров Умарали Абдувахобович, физика математика фанлари доктори, доцент; Джаббаров Мамасоли Содиқович, физика-математика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ёриқ-ғовак муҳитнинг фракталлигини, адсорбсия ҳодисаларини, аномал диффузияни ҳисобга олган ҳолда, ёриқ-ғовак муҳитда моддаларнинг аномал кўчиши ва суюқлик ҳаракатининг математик моделларини такомиллаштириш, шунингдек, масалаларни сонли ечиш учун самарали алгоритмларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
муҳитнинг фракталлигини ҳисобга олган ҳолда модда кўчиши масалалари ечилган ва ёриқ-ғовак муҳитнинг фрактал тузилиши ва аномал модда кўчиш хусусиятларининг жараён динамикаси, консентрация тақсимоти ҳамда кўчиш параметрларига таъсири баҳоланган;
битта ёриқ ва унга қўшни ғовак блокдан ташкил топган ёриқ-ғовак муҳит элементида мувозанат ва номувозанат адсорбсия ҳодисаларини ҳисобга олган ҳолда модданинг аномал кўчиши моделлари каср ҳосилали дифференциал тенгламалар ёрдамида такомиллаштирилган;
фрактал структурали ёриқ-ғовак муҳит элементида модда кўчиши масаласи адсорбсия ҳодисасини ҳисобга олган ҳолда қаралган ҳамда адсорбсия ҳодисаси модда консентрациясининг тақсимланиш жараёнининг умумий секинлашишига, яъни ретардацион эффектларга олиб келиши аниқланган;
ёриқ-ғовак муҳит элементида актив моддаларнинг кўчиришда модданинг тоғ жинси билан кимёвий реакцияси таъсирида ғовак блокнинг ғоваклиги ўзгариши, бу эса кўчиш жараёнларини жадаллаштириши аниқланган;
ёриқ-ғовак муҳитда актив модда кўчиши жараёнида тоғ жинсининг эримайдиган зарралари ажралиб чиқиши натижасида ғовак ва ёриқларнинг колматацияга учраши филтрацион хоссалар ҳамда модда алмашинуви интенсивлигини пасайтириб, актив модданинг муҳит бўйлаб тарқалишини чеклаши ва натижада тоғ жинсининг эриш самарадорлигини сезиларли даражада камайтириши баҳоланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Модда кўчиш жараёнларининг математик моделлари, сонли усуллари ва ёриқ-ғовак муҳит элементидаги аномаликларни ҳисобга олувчи алгоритмлар асосида:
«Аралаш турдаги тенгламалар учун характеристика ва бузилиш чизиғида Франкл ва Бицадзе-Самарский шартлари берилган масалалар корректлигини ноклассик сингуляр интеграл тенгламаларга олиб келиб ўрганиш» (Термиз давлат университети, 2024-йил 17-октябрдаги маълумотнома) фундаментал гранти доирасида чегаравий ва характеристик чизиқларда ноодатий шартли масалаларни ечиш учун каср тартибли хусусий ҳосилали тенгламаларни сонли ечиш алгоритмлари жорий қилинган. Натижада аралаш типдаги тенгламаларнинг сингуляр нуқталари ва синиш чизиқларидаги комплекс шартларни ўрганишда сингуляр интеграл тенгламалар ва каср тартибли дифференциал тенгламалар ечимларини самарали тавсифлаш, шунингдек, синиш чизиғида аралаш типдаги тенгламаларнинг характеристикалари ва Франкл ҳамда Бицадзе-Самарский шартларига эга бўлган масалаларнинг корректлигини самарали ўрганиш, уларни ноклассик сингуляр интеграл тенгламаларга келтириш ва иш, меҳнат сарфини 7% га тежаш имконини берган;
- Ёриқ-ғовак муҳитда модданинг аномал кўчиш жараёнини тавсифловчи каср дифференциал тенгламалар учун масаланинг сонли ечимига ҳисоблаш алгоритми ва дастурий маҳсулот каср дифференциал тенгламалар масаласини ечиш учун Но.ГП-150/2023 грант бўйича тадқиқотларда қўлланилди (Қирол Абдул Азиз университети, Саудия Арабистони, 2025-йил 27-мартдаги маълумотнома). Сонли алгоритм ва дастурий таъминотдан фойдаланиш ер ости қатламларида радиоактив моддаларнинг тарқалишини масофасини башорат қилиш ва кўчган модда миқдорини баҳолаш ҳамда ҳисоблаш вақтини 1,7 марта қисқартириш имконини берган.