Махсудов Қодиржон Солижоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Гипсли бўз тупроқларнинг ҳозирги экологик-мелиоратив ҳолати, биогеокимёси ва унумдорлиги (Жанубий Фарғона мисолида), 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.4.PhD/В1659.
Илмий раҳбар: Юлдашев Ғулом, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, DSc.03/2025.27.12.B.10.07.
Расмий оппонентлар: Абакумов Эвгений Василевич, биология фанлари доктори, профессор;  Собитов Ўлмасбой Тожахмедович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим;
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: гипсли бўз тупроқларнинг хосса-хусусиятларини, таркибидаги кимёвий элементлар ҳамда уларнинг биогеокимёвий хусусиятларини аниқлаш, гипс миқдори ва шакллари, қатлам қалинлиги ва чуқурлигини ҳисобга олган ҳолда гипсли тупроқларни баҳолаш ҳамда улардан самарали фойдаланишнинг илмий асосларини ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Жанубий Фарғона адирларидаги гипсли бўз тупроқларнинг 1985-1986 ва 2025-йиллардаги кўп йиллик қиёсий таҳлиллари натижасида гипс қатламининг вертикал тақсимланиш натижаларига кўра, айрим адир тупроқларида гипс қатламининг бошланиш чуқурлиги нисбатан юзага яқинлашганлиги кузатилган (илгари асосан 32-36 см ва ундан чуқур қатламларда учраган гипс ҳозирги даврда 15-25 см қатламларда қайд этилган), бу ҳолат адир тупроқларида эрозия жараёнлари, тупроқнинг устки қатламининг ювилиши ва тупроқ профилида моддаларнинг қайта тақсимланиши билан боғлиқлиги илмий жиҳатдан асослаб берилган;  
гипсли қатламнинг чуқурлиги, унинг қалинлиги ва гипс миқдори билан тупроқнинг сув-физик хусусиятлари, намлик босими (пФ), намлик коеффициенти (Нк) ва нисбий намлик (Рҳ) кўрсаткичлари ўртасидаги коррелятив боғланиш аниқланган;
гипсли тупроқларда гумус, фосфор ва калий миқдорларининг узоқ муддатли динамикаси илмий жиҳатдан баҳоланиб, 40 йил давомида гумуснинг 28%, фосфорнинг 25%, калийнинг 18% га камайгани аниқланган ҳамда ушбу ўзгариш гипслашганлик даражаси билан боғлиқлиги илмий асосда исботланган;
Жанубий Фарғонадаги Полвонтош, Қува, Қувасой ва Чимён адир тупроқларининг унумдорлик ҳолати бонитировка усули орқали баҳоланган, тадқиқот натижасида бонитет баллари аниқланиб, уларнинг ҳозирги унумдорлик даражаси ва агроекологик тоифалари белгиланган;
гипсли тупроқларда макро ва микроелементларнинг биогеокимёвий хоссалари гипсли қатламнинг қалинлиги ва морфологик типи билан боғлиқ эканлиги илмий жиҳатдан асосланиб, Cа>Ср>Ба>Мн тизимидаги геокимёвий тенденсиялар очиб берилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Гипсли бўз тупроқларнинг хосса-хусусиятлари ва улардан самарали фойдаланишнинг илмий асослари бўйича олинган илмий ва амалий натижалар асосида:
“Жанубий Фарғона адирларида тарқалган гипсли бўз тупроқлар ва улардан самарали фойдаланиш” номли илмий-амалий тавсиянома ишлаб чиқилган ва қишлоқ хўжалиги амалиётида жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 28 январдаги 05/05-04-71-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур тавсиялар гипсли тупроқларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини қайта тиклаш ва улардан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирлар олиб бориш ҳамда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгилашда қўлланма сифатида хизмат қилган; 
Фарғона вилояти Қува туманининг “Қурбон-Боқижон” номли фермер хўжалик учун 1:5000 масштабли гипс қатлам бошланиш чуқурлиги ва гипс қатлам қалинлиги картограммалари тузилган ва адир минтақаси ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2026 йил 28 январдаги 05/05-04-71-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур картографик материаллар массивдаги фойдаланувчи субектлар, агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликларида гипс қатлам бошланиш чуқурлиги ва гипс қатлам қалинлигини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва бошқа агротехник тадбирлар тўғри белгилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish