Обидов Санжар Омонхўжаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон матни
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Акциядорлик жамиятларида капитал баҳосини минималлаштириш”, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит” ихтисослиги бўйича.
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: Б2025.4.PhD/Iqt6068.
Илмий раҳбар: Вахобов Алишер Восиқович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент Кимё халқаро университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент Кимё халқаро университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/2025.27.12.I.29.02 рақамли Илмий кенгаш қошидаги Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Каримов Норбой Ғаниевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Раззаков Жасур Хамрабоевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда акциядорлик жамиятларида капитал тузилмасини оптималлаштириш ва капитал баҳосини минималлаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгиликлари:
капитал тузилмасини оптималлаштириш бўйича корхонанинг қарз ва хусусий капитали ўртасидаги мақбул нисбатни аниқлаш ўртача тортилган капитал қиймати (WАCC) кўрсаткичи асосида баҳолаш таклиф этилган;
солиқ тежамкорлиги натижасида капитал баҳосининг пасайиши ва ортиқча қарз юки орқали юзага келадиган банкротлик риски ўртасидаги мувозанатни аниқлаш ва сақлаш механизми “Трейд–офф” модели негизида асосланган;
корхонанинг реал пул оқимларига таянадиган оптимал левераж даражасини ҳисоблаш орқали максимал қарз юкини белгилаш, жумладан, операсион фаолият натижасида шаклланаётган пул оқимларининг қарз мажбуриятларини қоплаш қобилиятини баҳолаш усули такомиллаштирилган;
корхона томонидан яратилаётган ҳақиқий иқтисодий қийматни баҳолашда солиқдан кейинги операсион фойдадан фойдаланилаётган капитал харажатлари билан молиявий баҳолаш ёндашувининг амалий қўлланиш имкониятлари асосланган.
III. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тадқиқот доирасида ишлаб чиқилган капитал тузилмасини оптималлаштириш ва капитал баҳосини минималлаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
капитал тузилмасини оптималлаштириш бўйича корхонанинг қарз ва хусусий капитали ўртасидаги мақбул нисбатни аниқлаш ўртача тортилган капитал қиймати (WASS) кўрсаткичи асосида баҳолаш таклифи “Ўзсаноатекспорт” АЖ томонидан амалиётга жорий этилган (“Ўзсаноатекспорт” АЖнинг 2025 йил 20 октябрдаги 01-847/36-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида капитал баҳосининг У-шаклли траекторияси ҳисобланган, унинг энг қуйи нуқтаси капитал тузилмасининг оптимал ҳолатини белгилаб бериши натижасида қарз ва хусусий капитал улуши 0,3–0,4 оралиғида шаклланганда капитал баҳосининг минимал даражага тушиши таъминланди.
солиқ тежамкорлиги натижасида капитал баҳосининг пасайиши ва ортиқча қарз юки орқали юзага келадиган банкротлик риски ўртасидаги мувозанатни аниқлаш ва сақлаш механизми “Трейд–офф” модели орқтали такомиллаштириш таклифи “Ўзсаноатекспорт” АЖ томонидан амалиётга жорий этилган (“Ўзсаноатекспорт” АЖнинг 2025 йил 20 октябрдаги 01-847/36-сонли маълумотномаси). Ушбу модел асосида солиқ қалқонидан олинадиган фойда, қарз юки ортиши билан боғлиқ молиявий қийинчиликлар хавфи ўртасида оптимал нуқта аниқланди, капитал таркиби корхона умумий қийматини максималлаштирадиган ҳолатга келтирилди.
корхонанинг реал пул оқимларига таянадиган оптимал левераж даражасини ҳисоблаш орқали максимал қарз юкини белгилаш, яъни операсион фаолият натижасида шаклланаётган пул оқимларининг қарз мажбуриятларини қоплаш қобилиятини баҳолаш таклифи “Ўзсаноатекспорт” АЖ томонидан амалиётга жорий этилган (“Ўзсаноатекспорт” АЖнинг 2025 йил 20 октябрдаги 01-847/36-сонли маълумотномаси). Натижада, қарз мажбуриятларини жалб этиш ҳажми корхонанинг операсион фаолиятидан шаклланаётган пул оқимлари билан боғлаб баҳоланди, ЭБИТ кўрсаткичининг 4 баробаригача қарз жалб этиш шароитида капитал баҳосини минималлаштириш имконияти мавжудлиги аниқланди.
корхона томонидан яратилаётган ҳақиқий иқтисодий қийматни баҳолашда солиқдан кейинги операсион фойдани фаолиятда фойдаланилаётган капитал харажатлари билан таққослашга асосланган ЭВА-асосли молиявий баҳолаш бўйича таклифи “Ўзсаноатекспорт” АЖ томонидан амалиётга жорий этилган (“Ўзсаноатекспорт” АЖнинг 2025 йил 20 октябрдаги 01-847/36-сонли маълумотномаси). Мазкур ёндашув солиқдан кейинги операсион фойдани фаолиятда фойдаланилаётган капитал харажатлари билан таққослаш орқали иқтисодий қиймат шаклланиш даражасини баҳолаш имконини берди. Амалий қўллаш натижасида қарз ва хусусий капитал нисбати мақбул тарзда шакллантирилиб, капитал баҳосини минимал даражага туширишга эришилди.