Медетова Кундуз Муратовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Ходимларнинг билим даражасини баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими учун алгоритмлар ва дастурий модулларни ишлаб чиқиш”, 05.01.04 – “Ҳисоблаш машиналари, мажмуалари ва компютер тармоқларининг математик ва дастурий таъминоти” ихтисослиги (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: №Б2024.3.PhD/Т4867
Илмий раҳбар: Маришева Лариса Тимофеевна, техника фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.09/2025.27.12.Т.01.01.М.
Расмий оппонентлар: Кабулов Анвар Василович, техника фанлари доктори, профессор;
Артикова Муаззам Ахмедовна, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ходимлар билим даражасини баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими учун моделлар, гибрид алгоритмлар ва дастурий модулларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жавобларнинг эҳтимоллик таҳлили, вақт кўрсаткичлари ва очиқ жавобларнинг семантик баҳосини ягона интеграл билим кўрсаткичи асосида бирлаштирувчи билимларни баҳолаш модели таклиф қилинди;
вектор тасвирларнинг косинусли ўхшашлиги асосида очиқ жавобларни автоматлаштирилган баҳолаш модели ишлаб чиқилди;
топшириқ параметрларини уларнинг метамаълумотлари асосида автоматик калибрлаш механизми таклиф қилинди;
ахборотлилик мезонини максималлаштириш асосида топшириқларни танлаш ва ходимнинг шахсийлаштирилган компетенсиялар профилини шакллантиришни амалга оширувчи адаптив тестлаш алгоритми ишлаб чиқилди.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Тадқиқот натижалари турли ташкилотларнинг амалий фаолиятига муваффақиятли жорий этилган бўлиб, бу уларнинг самарадорлиги ва аҳамиятини тасдиқлайди:
фойдаланувчи жавобларининг тузилиши ва динамик хусусиятларини таҳлил қилиш асосида билимларнинг интеграл баҳосини шакллантирадиган баҳолаш модели «Insight Solutions» компаниясига интеграция қилинган (Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2025–йил 6–августдаги № 34–8/5530–сонли маълумотнома). Натижада билимларни баҳолашнинг ўртача аниқлиги 11,7% га ошди, тестлашнинг ўртача вақти 4,3 дақиқага қисқарди.
очиқ жавобларнинг мазмуни, тузилиши ва тўлиқлигини баҳолашни ўз ичига олган очиқ жавобларни таҳлил қилиш модели «МД Софт» ташкилотининг ҲР–платформаларига жорий этилган (Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2025–йил 6–августда берилган № 34–8/5530–сонли маълумотнома). Ушбу моделни қўллаш матнли маълумотларни умумий баҳолаш механизмида ҳисобга олишни таъминлади ва кадрларни танлаш ҳамда ривожлантириш тизими самарадорлигини ошириш имконини берди;
бундан ташқари, тадқиқот натижалари Оʻзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қошидаги Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига жорий этилган (Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2025–йил 6–августда берилган № 34–8/5530–сонли маълумотнома). Меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш доирасида таклиф этилган билимларни баҳолаш усуллари ва адаптив тестлаш алгоритмлари 2022–йил 28–октябрдаги № УРК–798–сонли Қонун қоидаларини амалга оширишга доир методик тавсияларда ҳисобга олинган;
тадқиқот давомида ишлаб чиқилган дастурий модуллар «Скиф Про» компаниясида синовдан ўтказилган ва интеграция қилинган (Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2025–йил 6–августда берилган № 34–8/5530–сонли маълумотнома). Натижада билимларни баҳолаш аниқлиги ошди, тестлаш ва аттестация харажатлари ҳамда хатолар сони 0,7% га камайди, ходимларнинг фаоллиги 14% га ошди.