Имомниёзов Дониёрбек Бахтиёр ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: “Давлат мулкини хусусийлаштиришни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш”, 12.00.03 – Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Yu2210.
Илмий раҳбар: Топилдиев Бахромжон Раҳимжонович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.03.
Расмий оппонентлар: Аминжанова Матлуба Аҳмедовна, юридик фанлар доктори, профессор, Боротов Миродил Хомуджонович юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади давлат мулкини хусусийлаштириш билан богʻлиқ илмий-назарий ҳамда амалий муаммоларни аниқлаш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
давлат мулкини хусусийлаштириш муносабатлари давлат мулкини реализация қилишга қаратилган комплекс ҳуқуқий муносабат эканлиги, улар ягона ҳуқуқ тармоғи доирасида эмас, балки дастлабки босқичда маъмурий-ҳуқуқий тартибда ташкил этилиб, якуний босқичда фуқаролик-ҳуқуқий асосда амалга ошириладиган икки босқичли ҳуқуқий механизмни ифодалаши эканлиги асослантирилган;
“Самарали мулкдор” тушунчасининг доктринал модели ишлаб чиқилиб, хусусийлаштириш якунида аниқланадиган ғолиб субъект фақат энг юқори нарх таклиф қилувчи эмас, балки мулкни бошқариш ва ундан барқарор натижа олишга қодир шахс сифатида талқин этилиши, ҳамда айнан шундай субъект билан электрон олди-сотди шартномасининг тузилиши жараённинг шаффофлиги, ҳуқуқий аниқлиги ва натижаларни тезкор расмийлаштиришни таъминлаш заруратидан келиб чиқиши асослантирилган;
хусусийлаштириш жараёнида тузиладиган олди-сотди шартномасининг муҳим шартлари (тарафларнинг идентификацияси, тўлов миқдори, тартиби ва муддатлари, мажбуриятлар ҳамда жавобгарлик)нинг аниқ белгиланиши зарурлиги, ушбу элементларнинг шартномага киритилиши хусусийлаштириш натижаларини ҳуқуқий жиҳатдан аниқ расмийлаштириш, шартномавий аниқликни таъминлаш ҳамда низоларни олдини олишга хизмат қилиши асослантирилган;
маданий мерос ва бошқа ижтимоий, тарихий ҳамда экологик аҳамиятга эга обектларга нисбатан “жамоат манфаати учун чекланган мулк ҳуқуқи” консепсияси ишлаб чиқилиб, бундай обектларнинг хусусийлаштирилмаслиги ёки уларга нисбатан мулк ҳуқуқи сақланган тақдирда ҳам жамоат манфаатлари асосида қатъий ҳуқуқий чекловлар қўлланилиши, бу орқали уларнинг бегоналаштирилишининг олдини олиш, жамоат манфаатлари устуворлигини таъминлаш ҳамда миллий ва табиий бойликларни асраб қолиш зарурлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзуни ўрганиш асосида:
давлат мулкини хусусийлаштириш – давлат мулкини “Давлат мулкини хусусийлаштирш тўгʻрисида|”ги Қонунда назарда тутилган тартибда жисмоний ва нодавлат юридик шахсларга реализация қилиниши Давлат мулкини хусусийлаштирш тўгʻрисида|”ги Қонуннинг 3-моддасини тайёрлашда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2024-йил 16-апрелдаги 05-10/1560-сонли маълумотномаси). Ушбу таклиф моҳиятан ҳуқуқий атамани қонуний таърифга яқинлаштириш ва норматив-ҳуқуқий тизимда изчиллик яратиш мақсадига хизмат қилади;
давлат мулкини хусусийлаштириш якунида гʻолиб билан электрон олди-сотди шартномаси тузилиши Давлат мулкини хусусийлаштирш тўгʻрисидаги Қонуннинг 30-моддаси биринчи қисмини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2024-йил 16-апрелдаги 05-10/1560-сонли маълумотномаси). Мазкур таклиф хусусийлаштириш жараёнининг шаффофлиги, ҳужжатлаштиришнинг ҳуқуқий аниқлиги ва савдо натижаларининг реал вақт режимида расмийлаштирилишини таъминлашга хизмат қилади;
шартномада тарафларнинг номи ва манзили, шартномани тузиш учун асос, сотиб олиш тўловини амалга ошириш миқдори, тартиби ва муддатлари, тарафларнинг мажбуриятлари, шартномада кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаганлиги ва ўз вақтида бажарилмаганлиги юзасидан тарафларнинг жавобгарлиги ва бошқа шартлар киритилиши ҳақидаги таклифи Давлат мулкини хусусийлаштирш тўгʻрисидаги Қонуннинг 30-моддаси учинчи қисмини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2024-йил 16-апрелдаги 05-10/1560-сонли маълумотномаси). Ушбу таклиф олди-сотди шартномасида тарафларнинг тўлиқ идентификацияси, тўлов шартлари, мажбуриятлар ва жавобгарлик каби муҳим элементларнинг кўрсатилиши, хусусийлаштириш натижаларини аниқ ҳуқуқий асосда расмийлаштириш, тарафлар ўртасида шартномавий аниқликни таъминлаш ҳамда кейинчалик низолар юзага келишининг олдини олишга хизмат қилади;
хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки обектлари қаторига моддий маданий мерос обектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан табиат боғлари, миллий боғлар ва ботаника боғлари, шунингдек скверлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, сайилгоҳлар кириши кераклиги ҳақидаги таклифидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошисига ўзгартириш киритишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 29-декабрдаги №3/ХДФУ-11-сонли далолатномаси). Мазкур таклиф давлат мулки таркибидаги ижтимоий, тарихий ва экологик аҳамиятга эга обектларни хусусийлаштиришдан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Хусусан, у маданий мерос обектлари, архив ҳужжатлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сақланишини таъминлаш, уларнинг тижорий манфаатлар йўлида бегоналаштирилишининг олдини олиш ҳамда жамоат манфаатлари устуворлигини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлашга қаратилган. Шу орқали келажак авлодлар учун миллий бойликларни асраб қолиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва маданий қадриятларнинг узлюксизлигини сақлаш имконияти яратилади.