Абулхайров Рустамхон Ибодуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Портлашдан кейин кўздан кечириш жараёнини такомиллаштириш”, 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси ихтисослиги (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.2.PhD/Yu1088.
Илмий раҳбар: Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/2025.27.12.Yu.01.04.
Расмий оппонентлар: Тулаганова Гулчехра Захитовна, юридик фанлар доктори, профессор; Хусанов Анвар Джумабаевич, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади портлашдан кейин кўздан кечириш жараёнини такомиллаштириш юзасидан илмий-назарий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва тергов амалиётини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: портлаш ҳодисаси билан боғлиқ ҳодисалар, яъни газ, электр, сувни сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлган ҳолатлар учун алоҳида жавобгарлик белгилаш зарурлиги асосланган;
ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар бўйича тергов ҳаракатларини, жумладан, кўздан кечиришни холисларсиз ўтказишга йўл қўйилиши, бироқ бундай тергов ҳаракатлари фотосуратга ва видеоёзувга олиниши шартлиги, зарур ҳолларда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор (шунингдек, прокурор-криминалист) ёки суд кўздан кечириш чоғида ўлчов ўтказиши, фотосуратга, кинотасвирга, видеоёзувга тушириши, режалар, схемалар, чизмалар тузиши, излардан қолиплар ва нусхалар ҳамда намуналар олиши лозимлиги, оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса жойини кўздан кечириш ҳамда далилларни аниқлаш ва олишда прокурор (шунингдек, прокурор-криминалист)нинг бевосита қатнашиши мумкинлиги асосланган;
омборларда ҳамда ишлаб чиқариш бино ва иншоотларида кимёвий маҳсулотлар билан амалга ошириладиган ишлар портлашлардан ҳимояланган ҳамда учқун чиқармайдиган воситалар ва жиҳозлардан фойдаланган ҳолда бажарилиши, обектлар ёнғин ва саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлиши асосланган;
портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарни ишлатиш қоидалари ўрнатилган тартибда белгиланиши, асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлиги техник ҳужжатларда белгиланган доирада таъминланиши, портлаш пайдо бўлишининг барча хавфли омиллари ҳисобга олиниши ва портлашга хавфли муҳитнинг алангаланиш манбалари аниқланган бўлиши, хавфли омилларни баҳолашда ҳисобга олган ҳолда портлаш муҳитида фойдаланиш учун асбоб-ускуналарни портлашдан ҳимоя қилишни таъминлаш усуллари танланиши кераклиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. Портлашдан кейин кўздан кечириш жараёнини такомиллаштиришни илмий тадқиқ этиш натижалари асосида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 14-майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3723-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси” асосида ишлаб чиқилаётган Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси 2572-моддасини (Газ, электр, сувдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ишлаб чиқишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Қонунийлик ва ҳуқуқ тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармасининг 2025-йил 16-январдаги 27/2-9-25-сон далолатномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши газ, электр ва сув хўжалиги соҳасида оғир оқибатлар келиб чиққан, ҳозирги вақтда тартибга солинмаган портлаш ва шунга ўхшаш бошқа ҳодисалар учун жавобгарлик чораларини белгилашга хизмат қилади;
ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар бўйича кўздан кечириш ва бошқа тергов ҳаракатларини холисларсиз ўтказишга йўл қўйилиши, бироқ бундай тергов ҳаракатлари фотосуратга ва видеоёзувга олиниши шарт эканлиги, кўздан кечириш чоғида излардан намуналар олиш лозимлиги, оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса жойини кўздан кечириш ҳамда далилларни аниқлаш ва олишда прокурор (шунингдек, прокурор-криминалист)нинг бевосита қатнашиши мумкинлиги ҳақидаги таклифлари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 73-моддасини учинчи қисм билан тўлдириш, 136-моддаси биринчи, иккинчи қисмларини, 137-моддаси учинчи қисмини янги таҳрирда ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 12-мартдаги 3/дн-52-сон далолатномаси, 2-банд, 2, 4-6-кичик бандлар). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши прокуратура органларининг назорат функсиясини мустаҳкамлашга, тергов ҳаракатларини соддалаштириш ва замонавий техник воситалардан самарали фойдаланишга, далилларни йиғиш ва сақлаш жараёнини такомиллаштиришга, оғир жиноятлар бўйича тергов сифатини ошириш ва далилларни тўғри йиғишни таъминлашга хизмат қилади;
омборларда ҳамда ишлаб чиқариш бино ва иншоотларида кимёвий маҳсулотлар билан амалга ошириладиган юк кўтариш ва тушириш ишлари портлашлардан ҳимояланган ҳамда учқун чиқармайдиган воситалар ва жиҳозлардан фойдаланган ҳолда бажарилиши кераклиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кимёвий моддаларни сақлаш, ташиш, улардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш соҳасида ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддаларни сақлаш ва улардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун обектнинг (омборнинг) ҳамда ишлаб чиқариш бино ва иншоотининг ёнғин ва саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан хулоса бериши ҳақидаги таклифларидан “Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш соҳасидаги фаолиятини назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг (Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 7-мартдаги 121-сон қарори қабул қилинган) 14-, 30-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 4-декабрдаги 42-сон далолатномаси 1-банди). Ушбу таклифнинг жорий этилиши омборларда кимёвий маҳсулотлар билан ишловчи фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлашга хизмат қилади;
шунингдек, портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарни ишлатиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ўрнатилган тартибда белгиланиши, асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлиги нормал иш шароитида ва ундан фойдаланиш шартларни ҳисобга олган ҳолда техник ҳужжатларда белгиланган оғишлар доирасида таъминланиши кераклиги, асбоб-ускуналарни конструксиялаш пайтида портлаш пайдо бўлишининг барча хавфли омиллари ҳисобга олинган ва портлашга хавфли муҳитнинг алангаланиш манбалари аниқланган бўлиши кераклиги, хавфли омилларни баҳолашни ҳисобга олган ҳолда портлаш муҳитида фойдаланиш учун асбоб-ускуналарни портлашдан ҳимоя қилишини (портлашдан ҳимоя қилиш турлари) таъминлаш усуллари танланиши кераклиги ҳақидаги таклифларидан “Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисида Техник регламент”нинг (Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 6-январдаги 2-сон қарори қабул қилинган) 4, 8, 15-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 4-декабрдаги 42-сон далолатномаси 2-банди). Ушбу таклифнинг жорий этилиши портлаш хавфи бўлган муҳитларда содир бўлиши мумкин бўлган бахциз ҳодисаларни олдини олади ва портлаш муҳитида фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни портлашдан ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.