Пардаев Зокир Элмуродовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Иссиқлик электр марказларида иссиқлик ташламаларидан самарали фойдаланиш тизимини ишлаб чиқиш (Муборак иссиқлик электр маркази мисолида)”, 05.05.04 – “Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисослиги бўйича.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2.PhD/Т5684
Илмий раҳбар: Хужакулов Сайдулла Мирзаевич, техника фанлари фалсафа доктори (PhD) профессор.  
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат техника университети, PhD. 03/2025.28.11.Т.17.01. рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Комилов Аслиддин Ғуломович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Сатторов Бобоназар Нуфтиллаевич, техника фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Энергетика муаммолари институти.
Диссертация иши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади иссиқлик электр марказининг тез ҳаракатланадиган редуксион совитиш қурилмаси иссиқлик ташламасини рекуперациялаш усулини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
иссиқлик электр марказидаги тез ҳаракатланадиган редуксион совитиш қурилмасининг юқори потенсиалли сув буғи туридаги иссиқлик ташламаларини рекуперация қилиш ва сув буғининг иссиқлигидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш усули ишлаб чиқилган; 
тез ҳаракатланадиган редуксион совитиш қурилмасидаги юқори потенсиалли иссиқлик ташламаларини бир вақтнинг ўзида рекуперациялаш ва полимер маҳсулотларини термик қайта ишлаш асосида энергетик қийматга эга бўлган қатрон (смола), суюқ ва газсимон маҳсулотларни олиш имконини берадиган технологик схема ишлаб чиқилган (ФАП 2932); 
қиздирувчи буғ ва совитувчи сув сарфига боғлиқ ҳолда, редуксияланган буғ сарфи ўзгариши билан тез ҳаракатланадиган редуксион-совитиш қурилмасининг иссиқлик ташламалари миқдорини аниқлаш имконини берадиган материал-иссиқлик баланси тенгламаларига асосланган математик модел ишлаб чиқилган;
пиролиз реактори қувурида ҳаракатланаётган қиздирувчи буғнинг турли тезликларида буғнинг ҳарорати, босими ва оқим тезлигини қиздирувчи қувурнинг узунлиги бўйлаб ўзгаришини назарий тадқиқот қилиш имконини берадиган турбулентликнинг к-ε моделига асосланган математик модел ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Иссиқлик электр марказининг иссиқлик ташламаларидан самарали фойдаланиш тизимини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
иссиқлик электр марказининг  тез ҳаракатланадиган редуксион совитиш қурилмаси иссиқлик ташламаларидан фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган тизимнинг  технологик схемалари “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Муборак ИЕМ филиалида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги “Иссиқлик электр станциялари” АЖ нинг 2025-йил 28-февралдаги №02-15/397-сонли маълумотномаси). Натижада, иссиқлик электр маркази технологик тизимига пиролиз қурилмасидан фойдаланиш асосида йиллик 21600 кг полиетилен чиқиндиларини хавфсиз утилизация қилиш имконияти яратилган;
иссиқлик электр марказида тез ҳаракатланадиган редуксион совитиш қурилмасидаги юқори потенсиалли иссиқлик ташламаларини бир вақтнинг ўзида рекуперациялаш ва полимер маҳсулотларини термик қайта ишлаш асосида, энергетик қийматга эга бўлган қатрон (смола), суюқ ва газсимон маҳсулотларни олиш имконини берадиган технологик схема ишлаб чиқилган ҳамда йилига ўртача 657 м3 пиролиз гази, 24090 литр пиролиз суюқлиги ҳамда 657 кг пиролиз қатрони олишга эришилган, натижада 4,36 млн кВт∙соат электр энергияси ёки 767,7 тонна шартли ёқилғи тежалган (Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги “Иссиқлик электр станциялари” АЖ нинг 2025-йил 28-февралдаги №02-15/397-сонли маълумотномаси). Натижада, йиллик иқтисодий самарадорлик 164 712 354 млн сўмни ташкил этган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish