Атаназарова Шохида Бахрамовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Реклама матнида перлокуция ва иллокуция (инглиз ва ўзбек тиллари мисолида)”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/Fil4615.
Илмий раҳбар: Хамроева Шаҳло Мирджановна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат чет тиллари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат чет тиллари институти, DSc.03/2025.27.12.Fil.32.02.
Расмий оппонентлар: Шахабитдинова Шохида Хошимовна, филология фанлари доктори, профессор; Курбанов Элбек Элмурадович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларида реклама матнида иллокуция ва перлокуция хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
реклама матни нутқий акт назарияси асосида комплекс тарзда таҳлил қилиниб, унда иллокуция реклама берувчининг стратегик коммуникатив нияти ва мақсадли йўналтирилган таъсирини ифодаловчи асосий компонент, перлокуция эса адресат онгида юзага келадиган когнитив, эмоционал ва хулқий реакциялар мажмуйи сифатида талқин қилиниб, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ягона лингвопрагматик модел доирасида асосланган;
инглиз ва ўзбек тили реклама матнларида иллокутив ва перлокутив актларни ифодаловчи лексик, морфологик ва синтактик воситалар мажмуйи аниқланиб, функсионал-семантик жиҳатдан тизимлаштирилган, ушбу воситаларнинг реклама матнида таъсирчанликни кучайтириш, аудиторияни ишонтириш ва ҳаракатга ундашдаги ўзаро интеграциялашган роли далилланган;
инглиз ва ўзбек реклама дискурси қиёсий-прагматик аспектда ўрганилиб, инглиз тилида индивидуаллик, тўғридан-тўғри ва тезкор таъсир стратегияларининг устуворлиги, ўзбек тилида эса миллий-маданий қадриятлар, ижтимоий муносабатлар ва билвосита таъсир механизмларига асосланган коммуникатив стратегияларнинг етакчилиги аниқланиб, уларнинг фарқловчи лингвопрагматик хусусиятлари очиб берилган;
сунъий интеллект, маиший хизмат ва таълим йўналишидаги реклама матнлари асосида реклама дискурсида иллокуциядан перлокуцияга ўтишнинг босқичли прагматик механизми (коммуникатив ният ‒ лингвистик воситалар орқали ифодалаш ‒ адресат онгига таъсир ‒ хулқий реакцияга ундаш) модели ишлаб чиқилиб, мазкур моделнинг амал қилиш қонуниятлари реал тил материаллари асосида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Реклама матнида иллокуция ва перлокуция (инглиз ва ўзбек тиллари мисолида) мавзусида олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:
диссертацияда реклама матнида нутқий актларнинг ифодаланиш усуллари, уларнинг лингвистик хусусиятларини автоматик таҳлил қилиш, таснифлаш ва тил таълимида таълимий ресурсларни шакллантириш воситаси сифатида қўллашга доир хулосаларидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 2020-2023-йилларда бажарилган АМ-Ф3-201908172. “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2025-йил 15-апрелрдаги 01/4-1391-сонли маълумотномаси). Натижада ўзбек тилидаги ижобий/салбий/бетараф сўзлар ўқув луғати”ни яратишда муҳим манба хулосалари асосида чиқарилган таклиф ва тавсияларнинг амалиётга тадбиқ этилиши юзасидан эришилган ижобий натижалар амалий лойиҳа доирасида электрон платформа, назарий ва амалий материаллар тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилган;
диссертацияда инглиз тили реклама матнида иллокуция ва перлокуцияни ифодаловчи лексик, морфологик воситалар, синтактик қурилмалар ва уларнинг вазифалари, шунингдек, ўзбек тилида қолдирилган ижтимоий тармоқ шарҳларини ижобий, салбий ва бетараф тарзида уч гуруҳга ажратиш, бу орқали фойдаланувчилар фикрини ўрганиш, хизмат сифатини яхшилаш ҳамда вақт сарфини қисқартиришда асосий восита сифатида қўллашга доир хулосаларидан Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Ғўзанинг Орол бўйи тупроқ-иқлим шароитига мос, тола сифати жаҳон талабларига жавоб берувчи ҳамда юқори тола чиқимига эга маҳаллий навларни яратиш ва давлат нав синовига бериш” мавзусидаги 2023-2024 йилларга мўлжалланган илмий-амалий лойиҳасида белгиланган вазифаларга кўра лойиҳа мутахассислигига оид илмий адабиётларни таржима қилишда фойдаланилди (Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 13-майдаги 36/11-32-сонли маълумотномаси). Натижада ўзбек тилида ижобий, салбий ва бетараф сўзлар бўйича ўқув луғатини яратишда асосий манбалар асосида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни амалда қўллаш натижасида муваффақиятли натижаларга эришилди. Ушбу ютуқлар лойиҳа доирасида электрон платформа ва назарий-амалий материаллар ишлаб чиқаришда муҳим ресурс сифатида хизмат қилган.
диссертацияда дунё тилшунослигида турли тизимли тилларда реклама матнида перлокуция ва иллокуцияни ифодаловчи воситаларни тадқиқ этиш, инглиз тилида сунъий интеллект соҳаси, маиший хизмат ва маркетингга оид реклама матнлари мисолида иллокуция ва перлокуциянинг ифодаланиш хусусиятларини ўрганиш, реклама соҳаси терминологик луғатларини ишлаб чиқиш ҳамда турли тизимли тилларда соҳа терминларининг эквивалентлигини ўрганиш масалалари ёритилган. Ушбу масалаларнинг долзарблигига доир хулосалар Давлат техник дастурлари доирасида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Қорақалпоғистон маҳаллий қовун навлари генефондини ташкил этиш ва экспортбоб навларининг элита уруғларини тезкор усулда этиштириш” мавзусидаги 2023-2025 йилларга мўлжалланган илмий-инновацион лойиҳасида белгиланган вазифаларга кўра лойиҳа мутахассислигига оид илмий адабиётларни таржима қилишда фойдаланилди (Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-йил 13-майдаги 36/11-36-сонли маълумотномаси). Натижада тадқиқот хулосалари асосида чиқарилган таклиф ва тавсияларнинг амалиётга тадбиқ этилиши юзасидан эришилган ижобий натижаларидан амалий лойиҳа доирасида электрон платформ, назарий ва амалий материалллар тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилган.
диссертацияда ўзбек тили реклама матнининг лингвистик ва структур белгилари, маиший ва таълим мавзусидаги реклама матнларида иллокуция ва перлокуцияни ифодаловчи лексик, морфологик воситалар ҳамда синтактик қурилмалар таҳлил қилинган. Реклама матнларининг иллокутив ва перлокутив хусусиятларини билиш лингвистик экспертиза ўтказиш, реклама матнларининг қонунчиликка мувофиқлигини текшириш учун ҳам муҳим эканлиги бўйича илмий хулосалар Қорақалпоғистон телерадиоканалининг “Ҳаял ҳам жамиет” дастурида ҳар бир соҳа учун алоҳида терминологик бир тилли ва кўп тилли луғатлар ишлаб чиқишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси телерадиоканалининг 2025-йил 5-майдаги 2264-сонли маълумотномасига мувофиқ). Натижада, иллокуция (сўзловчининг нияти) ва перлокуцияни (тингловчига таъсири) ўрганиш реклама таъсирининг яширин механизмларини очиб беришга хизмат қилган. Реклама матнининг лингвистик хусусиятларини тадқиқ этиш лингвистиканинг прагмалингвистика, матн лингвистикаси ва маданиятлараро мулоқот каби бўлимларининг ривожланишига амалий ҳисса қўшиши масалалари диссертацияда атрофлича ёритиб берилган.