Туйчиев Тимур Ортиковичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Пахтани тозалаш ва регенерациялашнинг такомиллаштирилган технологиясини илмий асослари” мавзусидаги диссертация ишини 05.06.02 – “Тўқимачилик материаллари технологияси ва хомашёга дастлабки ишлов бериш” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2026.1 DSc/Т910.
Илмий маслаҳатчи: Рўзметов Рахматжон Ибодуллаевич, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, DSс.03/2025.27.12.Т.21.01.
Расмий оппонентлар: Жуманиязов Қадам Жуманиязович, техника фанлари доктори, профессор; Мухаммадиев Давлат Мустафоевич, техника фанлари доктори, профессор; Саримсаков Олимжон Шарипжонович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Жиззах политехника институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: пахтани бир маромда титилган ҳолда тозалагичларга таъминлаш, пахта бўлакчаларининг эшилишини ва маҳсулот йўқолишини камайтирган ҳолда тозалагичлар ва регенераторнинг самарадорликларини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
шахта тўплагичда пахта оқимининг босимини зичлиги ва массасига боғлиқлик ифодаси қурилиб, ундаги пахта зичлигини оширмасдан тозалаш жараёнига узатиш имкониятини берувчи такомиллаштирилган шахта тўплагич деворининг қиялик бурчаги ва унинг энини оптимал қийматлари аниқланган;
пахтани тозалаш технологиясига бир маромда узлуксиз таъминлаш имкониятини берувчи таъминловчи валиклар конструкциясининг параметрлари, пахтани тозалаш зонасига тушишидан олдин қозиқчали-планкали барабанларнинг юқори қисмида алоҳида бўлакчаларга ажратиб, пахтани тозалашга тайёрлаш технологияси ишлаб чиқилган;
шнекли тозалагичда пахта оқимининг ҳаракатини ифодаловчи дифференциал тенгламаси қурилиб, шнек қозиқчаларининг қиялик бурчагини қиймати ва уларни шнек перосининг икки томонига ўрнатилиши ифлосликлар ажралишини жадаллаштириши аниқланган;
майда ифлосликлардан тозалаш технологиясининг шнекли тозалагичида пахта бўлакчаларини эшилишини ва ускунанинг тозалаш самарадорлигини шнек қозиқчаларининг қиялик бурчагига боғлиқлик графиклари қурилиб, эшилганлик даражасини камайтирувчи шнек қозиқчаларининг рационал қийматлари аниқланган;
чўткали барабандан отиб берилган ифлослик аралашган пахта бўлакчаларини йўналтиргич таъсири натижасидаги ҳаракатланишини йўналтиргичнинг оралиқ масофаси ва оғиш бурчакларига боғлиқлик ифодаси қурилиб, йўналтиргичлар сони ва қиялик бурчаклари аниқланган;
кичик квадратлар усул ёрдамида қурилган регрессион моделлар асосида йирик ифлосликлардан тозалаш технологиясида ифлосликларга қўшилиб ажралган пахта бўлакчаларини регенерациялашда маҳсулот йўқолишини камайтирувчи регенераторнинг рационал қийматлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Пахта тозалаш ускуналарининг тозалаш самарадорлигини ошириш имкониятини берувчи таъминлагич ва пахтани тозалаш жараёнига тайёрлаш технологияси, толани эшилишини камайтирувчи тозалагич ва регенерациялаш ускунаси бўйича ишлаб чиқилган илмий натижалар асосида:
шахта-тўплагичнинг шакли тўғри тўртбурчак ва эни 240 мм, қозиқчали таъминловчи валиклар ўрнатилган пахта тозалаш машинаси Ўзбекистон Республикаси “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг тасарруфига кирувчи ТСТ АГРО кластер таркибидаги Мустақилик пахта тозалаш корхонасида тадбиқ этилган (“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг 2026-йил 28-февралдаги 01/06-600-сонли маълумотномаси). Натижада пахта тозалаш ускунасининг тозалаш самарадорлигини 5,5÷6,2% га ошириш ҳисобига толанинг ифлослик ва нуқсонлар миқдорини 0,4÷0,8 %гача камайтиришга эришилган;
пахта бўлакчаларини эшилишини камайтириш ҳисобига майда ифлосликлардан тозалаш самарадорлиги юқори бўлган шнекли тозалаш ускунасининг такомиллаштирилган конструкцияси Фарғона вилояти “Коста лине ҳолдинг” МЧЖ га қарашли “Риштон пахта тозалаш” корхонасига жорий қилинган (“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг 2026-йил 28-февралдаги 01/06-600-сонли маълумотномаси). Натижада, ускунанинг тозалаш самардорлиги 8,3 % га оширишга ва пахтани эшилганлигини 5,1 %га камайтиришга эришилган;
тавсия этилаётган пахта регенераторида ифлос аралашмалар таркибидаги пахтани беш марта тозалаш имконини берувчи самарадорлиги юқори бўлган ускуна ТСТ АГРО кластер таркибидаги Мустақилик пахта тозалаш корхонасида жорий этилган (“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг 2026-йил 28-февралдаги 01/06-600-сонли маълумотномаси). Натижада ускунанинг регенерациялаш самарадорлигини 5,5 %га, тозалаш самардорлигини 13 %га ошишига ва маҳсулот юқолишини 5 %га камайиши ҳисобига толанинг синфини кўтарилишига ҳамда маҳсулот ҳажмини ошишига эришилди.