Абдуллаева Мадина Абдилбори қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи: “Модернизация жараёнларининг Кўрфаз араб монархиялари ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсири” (Влияние процессов модернизации на социально-политическую жизнь Арабских Монархий Залива)”, 23.00.04 – Халқаро муносабатлар, жаҳон ва минтақа тараққиётининг сиёсий муаммолари.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/Ss488
Илмий раҳбар: сиёсий фанлар номзоди, доцент Баҳодиров Мурад Маҳмудович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи ва рақами: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, DSc.11/25.08.2022.S.24.02
Расмий оппонентлар: Хайдаров Абдусамат Ахатович — сиёсий фанлар доктори, профессор; Каримов Фарход Эркинович — сиёсий фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Диссертация йўналиши: сиёсий фанлар.
II. Тадқиқот мақсади: Кўрфаз араб монархияларидаги модернизация жараёнларини институционал ва ташқи сиёсат жиҳатларидан ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг жамиятларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини ўзгартиришга ва давлатларнинг ташқи сиёсий мавқеига таъсирини аниқлаш, шунингдек, ушбу тажрибанинг тегишли элементларини Марказий Осиё ва Ўзбекистон Республикаси шароитига танлаб мослаштириш имкониятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
1. Кўрфаз араб монархияларида модернизация жараёнларини “бошқариладиган пострент трансформация” сифатида талқин этишнинг консептуал асоси ишлаб чиқилган. Ушбу ёндашув орқали иқтисодий диверсификация, институционал рационализация ва чекланган сиёсий инклюзивликнинг ўзаро боғлиқлиги асосланган ҳамда мазкур давлатларнинг демократик транзит парадигмасидан ташқарида нисбатан барқарор ривожланишини тушунтириш имкони очиб берилган.
2. Кўрфаз араб монархияларида модернизация жараёнларининг ички ижтимоий-сиёсий зиддиятлари аниқланган. Хусусан, ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши, авлодлар алмашинуви, ижтимоий шартноманинг трансформацияси ва легитимлик асосларининг ўзгариши мазкур зиддиятларнинг асосий манбалари сифатида асосланган. Ушбу хавфлар тўғридан-тўғри сиёсий беқарорлик шаклида эмас, балки яширин ижтимоий норозилик, ижтимоий мослашув муаммолари ва кутилмаларнинг ортиши орқали намоён бўлиши очиб берилган.
3. Кўрфаз араб монархияларида рентага асосланган легитимлик моделидан самарадорликка асосланган легитимлик моделига босқичма-босқич ўтиш тенденсияси асосланган. Бунда сиёсий тизим барқарорлиги тобора кўпроқ давлат бошқаруви самарадорлиги, давлат хизматлари сифати, иқтисодий натижадорлик ва ҳокимиятнинг ижтимоий кутилмаларни бошқариш қобилияти билан белгиланиши исботланган.
4. Модернизациянинг Кўрфаз араб монархиялари ташқи сиёсий позициясини мустаҳкамлашдаги ресурс сифатидаги аҳамияти очиб берилган. Хусусан, институционаллашган ислом дипломатияси, “юмшоқ куч” воситалари, гуманитар-инвестиция ташаббуслари ва халқаро брендинг орқали мазкур давлатларда “масъулиятли модернизатор” образи шаклланаётгани асосланган.
5. Кўрфаз араб монархиялари модернизация тажрибасини Марказий Осиё ва, хусусан, Ўзбекистон Республикаси шароитига танлаб мослаштиришнинг илмий-амалий мезонлари ишлаб чиқилган. Бунда бошқарув самарадорлиги, институционал ислоҳотлар, иқтисодий диверсификация, инсон капитали, рақамли трансформация ва ташқи сиёсий брендинг соҳаларидаги айрим амалий ёндашувлардан фойдаланиш мумкинлиги асосланган, бироқ ушбу моделларнинг таркибий элементларини тўлиқ ва механик жорий этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши: Ушбу диссертация натижалари илмий, таҳлилий ва таълим фаолиятида акс эттирилган ҳамда давлат идоралари ва эксперт тузилмаларининг модернизация дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, институционал ислоҳотлар ва ташқи сиёсат ўзаро таъсирларини амалга оширишдаги амалий ишларида ҳам қўлланилиши мумкин. Тадқиқотнинг асосий қоидалари ва хулосалари таҳлилий материалларни тайёрлашда ва сиёсатшунослик ҳамда халқаро муносабатлар фанларини ўқитишда ўқув жараёнида қўлланилди, бу эса олинган натижаларнинг амалий қўлланилишини тасдиқлайди (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг 2026-йил 6-февралдаги 05-4/148-сонли далолатномаси; Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2026-йил 11-мартдаги 14/227-сонли далолатномаси; Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва прогнозлаш олий мактабининг 2026-йил 27-мартдаги далолатномаси; ва Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпаниясининг 2026-йил 29-январдаги 06-09-145-сонли маълумотномаси).