Наркабулова Наргиза Чоршаммиевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Узумнинг техник навларидан юқори озуқавий қийматли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясининг илмий асослари” мавзусидаги 06.01.11-Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш ихтисослиги (техника фанлари).
Илмий раҳбар: Исламов Сохиб Яхшибекович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx. 02.02.
Расмий оппонентлар: Муминов Нажмиддин Шамсиддинович, техника фанлари доктори, профессор; Медея Ормоцадзе, техника фанлари доктори, профессор; Нормахматов Рўзибой, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: узумнинг техник навларидан юқори озуқавий қийматли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологик элементлари ва рецептураларининг илмий асослари ҳамда параметрларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилояти шароитида узумнинг техник навлари хомашёсининг таркибини таҳлил қилиш асосида уларнинг технологик меъёрлари (қандлилик 17%, кислоталилик 6%, шарбат чиқиши 650-700 л/т) аниқланган;
узумнинг қора ғужумли навлари шарбатида шифобахш моддалари мавжудлиги ва уларнинг миқдори аниқланган (100 г шарбатда – галл кислота: 280-1367 мг, кверсетин: 27-43 мг, апигенин: 13-14 мг, кемпферол: 11-15 мг транс-ресвератрол-3-глюкозид (стилбен): 2,5-6,7 мг);
биологик фаол моддаларга бой ва антиоксидант фаолликка эга бекмес ишлаб чиқариш технологик параметрлари асосланган (вакуум-буғлатгич ускуналарида 70-75 ℃ ҳароратда, 0,01-0,02 МПа босимда 45-50 дақиқа давомийлигида қайнатиш);
узумнинг маҳаллий ва хорижий навларидан шифобахш узум малҳами (эликсир) ишлаб чиқариш технологик параметрлари ишлаб чиқилган (дастлаб хом-ашёни музлатиш ва майдалаш, сўнгра мезгали суслони 12 соат 46-48 ℃ ҳароратда ушлаш ва 65-70 ℃ ҳароратда пастеризация қилиш);
шифобахш узум малҳами (эликсир) қўшилган (20 %) функсионал нон ишлаб чиқариш рецептураси ва технологик жараёнлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тошкент вилояти шароитида етиштирилган узумнинг техник навларидан юқори озуқавий қийматли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясининг илмий асосларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
узумнинг технологик меъёрлари (қандлилик, кислоталилик, шарбат чиқиши) юқори ва шифобахш моддаларга бой хомашёсини чуқур қайта ишлаш ишланмаси Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Меҳнат агрофирмаси” МЧЖ корхонасида 100 тонна хажмдаги хомашё учун жорий қилинган (Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2025 йил 2 июлдаги № 02-70/07-25 сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулот (бекмес) галл кислота, кверсетин, апигенин ва кемпферол каби шифобахш моддаларга бой бўлиши аниқланган.
Тошкент вилояти Паркент туманининг тоғолди адирликлари шароитида етиштирилган узумнинг техник навлари асосида юқори озуқавий қимматга эга «Бекмес» ишлаб чиқариш технологик ишланмаси Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Меҳнат агрофирмаси” МЧЖ корхонасида бир мавсумда 100 тонна хажмдаги хомашё учун жорий қилинган (Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2025 йил 2 июлдаги № 02-70/07-25 сон маълумотномаси). Бунинг натижасида узумнинг юқори сифатли техник навларининг ҳар бир етиштирилган тоннаси ҳисобига 246 литр юқори озуқавий қийматли «Бекмес» олинган. Ишлаб чиқаришнинг рентабеллиги 137% ни ташкил этган.
узумнинг биологик фаол моддаларга бой техник навлари асосида шифобахш «Узум малҳами (эликсир)» ичимлигини ишлаб чиқариш технологик ишланмаси Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Меҳнат агрофирмаси” МЧЖ корхонасида бир мавсумда 150 тонна хажмдаги хомашё учун жорий қилинган (Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2025 йил 2 июлдаги № 02-70/07-25 сон маълумотномаси). Бунинг натижасида узумнинг ҳар бир тонна хомашёси ҳисобига 710 литр шифобахш «Узум малҳами (эликсир)» ичимлиги олинган. Ишлаб чиқаришнинг рентабеллиги 112% ни ташкил этган.
узум хомашёсини қайта ишлашга ихтисослашган корхона ва заводлар учун «Ўзбекистонда саломатлик эликсири – “Узум малҳами” ишлаб чиқариш» номли тавсиянома тасдиқланган (Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2025 йил 2 июлдаги № 02-70/07-25 сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома узум хомашёсини қайта ишлашга ихтисослашган корхона ва заводларда узум эликсири ишлаб чиқариш учун техник навларни танлаш ва маҳсулот ишлаб чиқаришда услубий қўлланма сифатида хизмат қилган;
биологик фаол моддаларга бой техник узум навларидан олинган “Узум малҳами”(эликсир) қўшилган рецептура асосида функсионал нон ишлаб чиқариш технологияси “Қарши мазали иссиқ нонлари” маъсулияти чекланган жамиятида 50 тонна хажмда нон ишлаб чиқариш учун жорий қилинган (Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмасининг 2025 йил 2 июлдаги № 02-70/07-25 сон маълумотномаси). Бунинг натижасида “Узум малҳами” (эликсир) қўшилган янги бренд функсионал бойитилган нон (“УЗУМ БАРАКА”) тайёрлаш технологик йўриқномаси ишлаб чиқилган. Бунда ҳар бир тонна тайёр нон ҳисобидан (7,5 млн. сўм) оддий нонга (6,0 млн. сўм) нисбатан 1,5 млн сўм/тонна кўпроқ даромад олинган, иқтисодий самарадорлик 38,8% ни ташкил этган.