Ғофуров Жавоҳир Жахонгир ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон банкларида синдикатлаштирилган кредитларни ривожлантириш масалалари”. 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/Iqt2197
Илмий раҳбар: Додиев Фозил Уткурович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент Кимё Халқаро Университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент Кимё Халқаро Университети, DSc.03/2025.27.12.I.29.02.
Расмий оппонентлар: Олимжонов Одил Олимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Бердияров Бахриддин Тавашарович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор. Етакчи ташкилот: Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади мамлакатимизда тижорат банклари томонидан синдикатлаштирилган кредитларни ривожлантиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистонда синдикатлаштирилган кредитлашни  ривожлантиришда хорижий иштирокчиларни жалб қилиш учун кредит шартномаларини халқаро амалиётда қўлланиладиган Loan Market Association (LMA), Loan Syndications and Trading Association (LSTA) каби ташкилотлар томонидан тасдиқланган андозалар асосида тузиш таклиф этилган;
тадқиқотда Ўзбекистонда синдикатлаштирилган кредитлар амалиётига нисбатан SWOT таҳлили ўтказилиб, унинг асосида TOWS стратегиялари ишлаб чиқилди, ESG тамойилларини жорий этиш, маҳаллий валютада кредитлаш, кадрлар малакасини ошириш, иккиламчи бозорни шакллантириш ва рақамли инфратузилмани модернизация қилишнинг аҳамияти илмий жиҳатдан асосланган;
синдикатлаштирилган кредитлаш жараёнида кредит, ликвидлилик, валюта ва фоиз рискларини бошқариш учун халқаро амалиётда қўлланиладиган самарали механизмлар – секьюритизация, стресс-тест, лимитлар тизими ва риск ҳисоботини миллий амалиётга жорий қилиш зарурлиги илмий жиҳатдан асосланган;
кадрлар салоҳияти ва малакасининг етарли эмаслиги синдикатлаштириш амалиётнинг мустақил ривожланишига тўсиқ бўлаётгани кўрсатиб берилди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун LMA Training, CFA ва FRM каби халқаро курсларни жорий қилиш, маҳаллий университетларда малака ошириш марказлари ташкил этиш ва халқаро тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш таклиф қилинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ўзбекистон банкларида синдикатлаштирилган кредитларни ривожлантириш масалалари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ўзбекистонда синдикатлаштирилган кредитлашни  ривожлантиришда хорижий иштирокчиларни жалб қилиш учун кредит шартномаларини халқаро амалиётда қўлланиладиган Loan Market Association (LMA) ҳамда Loan Syndications and Trading Association (LSTA) каби ташкилотлар томонидан тасдиқланган андозалар асосида тузиш таклифи АТ “Алоқабанк” томонидан амалиётга жорий этилган(АТ Алоқабанкнинг 2025 йил 24 июндаги 19-04/2850-сонли маълумотномаси, АИТБ Ипак Йўли Банкининг 2025 йил 5 декабрдаги 23/11317-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида АТ “Алоқабанк” томонидан тузиладиган синдикатлаштирилган кредит шартномалари халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришига эришилган;
SWOT таҳлили орқали Ўзбекистонда синдикатлаштирилган кредитлар амалиётининг кучли ва заиф жиҳатлари, имконият ва таҳдидлари тизимли ўрганилиб, уни такомиллаштириш таклифи АТ “Алоқабанк” томонидан амалиётга жорий этилди (АТ “Алоқабанк”нинг 2025 йил 24 июндаги 19-04/2850-сонли маълумотномаси, АИТБ Ипак Йўли Банкининг 2025 йил 5 декабрдаги 23/11317-сонли маълумотномаси). Натижада ESG тамойилларини жорий этиш, маҳаллий валютада кредитлаш, кадрлар малакасини халқаро курслар орқали ошириш, иккиламчи бозорни йўлга қўйиш ва рақамли инфратузилмани модернизация қилиш каби устувор стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш зарурлиги илмий жиҳатдан асосланди;
синдикатлаштирилган кредитлаш жараёнида кредит, ликвидлилик, валюта ва фоиз рискларини бошқариш учун халқаро амалиётда қўлланиладиган самарали механизмлар – секьюритизация, стресс-тест, лимитлар тизими ва риск ҳисоботини миллий амалиётга жорий этиш таклифи. АТ “Алоқабанк”да стресс-тестлаш усуллари жорий қилинди, кредит портфели бўйича лимитлар тизими қайта кўриб чиқилди ва риск ҳисоботини халқаро мезонларга мувофиқ шакллантириш чоралари кўрилди (АТ “Алоқабанк”нинг 2025 йил 24 июндаги 19-04/2850-сонли маълумотномаси, АИТБ Ипак Йўли Банкининг 2025 йил 5 декабрдаги 23/11317-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қўлланилиши натижасида банкнинг рискларни баҳолаш ва бошқариш имкониятлари жиддий яхшиланди, кредит портфели барқарорлиги ошди, халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик имкониятлари кенгайди;
кадрлар салоҳияти ва малакасининг етарли эмаслиги амалиётнинг мустақил ривожланишига тўсиқ бўлаётгани асосланди, ушбу муаммони ҳал қилиш учун LMA Training, CFA ва FRM каби халқаро курсларни жорий қилиш, маҳаллий университетларда малака ошириш марказларини ташкил этиш ва халқаро тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш таклифи АТ “Алоқабанк” томонидан амалиётга жорий этилди (АТ “Алоқабанк”нинг 2025 йил 24 июндаги 19-04/2850-сонли маълумотномаси, АИТБ Ипак Йўли Банкининг 2025 йил 5 декабрдаги 23/11317-сонли маълумотномаси). Натижада LMA шартномалари ва халқаро риск-менежмент стандартлари бўйича ўқув модулларини жорий қилиш, CFA ва FRM курслари бўйича халқаро тажриба ўрганиш ишлари бошланди. Ушбу ташаббус келгусида банк мутахассисларининг малакасини ошириш, хорижий консалтинг компанияларига бўлган боғлиқликни қисқартириш ва синдикатлаштирилган кредитлар амалиётининг барқарор ривожланишига имконият яратади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish