Усманов Мирғулом Хошим Ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Саноат усулида доривор ўсимликларни қайта ишлашнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, 08.00.03 – “Саноат иқтисодиёти”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.1.PhD/Iqt1661
Илмий раҳбар: Шарипов Конгратбай Авезимбетович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети:
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/2025.27.12.I.23.03
Расмий оппонентлар: Рихсимбаев Одилжон Қобилжонович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Эшонқулов Жамолиддин Сапорбой ўғли, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институте.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади доривор ўсимликларни саноат усулида қайта ишлашда ташкилий-иқтисодий механизмларни такомиллаштириш ва самарадорликни оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
услубий ёндашув асосида доривор ўсимликларни саноат усулида қайта ишлаш жараёнларининг иқтисодий мазмуни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва реализация босқичларининг ўзаро интеграциялашган тизими сифатида аниқлаштирилиб, ушбу жараёнларда қўшилган қийматни шакллантириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилувчи ташкилий-иқтисодий механизмлар такомиллаштирилган;
доривор ўсимликларни қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсир этувчи ташкилий, иқтисодий ва институционал омиллар тизимли таҳлил қилиниб, уларнинг корхона фаолияти натижадорлигига таъсир даражАасини комплекс баҳолаш асосида аниқлаш ёндашуви ишлаб чиқилган;
доривор ўсимликларни қайта ишлаш корхоналарида ишлаб чиқариш самарадорлигини баҳолашга хизмат қилувчи кўрсаткичлар тизими аниқлаштирилиб, ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги, таннарх, фойда ва рентабеллик кўрсаткичлари асосида комплекс баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган;
доривор ўсимликларни қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсир этувчи асосий омиллар асосида кўп омилли эконометрик модел ишлаб чиқилиб, ишлаб чиқариш ҳажми, таннарх ва фойда кўрсаткичларининг ўзгариш тенденсиялари ҳамда 2030-йилгача бўлган ривожланиш прогнозлари илмий асосда шакллантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Саноат усулида доривор ўсимликларни қайта ишлашнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш мавзусида олиб борилган тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган илмий хулосалар, таклиф ва тавсиялар амалиётга жорий этилди, жумладан:
услубий ёндашувга кўра доривор ўсимликларни қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган ташкилий-иқтисодий механизмларни такомиллаштириш модели ишлаб чиқилиб, “ҲЕМПФАРМ ЖВ” МЧЖ фаолиятига жорий этилган (“Ўзбекистон савдо-саноат палатаси”нинг 2026-йил 12-мартдаги 01-06-30-2331-сон маълумотномаси). Мазкур моделни амалиётга татбиқ этиш натижасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ифодаловчи интеграл кўрсаткич 0,61 даражадан 0,78 даражага ошган, хомашё йўқотишлари 12,4 фоизга камайган, ишлаб чиқариш таннархи ўртача 9,6 фоизга пасайган, меҳнат унумдорлиги 1,3 баробарга ошган ҳамда тайёр маҳсулот реализацияси ҳажми 14,2 фоизга кўпайган;
доривор ўсимликларни қайта ишлаш саноатида ташкилий-иқтисодий механизмларни босқичма-босқич жорий этишга йўналтирилган методологик ёндашув ишлаб чиқилиб, “ҲЕМПФАРМ ЖВ” МЧЖ фаолиятига жорий этилган (“Ўзбекистон савдо-саноат палатаси”нинг 2026-йил 12-мартдаги 01-06-30-2331-сон маълумотномаси). Мазкур ёндашув асосида ишлаб чиқариш тизими ривожланишининг “бошланғич”, “ўсиш”, “интеграциялашган” ва “илғор” босқичлари шакллантирилган бўлиб, унинг амалий қўлланилиши натижасида ишлаб чиқаришни режалаштириш аниқлиги 21 фоизга ошган, ишлаб чиқаришдаги узилишлар 16,7 фоизга қисқарган, хомашё таъминоти барқарорлашган ҳамда ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 13,9 фоизга ошган;
доривор ўсимликларни қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш самарадорлигини прогнозлашга йўналтирилган кўп омилли эконометрик модел ишлаб чиқилиб, корхона фаолиятида қўлланилган (“Ўзбекистон савдо-саноат палатаси”нинг 2026-йил 12-мартдаги 01-06-30-2331-сон маълумотномаси). Мазкур модел асосида ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсир этувчи асосий омиллар аниқланиб, 2026-йилгача бўлган истиқболда ишлаб чиқариш ҳажмини 1,25 баробарга ошириш, таннархни 10–12 фоизга камайтириш ҳамда соф фойдани 20–24 фоизга ошириш имкониятлари прогноз қилинган ва амалий режалаштириш жараёнида фойдаланилган;
доривор ўсимликларни қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга йўналтирилган стратегик ва ташкилий-иқтисодий таклифлар пакети ишлаб чиқилиб, унинг асосида беш босқичли амалий йўл харитаси шакллантирилган ҳамда “ҲЕМПФАРМ ЖВ” МЧЖ фаолиятига жорий этилган (“Ўзбекистон савдо-саноат палатаси”нинг 2026-йил 12-мартдаги 01-06-30-2331-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида хомашё йўқотишлари 11,8 фоизга камайган, ишлаб чиқариш таннархи ўртача 10,5 фоизга пасайган, маҳсулот реализацияси ҳажми 15,6 фоизга ошган ҳамда корхона рентабеллик даражаси 1,2 баробарга кўтарилган.