Иззаев Ғайрат Жўраевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Яширин иқтисодиётни молия-солиқ воситалари орқали камайтириш йўллари” 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит” (иқтисодиёт фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.1.PhD/Iqt5022
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети
Илмий раҳбар: Қиёсов Шерзод Уралович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий Кенгаш рақами: Термиз давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи
PhD.03/2025.27.12.1.12.02 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Термиз давлат университети, “Молия” кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент, Гадоев Сўхроб Жумақулович ва Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси “Молия” кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Турсунов Жаҳонгир Пулатовичлар тавсия этилади.
Етакчи ташкилот: Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади яширин иқтисодиётни молия-солиқ воситалари орқали камайтириш механизмлари ва чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
яширин иқтисодиётни камайтиришнинг тезкор ва таъсирчан чоралари таркибида солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатида яширилган солиқ базаси суммасига нисбатан жарима миқдорини 20 фоиздан 30 фоизга ошириш орқали яширин айланмага санксияларнинг таъсирчанлигини кучайтириш таклифи асосланган;
яширин иқтисодиёт даражасини камайтиришнинг солиқ маъмуриятчилиги самарали воситалари ва улар таъсирчанлигини тушумни тўлиқ расмийлаштирмаслик, назорат-касса техникасини қўлламаслик ёки чек бермаслик каби ҳолатлар учун алоҳида молиявий жарималар қўллаш орқали молиявий хавфсизликни таъминлаш йўллари ишлаб чиқилган;
аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида унинг молиявий таъминоти кафолатларининг янги манбаи сифатида даромадлар шаффофлиги ва солиқ интизомини кучайтириш орқали яширин иқтисодиётни бартараф этишнинг солиқ омиллари таъсирчанлигини ошириш асосланган;
хорижий кредитлардан фойдаланиш амалиётида давлат молиявий хавфсизлигини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида марказлашган инвестициялар умумий ҳажмида давлат кафолати остидаги хорижий кредитларнинг иштироки улушини
50 фоиздан оширмаслик таклифи асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни молия-солиқ воситалари орқали камайтириш йўллари бўйичага қаратилган илмий таклифлар ва амалий тавсиялар асосида:
яширин иқтисодиётни камайтиришнинг тезкор ва таъсирчан чоралари таркибида солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатида яширилган солиқ базаси суммасига нисбатан жарима миқдорини 20 фоиздан 30 фоизга ошириш орқали яширин айланмага санксияларнинг таъсирчанлигини кучайтириш таклифи Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 11-мартдаги ЎРҚ-758-сон Қонунида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 12-мартдаги 41-7-4613-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши натижасида, 2023-2024-йиллар давомида давлат ҳисобига Солиқ кодекси бўйича – юридик шахслар ва якка тартибдаги корхоналарга қўлланилган молиявий санксиялар орқали 14,1 млрд. сўм, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бўйича - ушбу юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига жарималар тарзида 4,8 млрд. сўм маблағ ундирилди, яширин иқтисодиётнинг улушини 14,8 фоизга камайтиришга эришилган;
яширин иқтисодиёт даражасини камайтиришнинг солиқ маъмуриятчилиги самарали воситалари ва улар таъсирчанлигини тушумни тўлиқ расмийлаштирмаслик, назорат-касса техникасини қўлламаслик ёки чек бермаслик каби ҳолатлар учун алоҳида молиявий жарималар қўллаш орқали молиявий хавфсизликни таъминлашга оид таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 11-сентябрдаги ПФ-158-сон “Ўзбекистон-2030 Стратегияси тўғрисида”ги Фармонидаги “Фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш” номли
46-мақсаддаги 2030-йилгача эришилиши лозим бўлган - “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш орқали солиқ базасини қўшимча кенгайтириш имкониятидан фойдаланиш” бандида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 12-мартдаги 41-7-4613-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши натижасида 2024-йилдан бошлаб яширин иқтисодиёт даражасини ҳисоблаш аниқлигининг 25 фоизга ортиши, солиқ базасини қўшимча 14,7 фоизга кенгайтириш имконияти яратилди ҳамда 2030-йилда
2023-йилдагига нисбатан расмий бандлик даражасини 1,8 марта ошириш, солиқ базасини 2,0 баробар кенгайтириш имкониятларини яратиш ва таъминлаш кўзда тутилган;
аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида унинг молиявий таъминоти кафолатларининг янги манбаи сифатида даромадлар шаффофлиги ва солиқ интизомини кучайтириш орқали яширин иқтисодиётни бартараф этишнинг солиқ омиллари таъсирчанлигини ошириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 28-февралдаги ПФ-27-сон “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт Стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 12-мартдаги 41-7-4613-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши билан халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш учун компаниянинг устав фонди 100 млн АҚШ доллари эквивалентига етказилиши таъминланган ва бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилиши, 2026 йилгача ипотека кредитларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар даромадлари базасидан ипотека кредитлари қайтарилиши билан боғлиқ харажатларнинг солиқ базасидан чиқарилиши тартиби жорий этилган;
хорижий кредитлардан фойдаланиш амалиётида давлат молиявий хавфсизлигини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида марказлашган инвестициялар умумий ҳажмида давлат кафолати остидаги хорижий кредитларнинг иштироки улушини 50 фоиздан оширмаслик таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025-йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №459-сонли Қарорида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-йил 12-мартдаги 41-7-4613-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифни амалиётга жорий қилиш давлат қарзларини самарали бошқариш, солиқ имтиёзларининг таъсирчан, барқарор ва кафолатли тизими орқали хорижий кредитларни самарали жалб этиш ва уларни манзилли ҳамда давлат инвестицион сиёсатининг устувор йўналишларига мувофиқ мақсадли тақсимлаш имкониятларини оширган.
Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши тижорат банкларида муаммоли кредитларни бошқаришда ижобий натижаларга эришиш мумкин.