Чўлиева Муҳайё Аъзам қизининг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Мактабгача ёшдаги болаларнинг амалдаги овқатланиши ва жисмоний ривожланишини физиологик асослаш (Қашқадарё вилояти мисолида)”, 03.00.08 – Одам ва ҳайвонлар физиологияси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2023.3.PhD/Б993.
Илмий раҳбар: Раҳматуллаев Ёрқин Шокирович, биология фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети ҳузуридаги PhD.03/2025.27.12.B.11.06 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш. 
Расмий оппонентлар: Кучкарова Любов Салижановна, биология фанлари доктори, профессор; Қўзиев Мирзоҳид Саъдуллаевич, биология фанлари номзоди, доцент. 
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: мактабгача ёшдаги болаларнинг амалдаги овқат рационидаги макро- ва микронутриентлар миқдори, жисмоний ривожланиш кўрсаткичлари ва  физиологик жиҳатларини баҳолаш ҳамда ушбу кўрсаткичлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Миришкор ва Қарши туманлари ҳудудларида мактабгача ёшдаги болаларнинг кунлик овқати таркибидаги макро- ва микронутриентлар миқдори СанПиН №0347-17 меъёрларига нисбатан ҳамда халқаро Гибсон тавсияларига биноан АНОВА ва Kruskal Wallis моделлари асосида баҳоланганда уларнинг кундалик эҳтиёжлари талаб даражасида қондирилмаслиги ва асосий озиқ моддалар ўртасидаги нисбатнинг бузилганлиги асосланган;  
болалар овқат рационининг сифати ва хилма-хиллигини қон зардобидаги биокимёвий кўрсаткичлар (оқсил алмашинуви, витамин ва минерал ҳолати) билан тизимли баҳолаш натижасида овқатланиш билан боғлиқ етишмовчилик ҳолатларида қон таркибидаги умумий оқсил, гемоглобин, темир ва Д витамини эрта диагностик кўрсаткичлар сифатида намоён бўлиши аниқланган;
халқаро стандартлар (З-баллари) асосида Қашқадарё вилояти мактабгача ёшдаги болаларнинг жисмоний ривожланиш ҳолати (вазн, бўй, тана масса индекси) ҳудудлар кесимида дифференциал тарзда очиб берилган;
3-6 ёшли болаларнинг антропометрик кўрсаткичлари ҳамда истеъмол қилинаётган макро- ва микронутриентлар миқдори ўртасидаги боғлиқлик қонуниятлари асосида болалар ривожланишини прогнозловчи корреляцион-статистик модел шакллантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қашқадарё вилояти мактабгача ёшдаги болаларнинг амалдаги овқатланиши ва жисмоний ривожланишини физиологик асослаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
мактабгача ёшдаги болаларнинг овқат рационидаги макро- ва микронутриентлар миқдори, жисмоний ривожланиш кўрсаткичлари ҳамда қон зардобининг биокимёвий параметрлари асосида ишлаб чиқилган илмий ёндашувлар Қашқадарё вилояти мактабгача таълим ташкилотлари тизими фаолиятида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 17 декабрдаги  03-33-3664-сон маълумотномаси). Натижада, мактабгача ёшдаги болаларда жисмоний ривожланишдаги оғишларни эрта аниқлаш, уларни динамик мониторинг қилиш, овқат рационини индивидуал ва гуруҳий даражада оптималлаштириш ҳамда профилактик соғломлаштириш чораларини илмий асосда режалаштириш имконияти яратилган; 
болалар овқатланиши, биокимёвий кўрсаткичлар ва антропометрик параметрлар ўртасидаги боғлиқликни акс эттирувчи маълумотлардан Андижон давлат тиббиёт институтининг 2022-2024-йилларда бажарилган АЛ-47210583-сонли “Анатомия ва клиник анатомия фанидан масофавий ўқитишни амалда ошириш учун виртуал симуляцион ўқув лабораторияси бўйича амалий лойиҳа”сида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 17 декабрдаги  03-33-3664-сон маълумотномаси). Натижада, талабалар учун болалар организмининг озиқланишга боғлиқ физиологик хусусиятларини интерактив ва амалий жиҳатдан ўрганиш имконияти кенгайган;
математик-статистик ёндашувлар, хусусан, овқат рациони, биокимёвий ва антропометрик кўрсаткичлар ўртасидаги корреляцион боғлиқликни аниқлашга оид маълумотлар Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 2019-2023-йилларда бажарилган “ИТЕМ” (Математикани инновацион усулда ўқитиш) №598587-ЭПП-1-2018-ЭЛ-ЭППКА2-CБаЕ-ЖП-ЭНВ2) лойиҳаси ҳамда Урганч давлат университетида 2023-2025-йилларда бажарилган “Хоразм вилоятида озиқ-овқат хавфсизлиги ва логистикасининг математик моделини яратиш” бажарилган илмий лойиҳаларда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 17 декабрдаги  03-33-3664-сон маълумотномаси). Натижада, озиқ-овқат хавфсизлиги, рационал овқатланиш ва ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича моделларни такомиллаштиришда илмий асос сифатида хизмат қилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish