Гадоев Дадахон Хайруллоевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Бухоро масжидлари тарихи (1920-1991)”, 07.00.01 – “Ўзбекистон тарихи” (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Tar 608.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
Илмий раҳбар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/2025.27.12.Tar.12.01.
Расмий оппонентлар: Раҳимов Комилжон Раҳматович, тарих фанлари доктори (DSc), профессор; Турсунов Сайпулла Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 
Мазкур диссертациянинг асосий мақсади Бухорода 1920-йилдан то 1991-йилгача бўлган давр мобайнидаги масжидлар фаолиятини бирламчи манбалар асосида илмий жиҳатдан очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
БХСР Маориф нозирлиги томонидан ташкил этилган Тарих ва осори-атиқа анжумани фаолияти доирасида олиб борилган илмий тадқиқотлар асосида Бухоро шаҳрининг тарихий-маданий мероси, хусусан, тарихий ёдгорликлар ҳамда диний иншоотларни ўрганиш ва ҳужжатлаштириш жараёни таҳлил қилиниб, тадқиқот натижасида анжуман аъзоси Мусо Саиджонов томонидан Бухоро масжидлари бўйича дастлабки каталог тузилганлиги аниқланиб, мазкур каталогда диний ва дунёвий меъморчилик обидалари тизимли равишда қайд этилгани ҳамда бу иш Бухоронинг меъморий меросини илмий асосда рўйхатга олиш ва сақлаш йўлидаги дастлабки илмий уринишлардан бири бўлганлиги манбалар асосида далилланган;
БХСР Маориф халқ нозирлиги ҳузурида “Авқоф” номли вақф бошқармаси ташкил этилгани, ушбу бошқарма диний ҳамда маданий-маърифий вақф мулкларини рўйхатга олиш, бошқариш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлашга масъул бўлганлиги, шунингдек, вақф мулклари таркиби икки асосий гуруҳ - диний вақфлар масжидлар, мозорлар, мақбаралар, хонақоҳлар ҳамда маданий-маърифий вақфлар мадраса, мактаб, касалхона, ҳовуз, кўприк ва йўл каби иншоотларни ўз ичига олганлиги билан боғлиқ маълумотлар очиқланган;
Совет ҳукуматининг нотўғри диний сиёсати туфайли Бухорода ҳам кўплаб масжидлар фаолияти тугатилиб, уларнинг катта қисми бузиб юборилганлиги, жумладан Бухоро шаҳридаги Мир Дўстим масжиди клубга айлантирилганлиги, Хазрати Мир қишлоғидаги уч масжид ғиштларини клуб ва қизил чойхона қуришга ишлатилганлиги, шаҳар марказидаги уч юз йиллик тарихга эга Худоёр оталиқ масжиди ёпилиб мол-мулки сотилиб, масжиднинг ўзи омборхона сифатида ишлатилганлиги, кейинчалик мазкур масжид отхонага айлантирилганлиги, Масжиди Калон ғалла омборига, Мир Иброҳим масжиди ширкатчилар тасарруфига, Мавлоно Шариф масжиди эса шаҳар муҳандислари идораси ихтиёрига, Арабон масжидининг таҳоратхонаси новвойхона ширкатига топширилганлиги билан боғлиқ маълумотлар аниқланган;
Совет ҳукумати томонидан олиб борилган секуляризация ва Атеистик сиёсат туфайли исломий муассасаларнинг айниқса масжиднинг жамият ҳаётидаги ўрнини сусайтиришга қаратилган изчил ва тизимли чоралар билан кечганлиги, масжидлар диний марказ сифатида эмас балки мафкура ва назорат остидаги обектга айлантирилганлиги ва уларнинг фаолияти чеклаб қўйилганлиги, шунга қарамай масжидлар тўлиқ барҳам топмаганлиги аксинча улар кучли босим шараоитида ҳам мослашувчанликлиги маҳаллий маъмурларнинг фидойилиги ва диний анъаналарининг ички кучи туфайли фаолиятини давом эттирганлиги аниқ маълумотлар асосида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бухоро масжидлари тарихи (1920-1991) мавзуси бўйича олинган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
ХХ аср бошларида совет ҳокимиятининг атеистик сиёсати натижасида бузиб ташланган масжидлар Бухоронинг тарихий-маданий меросига жиддий таъсир кўрсатганлиги қайд этилиб, Мусо Саиджонов томонидан Бухоро масжидлари бўйича тузилган каталог ушбу масжидларнинг жойлашган ўрни ҳамда уларнинг номларини аниқлаш имконини берувчи маълумотларидан “Ижтимоий шериклик доирасида қабристонлар, муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, маънавий-маърифий, таргʻибот-ташвиқот тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш устидан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш” номли Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш гранти доирасида амалга оширилган таргʻибот материаллари (рисола, мақолалар тўплами)ни тайёрлашда фойдаланилган (Бухоро мероси илмий-тадқиқот марказининг 2023-йил 23-апрелдаги 7-сонли маълумотномаси). Натижада олинган илмий-назарий натижалар Бухородаги масжидларнинг ўрнини аниқлаш, уларнинг тарихий қиёфасини тиклаш, шунингдек, Бухоро меъморий обидаларига доир билимларнинг бойишига хизмат қилган;
БХСР Маориф халқ нозирлиги ҳузурида фаолият юритган “Авқоф” номли вақф бошқармаси маълумотларига кўра, диний-маърифий муассасалар орасида масжидларга мулк вақф этиш етакчи ўринни эгаллаганлиги, таъсис этилган вақфларнинг қарийб 60 фоизи масжидлар улушига тўғри келганлиги, шунингдек, Ўзбекистон ССРда амалга оширилган ер-сув ислоҳоти натижасида вақф мулкларининг тугатилгани, бунинг оқибатида масжидлар моддий манбадан маҳрум бўлиб, уларнинг кўпчилиги ўз фаолиятини тўхтатганлиги билан боғлиқ маълумотлардан Мир Араб олий мадрасасининг “Ислом тарихи” фанини ўқитишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси 2023-йил 6-июндаги 1678-маълумотномаси). Натижада мазкур маълумотлар мадрасада ўқитиш сифатини ошириш, ҳамда талабаларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини оширишга хизмат қилган;
Совет ҳукуматининг нотўғри диний сиёсати туфайли Бухорода ҳам кўплаб масжидлар фаолияти тугатилиб, уларнинг катта қисми бузиб юборилганлиги, Бухоро шаҳридаги Мир Дўстим масжиди клубга айлантирилганлиги, Хазрати Мир қишлоғидаги уч масжид ғиштларини клуб ва қизил чойхона қуришга ишлатилганлиги, шаҳар марказидаги уч юз йиллик тарихга эга Худоёр оталиқ масжиди ёпилиб мол-мулки сотилиб, масжиднинг ўзи омборхона сифатида ишлатилганлиги, кейинчалик мазкур масжид отхонага айлантирилганлиги, Масжиди Калон ғалла омборига айлантирилганлиги, Мир Иброҳим масжиди ширкатчилар тасарруфига, Мавлоно Шариф масжиди эса шаҳар муҳандислари идораси ихтиёрига, Арабон масжидининг таҳоратхонаси новвойхона ширкатига топширилганлиги ҳақидаги маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тақдимот” кўрсатувини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон МТРК, “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2024-йил 12-январдаги 06-31-63-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу маълумотлар телетомошабинларнинг юртимиз меъморий ёдгорликлари ҳақидаги таъсаввурларнинг кенгайишига хизмат қилган.
Совет ҳукумати томонидан олиб борилган секуляризация ва Атеистик сиёсат туфайли исломий муассасаларнинг айниқса масжиднинг жамият ҳаётидаги ўрнини сусайтиришга қаратилган изчил ва тизимли чоралар билан кечганлиги ҳақидаги маълумотлар, ҳамда масжидлар диний марказ сифатида эмас балки мафкура ва назорат остидаги обектга айлантирилганлиги ҳақидаги маълумотларидан “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Очиқ дарс” кўрсатувини тайёрлашда фойдаланилди. (Ўзбекистон МТРК, “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2024-йил 12-январдаги 06-31/63-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу маълумотлар телетомошабинларнинг ўзликни англаш, моддий ва маънавий меросимиз билан боғлиқ билимларнинг ошишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish