Саидмуродова Малика Санжар қизининг
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистондаги тарихий-демографик жараёнларнинг замонавий тенденсиялари (1991–2021 йилларда Тошкент вилояти йирик саноат шаҳарлари мисолида)”, 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Tar1458
Илмий раҳбар: тарих фанлари доктори, профессор Муртазаева Раҳбархон Ҳамидовна. Диссертация бажарилган муассаса номи: Мирзо Улугʻбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Tar.01.01.
Расмий оппонентлар: Эргашева Юлдуз Алимовна, тарих фанлари доктори, профессор; Бобожонова Дилором Бобожоновна, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Чирчиқ давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади қилиб, Ўзбекистон Республикасида демографик жараёнлардаги ўзгаришларни Тошкент вилояти шаҳарлари мисолида очиб бериш белгиланган. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Мустақилликнинг дастлабки ўн йиллигида вилоят шаҳарларида ташқи миграция оқимининг юқори даражада сақланиб қолганлиги кузатилса, кейинги ўн йилликда ички ва тебранма миграция жараёнларининг сезиларли фаоллашуви кузатилиб, мазкур миграцион ўзгаришлар, айниқса, вилоятнинг Олмалиқ, Чирчиқ, Бекобод ва Ангрен каби саноатлашган шаҳарларида меҳнат ресурсларининг қайта тақсимланишига хизмат қилиб, уларда индустриал ривожланишни босқичма-босқич ва изчил равишда йўлга қўйиш имконини яратганлиги аниқланган;
Мустақилликнинг дастлабки йилларида вилоят саноат корхоналаридан малакали мутахассисларнинг кўчиб кетиши, ишлаб чиқариш ускуналарининг эскирганлиги ҳамда шаҳарлар экологик ҳолатининг ёмонлашуви саноат ишлаб чиқаришида қатор муаммоларни келтириб чиқарганлиги, бироқ, янги иқтисодий шароитларда ҳудудларни шаҳарсозлик ривожлантириш схемалари асосида такомиллаштириш, саноат корхоналарида автоматлаштирилган замонавий технологияларни жорий этилиши, ИТ мутахассисларни тайёрлаш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш натижасида вилоятнинг оғир ва енгил саноатида ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда саноат маҳсулотлари экспортининг ошиши таъминланганлиги исботланган;
Вилоят аҳолисининг миллий таркибида сезиларли ўзгаришлар юз берганлиги, хусусан, бошқа миллат вакиллари орасида асосан катта ёшдагиларнинг сақланиб қолиши, ёш авлоднинг эса республика ҳудудидан ташқарига кўчиб кетиш тенденсиясининг кучайганлиги, шунингдек, маҳаллий миллат вакилларининг пойтахтга яқин ҳудудларда жойлашишга бўлган қизиқишининг ортиши ҳамда тебранма ва ички миграция жараёнлари натижасида вилоят шаҳарларига аҳоли кўчиб келишининг фаоллашуви таъсирида вилоят шаҳарларида аҳоли сонининг ўсиши ҳамда урбанизация жараёнларининг жадаллашганлиги асосланган;
Вилоят шаҳарларидаги саноат корхоналарининг замонавий технологиялар асосида қайта ташкил этилиши ва модернизация қилиниши, аввало, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил сифатида намоён бўлганлиги, бу жараён, айниқса, ишлаб чиқариш соҳаларида эркаклар бандлигининг ортиши ва шу орқали ташқи меҳнат миграциянинг тартибланишига олиб келганлиги, шу билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзлар ва институционал шароитларнинг яратилиши аёллар орасида тадбиркорлик фаоллигининг ўсишига олиб келганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистонда демографик жараёнлардаги ўзгаришлар ва уларга янгича муносабатлар таҳлилидан олинган илмий натижалар асосида: 
Ўзбекистон Республикасида тарихий-демографик жараёнларнинг замонавий тенденсиялари (1991–2021 йилларда Тошкент вилояти шаҳарлари мисолида), хусусан аҳолининг табиий ҳаракати, миграция жараёнлари, жинс-ёш таркиби ҳамда ҳудудий демографик хусусиятларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан ўзаро боғлиқлигига оид илмий натижаларидан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2025-йил 7-октябрдаги 15-33-741-сон маълумотномаси). Натижалар телетомошабинларда Тошкент вилояти шаҳарлари мисолида демографик жараёнларнинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан табиий ўсиш, миграция оқимлари ҳамда жинс-ёш таркибидаги ўзгаришларнинг ҳудудий ривожланиш билан узвий боғлиқлиги тўғрисидаги илмий асосланган қарашларнинг шаклланишига хизмат қилган.
Тошкент вилояти шаҳарларида аҳолининг табиий ўсиши, миграция жараёнлари ва урбанизация даражасининг ўзгаришлари ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бевосита таъсир кўрсатиши ҳақидаги         илмий хулосалар асосида ишлаб чиқилган натижалардан демографик жараёнларни тизимли равишда таҳлил қилиш ҳамда уларнинг ҳудудий ривожланиш билан ўзаро боғлиқлигини аниқлашга қаратилган илмий-услубий тавсиялардан  “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2025-йил 7-октябрдаги 15-33-741-сон маълумотномаси). Натижалар ҳудудий демографик ривожланиш жараёнларини чуқурроқ таҳлил қилиш, шунингдек демографик омилларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётга таъсирини илмий асосда баҳолаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилган.
Тошкент вилояти шаҳарларида кечаётган демографик жараёнлар, жумладан аҳолининг сони ва таркибидаги ўзгаришлар, урбанизация жараёнлари ҳамда миграция оқимларининг ҳудудий ривожланиш стратегиясини шакллантиришдаги аҳамиятига оид илмий натижаларидан Ўзбекистон Миллий университети Кенгашининг 2025-йил 4-июндаги 8-сонли қарори билан тасдиқланган 681-сонли гувоҳнома асосида нашр этилган “Маркетинг” дарслигини тайёрлашда фойдаланилган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари марказининг 2025-йил 16-октябрдаги 02-01-01-410-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши дарслик мазмунини демографик жараёнлар ва маркетинг тамойилларининг ўзаро боғлиқлиги, шунингдек ҳудудий ривожланиш стратегиясида инсон капиталининг тутган ўрнига оид илмий қарашлар ҳамда амалий тавсиялар билан бойитишга имкон берган.
1991-2021 йиллар мобайнида вилоят шаҳарларида аҳоли миллий таркибида юз берган ўзгаришлар тарихий-демографик нуқтаи-назардан таҳлил қилиниб, этник таркибдаги силжишлар ва миллатлараро интеграция жараёнларининг кучайиши натижасида Тошкент вилоятининг йирик саноат шаҳарларида ўзига хос замонавий этнодемографик хусусиятлар шакллана бошлаганлиги тегишли хулосалардан “Маркетинг” дарслигини тайёрлашда фойдаланилган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари марказининг 2025-йил 16-октябрдаги 02-01-01-410-сон маълумотномаси). Мазкур маълумотлар талабаларда демографик жараёнларнинг ҳудудий ривожланиш ва маркетинг фаолиятига таъсири тўғрисида тизимли тасаввурни шакллантириш, назарий билимларни амалий таҳлил билан уйғунлаштириш ҳамда замонавий маркетинг стратегияларини ишлаб чиқишда демографик омиллардан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish