Садуллаева Навбаҳор Эркиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
“Хоразм вилоятидаги ўзбек тилининг оралиқ шевалари тадқиқи” мавзусида 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.2. PhD/Fil6010
Диссертация бажарилган муассаса номи: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
Илмий раҳбар: Дўсимов Зариббой, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети, PhD.03/2025.27.12.Fil.06.05
Расмий оппонентлар: Курбониёзов Гулмирза Алламберганович, филология фанлари доктори, профессор; Ибрагимова Замира Юлдашевна, филология фанлари номзоди, доцент
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Хоразм вилоятидаги ўзбек тилининг оралиқ шевалари тадқиқини амалга оширишдан иборат.
IV.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Хоразм вилоятидаги ўзбек тилининг оралиқ шевалари мазкур ҳудуддаги ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларининг ўзаро таъсири натижасида шаклланган мустақил шева экани асосланиб, уларнинг юзага келиши ва барқарорлашувида асрлар давомида кечган тарихий, ижтимоий ҳамда сиёсий жараёнлар муҳим омил бўлиб хизмат қилгани микроареал харита ва таснифлар орқали далилланган;
Хоразм оралиқ шеваларидаги фонетик вариантлар тизими таҳлил қилиниб, уларга хос фонетик ҳодисаларнинг ўзбек халқ шевалари тизимидаги сингармонизм, ассимиляция, диссимиляция, элизия, метатеза, дифтонг ва умлаут каби умумий хусусиятлари ҳамда бошқа шевалардан фарқловчи унлиларнинг чўзиқ ва қисқа талаффуз қилиниши, бирламчи, иккиламчи ва учламчи чўзиқлик, [о] ва [ö] унлиларининг алоҳида фонема сифатида фарқланиши, шунингдек, сўз ўртасида [г] ундошининг [й] ва [в] га ўтиши сингари ўзига хос жиҳатлари очиб берилган;
Хоразм оралиқ шеваларидаги соф лексик диалектизмлар, этнографизмлар, лакуналар, эвфемизм ва дисфемизмлар ҳамда диалектал синоним, омоним ва антоним каби лексик бирликларнинг қиёсий-таҳлили асосида ўзаро генетик ва функсионал алоқадорлиги ёритилиб, мазкур шевалар учун муштарак бўлган лексик-грамматик бирликларнинг сўз ясалиши, кўплик, эгалик, келишик қўшимчаларининг фонетик вариантлари ҳамда феълнинг -вади, -жатïр, -жақ каби ўзига хос замон шаклларининг алоҳидалик хусусиятлари исботланган.
Хоразм оралиқ шевалари аниқ демографик кўрсаткичларга эга 536 та маҳалла ва уларда яшовчи 309 857 нафар аҳоли кесимида статистик-ареал жиҳатдан таҳлил қилиниб, мазкур шеваларнинг юз бериш табиатига кўра ўғуз-қипчоқ ички оралиқ шевалари, қипчоқ-ўғуз ички оралиқ шевалари, қардош тиллар аралашган ташқи оралиқ шевалар ҳамда ноқардош тиллар аралашган ташқи оралиқ шевалар каби тўртта йирик гуруҳга ажратилган мукаммал ҳудудий тарқалиш харитаси яратилган, шунингдек, жонли нутқ жараёнида мантиқий урғуни ўзига олган кесимнинг гап бошига кўчиш ҳодисасининг ҳамда асосий фикрдан сўнг қўшимча маълумотни киритувчи илова конструксияларининг фаоллигини кўрсатувчи ўзига хос синтактик қонуниятлар, халқ дунёқарашини акс эттирувчи когнитив метафоралар ва маъно кўчишлари, хусусан, опа сўзининг “она”, ёмон сўзининг “жуда зўр” маъноларида ифодаланиши сингари лексик-семантик хусусиятлари битта яхлит тизим сифатида, ўзаро узвий боғлиқликда асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хоразм вилоятидаги ўзбек тилининг оралиқ шевалари тадқиқи юзасидан олинган натижалар асосида:
Хоразм оралиқ шевалари Хоразм вилоятидаги иккита лаҳжанинг бир-бирига таъсири оқибатида юзага келган, асрлар давомида қорақалпоқ тили билан тарихий, ижтимоий ҳамда сиёсий омиллар асосида ёнма-ён шаклланиб келаётган шева эканлиги асосланган материаллардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида 2017-2020-йилларда бажарилган ФА-Ф-1-005 рақамли “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослик тарихини тадқиқ қилиш” номли фундаментал тадқиқот лойиҳасида “оралиқ шева” тушунчаси илмий муаммосига доир ёндашувлар таҳлилларидан, Хоразм оралиқ шеваларида ўзига хос фразеологик бирликларнинг ифодаланиши тадқиқидан, Хоразм шеваларини тасниф қилишдаги етакчи тамойиллардан унумли фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг 2025-йил 17-июндаги №336/1-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида Хоразм оралиқ шеваларидаги лексик бирликларининг қорақалпоқ халқ шевалари билан қиёслаш асосида уларнинг оъзаро муносабати аниқланган, муштарак лексик-грамматик бирликлар коърсатиб берилган;
Хоразм оралиқ шеваларидаги лексик бирликлар таҳлили доирасида йиғилган материаллардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2022–2023-йилларда бажарилган ИИ-4721101717-рақамли “Хизмат кўрсатиш обектлари миллий номлари интерактив электрон платформасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг 2025-йил 1-июлдаги № 1153-сонли маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида Хоразм оралиқ шеваларидаги лексик бирликлар ушбу шевада сўзлашувчи аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи, урф-одатлари ҳамда ўзига хос анъаналари билан узвий боғлиқликда далилланган;
Хоразм оралиқ шеваларига оид маълумотлардан Хоразм вилояти Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида диссертация илмий натижаларидан марказ фаолияти доирасида ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020–2025-йилларда “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш” миллий дастури асосида 2020-йил 14-декабр 781-сон Қарори ижроси бўйича белгиланган вазифалар ижросини амалга оширишда фойдаланилган (Хоразм вилояти Маҳмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг 2026-йил 12-январдаги №01002/4-сонли маълумотномаси). Дастур мавзусидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, шевалар лексикаси ўзбек адабий тилининг бойишида катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Натижада дастурни оралиқ шева муаммосига янгича ёндашувлар, оралиқ шеваларнинг назарий ва амалий ифодаси ҳамда уларнинг нутқда ифодаланиш таҳлиллари билан тўлдирилишида тадқиқот иши зарурий манба вазифасини ўтаган;
Хоразм оралиқ шеваларининг лингвокултурологик хусусиятлари ушбу шевада мулоқот қилувчи халқ ҳаёти, турмуш тарзи, урф-одатлари, ўзига хос анъаналари асосида далилланган материаллардан Хоразм вилояти телерадиокомпанияси томонидан 2024-йил 18-октябр куни эфирга узатилган “Ассалом Хоразм!” дастурида ҳамда 2023-йил 10-октябр, 2024-йил 21-май ва 2024-йил 3-август кунлари Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг “Тилимизни ўрганамиз” радиоешиттиришида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Хоразм вилояти телерадиоканали давлат муассасасининг 2025-йил 17-июндаги 461-сонли маълумотномаси). Мазкур чиқишларда Хоразм вилояти ўзбек тилининг оралиқ шевалари шаклланиши, тарқалиши ва ушбу оралиқ шевалардаги сўзларнинг фонетик, лексик ва морфологик хусусиятлари бўйича фикр-мулоҳазалари баён қилинди.