Шарипова Наргизахон Абдуқаҳҳоровнанинг 
тарих фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи):  ХХ асрнинг 60-80-йилларида Ўзбекистон мактаб ўқитувчиларининг ижтимоий ҳаёти  07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.2.DSc/Tar519.
Илмий маслаҳатчи: Шадманова Санавар Базарбаевна, тарих фанлари доктори, профессор 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Tar.07.01.
Расмий оппонентлар: Расулов Бахтиёр Маҳмуджонович, тарих фанлари доктори, профессор; Ғоппоров Шокир Сафарович, тарих фанлари доктори, профессор; Мўминова Гавҳар Эсановна, тарих фанлари доктори, профессор
Етакчи ташкилот:  Бухоро давлат университети 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади  ХХ асрнинг 60-80-йилларида Ўзбекистон мактаб ўқитувчиларининг ижтимоий ҳаёти тарихини очиб беришдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Халқ маорифи соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида педагог кадрлар тайёрлаш тизими миқдор ва ташкилий жиҳатдан ривожланиб, таълим олиш шакллари, жумладан сиртқи таълим кенгайган бўлса-да, ушбу шаклнинг сифати, назорат механизмлари ва амалий тайёргарлик билан уйғунлашмаганлиги таълим самарадорлигини чеклаганлиги, шу билан бирга ташкил этилган малака ошириш институтлари педагогларнинг касбий компетенсиясини оширишда муҳим институционал омил бўлиб, бироқ бу жараённинг формаллашуви ва эҳтиёжларга мослашмаганлиги тизимнинг амалий самарадорлигини пасайтирганлиги илмий жиҳатдан исботланган.
Педагог кадрлар иш ҳақининг босқичма-босқич оширилиши ва ижтимоий имтиёзлар тизими кадрлар сони ўсишига хизмат қилган бўлса-да, марказий ҳукумат томонидан кафолатланган ижтимоий-маиший ёрдамнинг маҳаллий даражадаги бюрократик тўсиқлар оқибатида етарли даражада амалга оширилмаганлиги, ўқитувчи иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун касбий фаолиятидан ташқари қўшимча даромад манбаларини излашга мажбур бўлиши индивидуал танлов эмас, балки ижтимоий-иқтисодий таъминотнинг амалий ва ҳуқуқий диссонанси натижаси эканлиги маҳаллий материаллар билан исботланган. 
ХХ асрнинг иккинчи ярмида мактаб ўқитувчиларининг дам олиш ҳуқуқи норматив кафолатланган бўлишига қарамай, амалиётда касаба уюшмалари ва мафкуравий назорат механизмларига тобеъ қилинганлиги оқибатида “статистика учун ҳордиқ” феноменининг шакллангани, шунингдек, аёл педагоглар учун “икки карра масъулият” ва қишлоқ инфратузилмасининг заифлиги сабабли реабилитация хизматларидан фойдаланишда ҳудудий номутаносиблик мавжудлиги бирламчи манбалар ёрдамида далилланган.
Политехник мактабларнинг жорий этилиши педагогик метод эмас, балки таълим субъектларини аграр соҳанинг арзон меҳнат захирасига айлантирган тизимли механизм эканлиги, “академик вақтнинг бой берилиши” қонунияти моделлаштирилиб, 11 йиллик ўқув дастурининг 30 фоизи мажбурий меҳнатга сарфланиши “чаласаводлик” ва интеллектуал инқирознинг бош омилига айланганлиги ва соҳанинг оммавий қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши ўқитувчи мақомини зиёли қатламдан техник ижрочига трансформация қилганлиги илмий асосда далилланган.
Шахсни мустақил фикрлашга эмас, балки давлат талабларига мос кадр қилиб тайёрлашда ўқитувчи нуфузи унинг билимига эмас, балки сиёсий топшириқларни қай даражада бажаришига боғлаб қўйилганлиги, миллий таълим услубларининг марказий андозалар асосида чекланиб, уни тизимга мослаштиришга хизмат қилгани, ҳамда ўқитувчи этикаси сиёсий мажбуриятларга бўйсундирилганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ХХ асрнинг 60-80-йилларида Ўзбекистон ўқитувчиларининг ижтимоий ҳаёти тарихига оид ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Халқ маорифи соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида педагог кадрлар тайёрлаш тизими миқдор ва ташкилий жиҳатдан ривожланган, таълим олиш шакллари, жумладан сиртқи таълим кенгайган бўлсада, ушбу шаклнинг сифати, назорат механизмлари ва амалий тайёргарлик билан уйғунлашмаганлиги таълим самарадорлигини чеклаганлиги, шу билан бирга ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб вилоят марказларида ташкил этилган малака соҳириш институтлари педагогларнинг касбий компетенсиясини оширишда муҳим институционал омил бўлиб, бироқ малака ошириш жараёнининг формаллашуви ва эҳтиёжларга мослашмаганлиги тизимнинг амалий самарадорлигини пасайтирганлигига оид янги маълумотлардан Фарғона вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида экспозицион режаларни тузиш, ҳамда экскурсия матнларини янги маълумотлар билан бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2025-йил 24-мартдаги 04-05/1113-сон маълумотномаси). Натижалар республикадаги педагогик ўқув юртлари, улардаги таълим бериш шакллари ва муаллимларнинг касбий малака ошириш тизими ҳақидаги билимларни бойитишга хизмат қилган.
Педагог кадрлар иш ҳақининг босқичма-босқич оширилиши ва ижтимоий имтиёзлар тизими кадрлар сони ўсишига хизмат қилган бўлса-да, марказий ҳукумат томонидан кафолатланган ижтимоий-маиший ёрдамнинг (уй-жой, коммунал хизматлар) маҳаллий даражадаги бюрократик тўсиқлар натижасида амалга оширилмаганлиги, ўқитувчи иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун касбий фаолиятидан ташқари қўшимча даромад манбаларини излашга мажбур бўлиши индивидуал танлов эмас, балки ижтимоий-иқтисодий таъминотнинг амалий ва ҳуқуқий диссонанси натижаси бўлганлигига оид масалалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгашида муҳокамадан ўтказилди. (Ўзбекистон Республикаси Миллий тикланиш партияси марказий кенгашининг 2025-йил 27-мартдаги 02-02-27-сонли далолатномаси). Натижалар халқ таълими соҳаси вакилларини мажбурий меҳнатга тортилишига қарши фикрлар, хусусан халқ таълимини кўтариш юзасидан янги маълумотлар билан бойитишга имкон берган.
Сирдарё вилоят давлат архивида сақланаётган ХХ асрнинг иккинчи ярмида мактаб ўқитувчиларининг дам олиш ҳуқуқи норматив ҳужжатлари, бу борада касаба уюшмалари томонидан олиб борилган ишлар, статистика маълумотлари, аёл педагоглар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг оила ва иш фаолияти ўртасидаги номутаносиблик, қишлоқ инфратузилмасининг заифлиги сабабли реабилитация хизматларидан фойдалана олмаслик муаммолари мавжудлиги тарихига оид илмий маълумотлардан вилоят тарихи ва ўлкашунослик музейи экскурсия матнларини тузишда ва фонд ҳужжатларини бойитишда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2025-йил 7-апрелдаги 04-05/1306-сон маълумотномаси). Натижалар давр педагогларини ойлик маошлари, молиявий қийинчиликлар сабабли қўшимча даромад олиш усуллари ҳақидаги билимларни бойитишга хизмат қилган.
Самарқанд вилояти давлат архивида халқ таълими тизим ривожига оид сақланаётган бирламчи манбалар асосида халқ таълими тизимида политехник мактабларнинг жорий этилиши педагогик метод эмас, балки таълим субъектларини аграр соҳанинг арзон меҳнат захирасига айлантирган тизимли механизм эканлиги, “академик вақтнинг бой берилиши” қонунияти моделлаштирилиб, 11 йиллик ўқув дастурининг 30 фоизи (3 йили) мажбурий меҳнатга сарфланиши “чаласаводлик” ва интеллектуал инқирознинг бош омилига айланганлиги, соҳанинг оммавий қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши ўқитувчи мақомини зиёли қатламдан техник ижрочига трансформация қилганлиги ҳақидаги маълумотлардан вилоят тарихи ва ўлкашунослик музейининг экспонат матнларини бойитиш, фонд ҳужжатларини тўлдиришга фойдаланилди. (Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг 2025-йил 22-апрелдаги 04-05/1533-сон маълумотномаси). Натижалар педагоглар сонини ортиб бориши, таълимни қишлоқ хўжалик ва жамоат ишларига оммавий жалб қилинишига оид буйруқ ва кўрсатмалар ҳақида янги маълумотлар билан таъминлашга хизмат қилди.
Шахсни мустақил фикрлашга эмас, балки давлат талабларига мос кадр қилиб тайёрлашда ўқитувчи нуфузи унинг билимига эмас, балки сиёсий топшириқларни қай даражада бажаришига боғлаб қўйилганлиги, миллий таълим услубларининг марказий андозалар асосида чекланиб, уни тизимга мослаштиришга хизмат қилгани, ҳамда ўқитувчи этикаси сиёсий мажбуриятларга бўйсундирилганлиги масалаларига доир янги илмий хулоса ва натижалардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида 2025-йил 31-май куни эфирга узатилган ”Тақдимот” кўрсатувининг ссенарийларини ишлаб чиқишда фойдаланилган. (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат унитар корхонасининг 2025-йил 03-июндаги 15-33/392-сон маълумотномаси). Натижалар кўп сонли телетомошабинларда ХХ асрнинг 60-80-йилларида Ўзбекистон ўқитувчиларининг ижтимоий турмуш тарзи ва кундалик ҳаёти тўғрисида янги илмий маълумотларга эга бўлишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish