Махкамова Дурдона Нематовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Мустақиллик даври ўзбек терминологиясининг модернизациялашуви”, 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: №B2018.3PhD/Fil492
Илмий раҳбар: Дадабоев Ҳамидулла Арипович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.41.01.
Расмий оппонентлар: Собиров Абдулхай Шукурович, филология фанлари доктори, профессор; Кўчимов Шуҳрат Норқизилович, филология фанлари доктори, профессор;
Етакчи ташкилот: Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек тили терминологик тизимларида модернизациялашув ҳодисасининг воқеланиши ва уни вужудга келтирувчи омилларни илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
модернизациялашувнинг лингвистик ҳодиса сифатидаги хусусиятлари ва уни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланиб, тилни модернизациялаш масалалари очиб берилган;
мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий, аниқ ва табиий фанлар терминологик тизимларида модернизациялашувнинг воқеланиши терминологик тизимдаги мазмуний, методологик, семантик ва структур ўзгаришлар асосида далилланган;
ҳозирги ўзбек терминографиясининг ўзига хос жиҳатлари ёритилган ҳамда терминографияни модернизациялаш йўллари ва уларни соҳага жорий қилиш усуллари кўрсатилиб, терминологик луғатлар мисолида исботланган;
ўзбек тили терминологияси доирасида модернизациялашувнинг акс этиши, уни вужудга келтирувчи омиллар, терминларда воқеланиши каби масалалар илк маротаба назарий планда асосланган ва ҳодиса билан боғлиқ муаммоли жиҳатлар аниқланиб, уларни ҳал этишга доир назарий ҳамда амалий таклифлар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мустақиллик даври ўзбек терминологияси модернизациялашуви тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида:
модернизациялашувнинг лингвистик ҳодиса сифатидаги хусусиятлари, тилни модернизациялаш унсурларини аниқлаш каби масалалар таҳлилига оид хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2019–2021-йилларда амалга оширилган И-ОТ-2019-42 – “Ўзбек ва инглиз тилларининг электрон (Инсон қиёфаси, феъл-атвори, табиат ва миллий тимсоллар тасвири) поетик луғатини яратиш” номли лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 3-сентябрдаги 01/4-3920-сонли маълумотномаси). Натижада ўзбек терминларининг модернизациялашуви, ҳодисанинг терминларда воқеланиши, янги терминлар ва маънолари лойиҳани янада бойитишга хизмат қилган;
ҳозирги ўзбек терминографиясининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда терминографияни модернизациялаш тамойиллари ва уларни соҳага жорий қилиш каби масалаларни таҳлил қилиш ҳақидаги хулосаларидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020–2023-йилларда бажарилган АМ-ФЗ-201908172 “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” номли амалий лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 26-августдаги 01/4-3759-сонли маълумотномаси). Натижада терминографияни модернизациялаш тамойиллари ва уларни соҳага жорий қилиш каби масалаларни таҳлил қилишга эришилган;
мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий, аниқ ва табиий фанлар терминологик тизимларида модернизациялашувнинг воқеланиши, терминологик тизимдаги мазмуний, методологик, семантик ва структур ўзгаришлар каби масалалар таҳлил қилинганига оид хулосаларидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2019–2022-йилларда бажарилган А-ОТ-2019-10 рақамли “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 26-августдаги 01/4-3760-сонли маълумотномаси). Натижада нейминг тизимидаги мазмуний, методологик, семантик ва структур ўзгаришлар каби масалаларга оид материаллар билан бойитилган;
ўзбек тили терминологияси доирасида модернизациялашувнинг акс этиши, унинг соҳа вакиллари нутқида воқеланиши, терминологик тизимнинг тил тараққиётидаги ўрни, терминнинг илмий услубни шакллантиришдаги аҳамияти, терминологик тизим мукаммаллиги фан ёки соҳа тараққиётини белгиловчи омил экани ҳақидаги илмий, таҳлилий фикрлар, таклиф ва тавсиялардан “Ўзбекистон телерадиоканали” ДМнинг 2023, 2024-йилларда эфирга узатилган “Таълим ва тараққиёт”, “Миллат ва маънавият”, “Бедорлик”, “Адабий жараён” эшиттиришлари ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (ЎзМТРК “Ўзбекистон телерадиоканали” ДМ нинг 2024-йил 10-июлдаги 04-36-829-сонли маълумотномаси) Натижада ўзбек тили лексикасининг мустақиллик йилларидаги тараққиёти, терминологик тизимлардаги мазмуний ва структур янгиланишлар, тилнинг модернизациялашувига сабаб бўлувчи омиллар, интеграл соҳалар терминологик тизимларидаги ўзига хосликлар, ўзбек тили терминологик тизимларини модернизациялаш масалаларининг кенг жамоатчиликка етказилишига эришилган.