Каримов Исраил Мирзаевичнинг 
фанл доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қаттиқ жисмлар ва пластик муҳитлар ўртасидаги зарбали ўзаро таъсир” (Ударное взаимодействие твердых тел с пластическими средами) 01.02.04–Деформацияланувчан қаттиқ жисм механикаси (физика математика фанлари). Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: №  B2025.4.DSc/FM311
Илмий маслаҳатчилар – Россия Фанлар Академияси академиги Шемякин Евгений Иванович ҳамда физика-математика фанлари доктори, профессор Сафаров Исмоил Иброҳимович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи DSc.05/2025.27.12.Т/FM.10.01 рақамли Илмий Кенгаш. 
Расмий оппонентлар: Мардонов Ботир  – физика-математика фанлари доктори, профессор; Юлдашев Шарофиддин – техника фанлари доктори, профессор; Исмоилов Кубаймурот – техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қаттиқ жисмларнинг эластик-пластик муҳитлар билан зарбали ўзаро таъсири жараёнларини комплекс моделлаштириш орқали материал хусусиятлари, зарб берувчининг геометрияси ва тўқнашув тезлигининг пенетрация динамикасига таъсирини аниқлаш, шунингдек, пластик соҳалар ва контакт кучланишларини тавсифловчи такомиллаштирилган сонли-аналитик методологияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг қўлланилиш имкониятларини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
понанинг оғиш бурчаги критик қийматга етганда, изоляцияланган сирпаниш чизиғи ҳосил бўлиши кузатиладиган муҳитни пластик деформациялаш механизмлари ўзгаришини аналитик тавсифланган ҳамда максимал ботиб кириш чуқурлигини таъминлайдиган оптимал носимметрик зарба режими аниқланган;
тўла пластиклик режимида ғадир-будур айланма жисмлар ботиб киришида турғун зоналар эволюциясининг янги қонуниятлари аниқланган ҳамда кичик очилиш бурчагига эга (β<15) конуслар учун тўла пластикликнинг классик шарти бажарилмаслиги ва бу ҳолат юқори баҳолаш усулини қўллашни талаб этиши исботланган;
тўлиқ бўлмаган пластиклик режимида эркин сиртнинг дастлабки чўкишидан пластик бўртишига ўтиш механизми аналитик тавсифланган, шунингдек, индентор чуқурлашган сари деформацион-анизотроп тўлиқ бўлмаган пластиклик соҳаси қонуний равишда қисқариши ва тўла изотроп пластиклик зонаси томонидан сиқиб чиқарилиши исботланган;
янги кинематик рухсат этилган тезликлар майдонларини қуриш ва ясси цилиндр ҳамда понасимон штамп учун маълум бўлган ечимларга нисбатан чегаравий босим юқори баҳосининг янада аниқроқ (энг кичик) қийматларини таъминловчи такомиллаштирилган аналитик формулалар олинган; 
тешиб ўтиш кузатилмаганда зарба берувчи жисм қайтишининг тўрт босқичли механизмини аниқлаш ва критик тешиб ўтиш тезликларини белгилаш, шунингдек, икки қатламли тўсиқнинг баллистик самарадорлиги қатламлар тартибига сезиларли даражада боғлиқлиги исботланган, жумладан қатламларни «мис-алюминий» конфигурациясида жойлаштиришда зарба энергиясининг максимал ютилиши таъминланган ва конструксиянинг баллистик мустаҳкамлиги ошган;
грунтга ботиб киришнинг зичлашиш, силжишли сиқиб чиқариш ва чўзувчи кучланишлар ҳисобига кўтарилма дўнглик ҳосил бўлишини ўзида мужассам этган мураккаб механизми сонли асосланган, шунингдек, қобиқ ичидаги суюқлик гидродинамикасининг сифат жиҳатидан ўзгариши факти, яъни эластик тўсиққа урилганда классик чайқалиш режимидан, мутлақ қаттиқ тўсиқ билан тўқнашганда юқори тезликдаги кумулятив оқим ҳосил бўлишигача ўзгариши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мазкур диссертация ишида ишлаб чиқилган ҳисоблаш услублари, алгоритмлари ва дастурлари боʻйича олинган натижалар асосида: 
конструксияларда ҳаракатланувчи кучлар таъсирида юзага келувчи тебранишлар ва урилишларни камайтириш усулларидан 2012–2016-йилларда Бухоро муҳандислик-технология институтида бажарилган Ф-4-14 рақамли “Оқимдаги суюқликка эга бўлган эгри чизиқли ерости қувурларининг ташқи кучлар таъсирида кучланиш–деформация ҳолатини ҳисоблаш назариясини ривожлантириш ва метод¬ларини ишлаб чиқиш” номли фундаментал лойиҳага жорий қилинган (Бухоро муҳандислик-технология институтининг 2025-йил 25-июн 634-сон сонли маълумотномаси). Натижада, конструксияларда резонанс зоналарини олдиндан аниқлаш имконияти яратилган;
қаттиқ асоснинг мустаҳкамланган грунтли муҳитда ўзгармас бурчакда ва тезлик йўналишида кириб боришини ўрганишнинг назарий асосларидан бино фундаментларининг чўкишига баҳо бериш; ишқаланиш коеффициенти, штамп шаклининг турғунлик зонаси ҳажмига таъсири ва сейсмик юкланишнинг интенсив бўлиши, конуснинг ярим текисликка кириб бориши эркин сирт шаклининг ўзгаришини ва грунт бикирлигини ҳисобга олиш методикаси “Бухоро экспериментал лойиҳалаш илмий текшириш институти” МЧЖ, Бухоро шаҳридаги “Қурилишлойиҳа” МЧЖ, “Узжамоалойиҳа” МЧЖ лойиҳа ташкилотларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сейсмик хавфсизлик масалаларини мувофиқлаштириш департаментининг 2025-йил 6-августдаги №25/1-1114-сонли маълумотнома). Натижада грунтлардаги пойдеворлар учун тўлиқ ва қисман пластиклик зоналарини аниқлаш ҳамда ерости цилиндрсимон иншоотларнинг сейсмик таъсирлар билан ўзаро таъсирлашув ҳолатини олдиндан баҳолаш имкони яратилган; 
ишлаб чиқилган алгоритм ва дастурий таъминот «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти марказий илмий-тадқиқот лабораториясининг лойиҳалаш ишларига жорий этилган (2025-йил 30-июлдаги №23/01-01-07/534-сонли хулоса). Натижада, олинган илмий-техник ечимларнинг амалиётга татбиқ этилиши тоғ жинсларини майдалаш самарадорлигини 15 фоизгача оширишга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish