Ҳамроева Нафиса Низомиддиновнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумот 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Фатик мулоқотнинг ижтимоий-маданий ва когнопрагматик тадқиқи (саломлашиш, миннатдорчилик, хайрлашиш мисолида)” 10.00.01 – Ўзбек тили
Диссертация мавзуси роʻйхатга олинган рақам: В2025.2.DSc/Fil983
Илмий раҳбар: Тоирова Гули Ибрагимовна филологийа фанлари доктори (DSc), профессор 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи (муассасалар), ИК рақами: Бухоро давлат университети  DSc.03/2025.27.12.Fil.08.07
Расмий оппонентлар: Илмий кенгаш аъзоси Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Мухамедова Саодат Худойбердиевна, Ренесанс таълим университети профессори, филология фанлари доктори (ДСc) Хурсанов Нурислом Искандарович ва Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори Каримов Суюн Амирович.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек фатик мулоқотида саломлашиш, миннатдорчилик, хайрлашишнинг хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Тадқиқотнинг илмий йангилиги қуйидагилардан иборат: 
ўзбек фатик нутқида мулоқотга киришиш (саломлашиш), мулоқотни давом эттириш (миннатдорчилик) ва мулоқотни якунлаш (хайрлашиш) каби нутқ актлари лингвокултурологик ҳамда когнопрагматик ёндашувлар асосида турли ижтимоий-маданий контекстларда коммуникатив бирлик сифатида илмий жиҳатдан асосланган;
саломлашиш нутқий этикет формулаларининг таркибий-семантик компонентлари, уларнинг маъно дифференциал хусусиятлари ва коммуникатив вариантлари лингвокултурологик модел асосида, маданий коннотациялар ва нутқий контекстлар билан асосланган;
саломлашиш формулаларининг прагматик мақсадга кўра қўшимча семантик юкламага эга бўлмаган содда шакллари ҳамда миннатдорчилик ва тилак маъноларини ўз ичига олган мураккаб шакллари мулоқот вазиятлари билан боғлиқ ҳолда аниқланган;
эпистоляр мулоқотда саломлашиш, миннатдорчилик ва хайрлашиш каби фатик нутқ актларининг ёзма (хат, мактуб, ариза, табрикнома) ҳамда электрон (электрон почта, ижтимоий тармоқлар, мессенжер ёзишмалари) диалог намуналари анъанавий нутқ муҳитида маросимий, расмий ва кундалик вазиятларда, замонавий мулоқотда эса соддалаштирилган, тезкор ҳамда кўпинча қисқартирилган ёки мултимодал (эможи, стикер, қисқа формулалар) шаклларда қўлланиши мисоллар асосида далилланган; 
“миннатдорчилик” тематик гуруҳига кирувчи коннотатив семантикаси чекланган “раҳмат”, “катта раҳмат”, “ташаккур” каби содда формулалар ва тилак ҳамда дуо элементлари билан уйғунлашган “раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин”, “катта раҳмат, умрингиз узоқ бўлсин” бирликлари когнопрагматик ёндашув асосида уларнинг маданий хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Фатик мулоқотнинг ижтимоий-маданий ва когнопрагматик тадқиқини ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида: 
ўзбек фатик нутқда мулоқотга киришиш (саломлашиш), мулоқотни сақлаб қолиш (миннатдорчилик), мулоқотни якунлаш (хайрлашиш) репрезентация сифатида очиб берилишига доир илмий хулосалардан 2020-2023-йилларда бажарилган АМ-ФЗ-201908172 рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” номли амалий грант лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 25-апрелдаги 01/4-1645- сон маълумотномаси). Натижада саломлашиш нутқий этикет формулаларининг прагматик мақсадига кўра қўшимча маънога эга бўлмаган саломлашиш ҳамда тилак ва миннатдорчилик семаларини ўз ичига олган саломлашиш турлари аниқланишига оид илмий хулосаларга эришилган;
лингвокултрологик ёндашувлар асосида саломлашиш нутқий этикет формулаларининг таркибий-семантик компонентлари, “миннатдорчилик” тематик гуруҳининг таркибидаги қўшимча коннотатив маъноларни ўз ичига олмайдиган миннатдорчиликни ифодаловчи формулалар асосидаги илмий-назарий хулосалардан 2020-2021-йилларда бажарилган А-ОТ-2021-2-рақамли “Тиббиётга оид атамалар электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2025-йил 24-июндаги 4040-сон маълумотномаси). Натижада тиббий дискурс шароитида мулоқотга киришишнинг когнитив-семантик асосларини аниқлаш, саломлашиш ва кўришиш каби нутқий одатларнинг ижтимоий-маданий ҳамда коммуникатив функсияларини ўзбек тилида ифодаланиш хусусиятларини илмий асосда таҳлил қилиш, шунингдек, касбий мулоқот маданиятининг шаклланишига оид назарий ва амалий хулосалар ишлаб чиқилган;
“миннатдорчилик” тематик гуруҳига оид коннотатив семантикага эга бўлмаган содда формулалар билан бир қаторда, тилак ва дуо унсурлари билан уйғунлашган мулоқот бирликларининг когнопрагматик таҳлилларидан 2021-2023-йилда бажарилган  ПФ-201912258 рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2025-йил 9-июлдаги 01/4-3021-сон маълумотномаси). Натижада миннатдорчилик ифодаларининг функсионал-илғовчан хусусиятлари ва уларнинг маданий-коммуникатив контекстдаги роли аниқланиб, мазкур йўналишга оид янги илмий далиллар билан бойитилган;
фатик мулоқотнинг (саломлашиш, миннатдорчилик, хайрлашиш) ижтимоий, маданий ва когнопрагматик хусусиятлари, нутқдаги коммуникатив жараёнларнинг маънавий-маърифий аҳамиятига асосланган назарий ва амалий хулосалардан 2024–2025-йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Бухоро” вилояти телерадиоканалида эфирга узатилган “Ассалом, Бухоро”, “Нажот билимда” ҳамда “Саккизинчи мўжиза” телеешиттиришлари ссенарийларини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган  (Бухоро  вилояти  телерадиокомпаниясининг  2025-йил  28-апрелдаги 
01-09-85-сон маълумотномаси). Натижада коммуникатив бирликларнинг ижтимоий-маданий функсиялари ва уларнинг ментал-маданий коннотацияси очиб берилган;
саломлашиш, хайрлашиш, миннатдорлик билдириш манзаралари акс этган лавҳалар таҳлилига оид кузатишларидан, ўзбек тилшунослигида илк маротаба ўзбек фатик нутқда мулоқотга киришиш (саломлашиш), мулоқотни сақлаб қолиш (миннатдорчилик), мулоқотни якунлаш (хайрлашиш) репрезентация сифатида очиб берилишига оид қарашлардан адабий-маърифий тадбирлар ссенарийлари ва услубий тавсияларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг 2025-йил 28-апрелдаги 13-сонли маълумотномаси). Натижада касбий мулоқотда фатик бирликларнинг коммуникатив-прагматик хусусиятлари ва уларнинг замонавий тил муҳитидаги ифода усуллари аниқланган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish