Хошимов Ўткиржон Қўшмирзаевичнинг
тарих фанлари доктори (DSc) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон олий таълим тизимида илм-фан соҳаларидаги муаммолар ва ўзгаришлар (1985-2025 йй)», 07.00.01– Ўзбекистон тарихи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2022.3.DSc/Tar242.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети. DSc.03/30.12.2021.Tar.26.03
Илмий раҳбар: Маврулов Абдухалил Абдулхаевич тарих фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар тарих фанлари доктори, профессор Обламуродов Наим Халимович, тарих фанлари доктори, профессор Эргашева Юлдуз Алимовна, тарих фанлари доктори (DSc), профессор Бобоев Феруз Сайфиллоевич,
Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 1985–2025 йилларда Ўзбекистон олий таълим тизимидаги илм-фан соҳаларида юз берган ўзгаришларни ёритиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
совет мустабид тузуми даврида илм-фанга бўлган эътибор асосан расмий мафкуранинг манфаатларини қондиришга қаратилгани, олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш устувор аҳамиятга эга бўлганлиги, айни пайтда табиий ва аниқ фанларнинг вазифаси собиқ марказни хом ашё билан таъминлашга, ижтимоий-гуманитар фанларнинг сиёсийлаштирилгани эса ҳукмрон сиёсий тузумнинг дунёдаги “энг адолатли”, “энг инсонпарвар” давлат барпо этишни ғоявий-мафкуравий асослашга йўналтирилгани исботланган;
мустақилликнинг илк даврлариданоқ Ўзбекистон илм-фани миллий манфаатларга қаратилгани, олий таълим муассасаларида илм-фан фаолиятнинг энг муҳим, устувор йўналишига айлантирилгани, мамлакатни аграр давлатдан индустриал жиҳатдан ривожланган давлатга айлантириш, олий таълимдан кейинги таълимнинг самарадорлик даражасини оширишнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари яратилгани аниқланган;
мустақилликнинг дастлабки, ўтиш даврида мамлакат иқтисодий имкониятларининг чекланганлиги, профессор-ўқитувчиларнинг молиявий қийинчиликлар туфайли бошқа соҳаларга ўтиб кетиши натижасида олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятнинг ҳаддан ташқари пастлаб кетиши, талабаларни ва профессор-ўқитувчиларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш ҳолати мутоносиб равишда 0,5 ва 10,2 фоизнигина ташкил этиши, бунинг оқибатида мазкур таълим соҳаси ижтимоий нуфузининг ортга кетиш жараёни юз бергани исботланган;
Янги Ўзбекистон олий таълим муассасаларида илм-фан ривожланишига, инновасион ишланма ва лойиҳаларни амалиётга жорий этиш, тижоратлаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига устувор аҳамият берилгани, рақобатга асосланган, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларига йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилгани аниқланган;
мамлакатда таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларнинг жорий этилиши олий таълим муассасаларида сифатли таълим бериш ва юксак салоҳиятли, рақобатбардош кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга имкон яратгани, бу жараёнда ёшларни илмий фаолиятга кенгроқ тортиш, таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштиришга кўмаклашувчи “Университет 3.0” консепсияси рўёбга чиқарилаётгани далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
“Ўзбекистон олий таълим тизимида илм-фан соҳаларидаги муаммолар ва ўзгаришлар” мавзусидаги тадқиқотдан олинган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
республика олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар режаси ва уни амалга оширишни жадаллаштириш орқали илмий салоҳиятни ошириш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш, бунда олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари сонини кўпайтириш, илм-фан соҳасида фаолият юритаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, амалий, инновасион ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш самарадорлигини ошириш бўйича таклифларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.09.2023-йилдаги ПФ-158-сон Фармони 1.7, 1.11.2 ва 1.11.3-бандларида белгиланган вазифаларни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2025 йил 28 майдаги 4/17-2025-77-сонли маълумотномаси). Натижаларнинг жорий этилиши олий таълим тизимида илмий салоҳиятнинг ўсиши, олий таълимдан кейинги таълим институтларига стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура (ПҳД), докторантура (DSc), мақсадли докторантура (ПҳД, DSc) қабул квоталарини оширишга, ёш олимларнинг фундаментал, амалий, инновасион, стартап лойиҳаларини молиялаштиришни такомиллаштириш имконини берган;
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида илм-фан, таълим соҳаларидаги ўзгаришлар динамикаси, олий ўқув юртларида замон талабларига жавоб берадиган мутахассисларни ўқитиш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтларининг очилиши ҳудудларда олий таълим ва илм-фан соҳаларида ривожланиш юз берганлиги билан боғлиқ таҳлилий маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Илмий-тадқиқот ва таълим марказида музей экспозисиясини яратишда, илмий анжуманлар, давра суҳбатлари ташкил этиш фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг 2025 йил 14 июндаги 01/53-2-сонли маълумотномаси). Натижаларнинг жорий этилиши Ўзбекистон Республикасида мустақилликнинг дастлабки йилларида олий таълим тизими ва илм-фан соҳаларини ривожлаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижаларини ёритиб беришга хизмат қилган;
Ўзбекистон олий таълим муассасаларида илм-фан соҳаларини ривожлантириш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларларнинг қабул қилиниши, олий таълим тизимида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, илм-фан соҳалари ҳамда профессор-ўқитувчиларни давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, таянч докторантура, докторантура босқичларига қабул квоталарининг оширилганлиги натижасида ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқишининг ортишига оид материаллардан Ўзбекистондаги Ислом Сивилизацияси маркази “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” залидаги экспозисияни шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси марказининг 2025 йил 3 июндаги 05-14/217-сонли маълумотномаси). Натижаларнинг жорий этилиши Ўзбекистон олий таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар, илм-фан соҳаларидаги ислоҳотлар самарасини кўрсатиб беришга оид маълумотларни бойитишга хизмат қилган;
олий таълим тизими ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш бўйича сўнги йилларда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар зарурати ва мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Давлат илмий ва техника дастурларида мустақилликдан олдин ва мустақиллик йилларида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар иштироки, илмий ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш, халқаро ҳамкорлик алоқалари, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш ва интеграция жараёнлари, соҳадаги муаммолар ва ютуқлар ҳақидаги илмий маълумотларидан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Мавзу”, “Чегара билмас тарих” кўрсатувлари ссенарийларини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Маърифат” ижодий бирлашмаси” давлат муассасасининг 2025 йил 12 сентябрдаги 01-33/668-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижалари Ўзбекистон тарихида олий таълим муассасаларидаги илм-фан соҳаларидаги юз берган ўзгаришлар ҳақида кенг жамоатчиликка тарғиб қилишга асос бўлган;
Янги Ўзбекистон олий таълим тизими, илм-фан соҳаларида ҳалқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга давлат томонидан катта эътибор қаратилаётганлиги натижасида олий таълим ва илм-фан соҳаларининг ҳалқаро стандартларга мослашуви, бу соҳаларда ҳамкорлик географиясининг кенгайганлигига оид масалалар таҳлил қилинган материаллардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказда бажарилган “ФЗ-202009302 – “Янги Ўзбекистон: тизимли либераллаштириш ва Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлашнинг ташқи сиёсий стратегияси” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2025 йил 12 сентябрдаги 3/1255-2217-сонли маълумотномаси). Натижаларнинг жорий этилиши Янги Ўзбекистон олий таълим тизими ва илм-фан соҳаларида халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожланиши билан боғлиқ ўзгаришларни ёритиб беришга хизмат қилган.