Отенова Фарида Толегеновнанинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Оролбўйининг суғориладиган ерларидаги тупроқлар ҳолатини комплекс экологик баҳолаш (мониторинг, муҳофаза қилиш ва  оқилона фойдаланиш», 03.00.10 – Экология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.4.DSc/В293.
Илмий маслаҳатчи: Мамбетуллаева Светлана Мирзамуратовна, биология фанлари доктори, професссор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.05/2025.27.12.В.14.02.
Расмий оппонентлар: Шамуратова Нагима Генжемуратовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, ррофессор; Саидова Муниса Эргашевна, биология фанлари доктори, профессор; Хусанова Онара Гайбуллаевна, биология фанлари доктори, досент.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Оролбўйининг суғориладиган ерларидаги тупроқлар ҳолатини комплекс экологик баҳолаш, мониторингини олиб бориш, муҳофаза қилиш ҳамда оқилона фойдаланиш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Жанубий Оролбўйи ҳудуди агроландшафтларида туз тўпланиш жараёнларининг барқарор характерга эгалиги ҳамда мавжуд шўр ювиш тадбирларининг паст самарадорлигини тасдиқловчи экологик стагнация омиллари аниқланган, бунда кучли шўрланган майдонлар улушининг 3,9-4,7% даражасида сақланиб қолаётгани мазкур ҳолатнинг индикатори сифатида эканлиги асослаб берилган;
Жанубий Оролбўйи шароитида туз алмашинуви динамикаси ва йўналишини белгиловчи тупроқларнинг физик-кимёвий хоссалари, суғориш технологияси, сифати ва табиий дренаж самарадорлиги каби омиллар мажмуаси ҳамда дренаж оқими таркибидаги чуқурлик тузлари ҳажмининг катталиги 20% дан 60% гача кўрсаткични ташкил этиб, бу ҳудуднинг гидрогеологик шароитларини, шунингдек, дренажларнинг жойлашиш чуқурлиги ва частотасини белгилаши аниқланган;
Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Кегейли ва Нукус туманларида ўта оғир даражадаги шўрланиш жараёнлари устунлик қилиши (майдонларнинг 42,8-57,5 фоизида юқори ва жуда юқори шўрланиш даражаси) НДСИ индекси ва деградация рискларини баҳолаш алгоритмлари асосида очиб берилган;
қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги билан суғориш учун бериладиган сув ҳажми ўртасидаги корреляцион боғлиқликлар натижасида  корреляция коеффициенти Р=0,55±0,81 оралиғида ва кўп даражали детерминация коеффициенти эса 0,31±0,65 ни ташкил этиб, бу эса Қорақалпоғистоннинг туманларида донли экинлар ҳосилдорлигига қўшимча  омиллар мажмуасининг (сув ресурслари ва бошқалар) таъсири юқори  эканлиги аниқланган;
ГАТ-технологиялари ёрдамида Оролбўйи суғориладиган ерларининг экологик ҳолати акс эттирилган картосхемалар ишлаб чиқилган ҳамда Жанубий Оролбўйи фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш базасини шакллантиришнинг пойдевори сифатида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича илмий асосланган амалий тавсиялар ишлаб чиқилган;
масофадан зондлаш усуллари ва ГАТ-технологияларидан фойдаланиш Жанубий Оролбўйи агротизимлари мониторингининг инновацион тизимларини шакллантиришда юқори хавф ҳудудларини тезкор аниқлаш ҳамда ер ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш имконини бериши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Оролбўйининг суғориладиган ерларидаги тупроқлар ҳолатини комплекс экологик баҳолаш (мониторинг, муҳофаза қилиш ва  оқилона фойдаланиш) бўйича олинган натижалар асосида:    
Жанубий Оролбўйи ҳудудидаги тупроқнинг деградация даражасини аниқлаш ва асосий атроф-муҳит омилларининг тупроқнинг физик-кимёвий, кимёвий, морфологик ва биологик хусусиятларига таъсирини баҳолаш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар ҳамда чора-тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги амалиётига жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 29 октябрдаги 02-01/18-2-3557-сон маълумотномаси). Натижада, Жанубий Оролбўйи ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги ерларининг тупроқ унумдорлигини сақлаш ва тиклаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконинини берган;
экологик шароитлар мажмуасини ҳисобга олган ҳолда ерлардан фойдаланиш ва уларни яхшилаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг мослашувчанлигини, барқарорлигини ва табиатни муҳофаза қилишдаги ролини оширишга қаратилган Оролбўйи ҳудуди агроландшафтларини бошқариш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг амалий фаолиятига жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 14 ноябрдаги 01/01-4488-сон маълумотномаси). Натижада, қишлоқ хўжалиги ерларининг деградациясини ва тупроқ эрозиясининг салбий жараёнларини ривожланишининг олдини олиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, самарали экотизимларнинг номутаносиблик коеффициентларини ишлаб чиқиш имконини берган;
Оролбўйи ҳудудидаги табиий ва деградацияга учраган тупроқларнинг фазовий ҳудудийлигини аниқлаш мақсадида, коллектор-дренаж тизимидаги сув ресурсларини туманлар кесимида дифференциялаш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Жанубий Оролбўйи минтақасидаги табиий ва деградацияга учраган тупроқларнинг экологик мониторингини ўтказишда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги амалиётига жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 16 январдаги 01/04-3-17а-сон маълумотномаси). Натижада, Жанубий Оролбўйи минтақасидаги фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш базаси асоси сифатида ерларнинг унумдорлигини қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва маҳсулдор деҳқончиликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish