Холлиев Фахриддин Боходировичнинг
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ғовак муҳитларда модда кўчиши жараёнларининг каср тартибли дифференциал математик моделларини тузиш ва сонли тадқиқ этиш», 05.01.07–Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.4.PhD/FM826.
Илмий раҳбар: Хужаёров Бахтиёр, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/2025.27.12.FM.01.03 рақамли илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Нормуродов Чори Бегалиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор; Нуралиев Фарход Абдуғаниевич, физика-математика фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги М.Т. Уразбоев номидаги Механика ва Иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади кўчиш жараёнига таъсир этувчи турли физик-механик ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитларда модда кўчишининг математик моделларини қуриш ва масалаларни сонли ечишнинг самарали алгоритмларини ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
қўзғалувчан ва қўзғалмас суюқликли зоналардан ташкил топган бир жинсли бўлмаган муҳитда каср тартибли дифференциал тенгламалардан фойдаланган ҳолда модда кўчишининг такомиллаштирилган математик модели таклиф этилган;
такомиллаштирилган модел қўйилган масалалар асосида сонли ечилган, кўчиш хусусиятлари аниқланган ва уларга аномаллик ҳодисаларининг таъсири баҳоланган;
бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитда модда кўчиши масаласи адсорбсион ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда дисперсия коеффициентини турлича танлаш билан сонли ечилган. Адсорбсион ҳодисалар модда кўчиши динамикасининг умумий кечикишига олиб келиши аниқланган;
модда адсорбсияси ҳодисасини ҳисобга олган ҳолда филтрация тезлиги майдонининг бир жинсли бўлмаган тақсимотини ҳисобга олган ҳолда ғовак муҳитда модда кўчишининг такомиллаштирилган модели таклиф этилган;
кўп вариантли ҳисоб-китобларни амалга ошириш орқали модда кўчиши хусусиятларини аниқлаш имконини берувчи самарали сонли алгоритмлар ишлаб чиқилган;
ғовак муҳитларда моддаларнинг аномал кўчиши математик моделларининг параметрларини аниқлаш бўйича тескари масалалар ечилган;
ғовак муҳитларда модданинг аномал кўчиши хусусиятларини ҳисоблаш учун дастурий-ҳисоблаш муҳити ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Фрактал тузилишга эга бўлган ғовак муҳитларда модданинг аномал кўчишининг такомиллаштирилган математик моделларини сонли тадқиқ қилиш бўйича олинган илмий натижалар амалиётда қуйидаги йўналишларда жорий этилган:
фрактал тузилишга эга бўлган ғовак муҳитларда модданинг аномал кўчиши жараёнининг такомиллаштирилган математик модели, самарали ҳисоблаш алгоритми ва дастурий маҳсулотларидан ФЗ-202009211 рақамли “Аралаш турдаги тенгламалар учун характеристика ва бузилиш чизиғида Франкл ва Биесадзе-Самарский шартлари берилган масалалар корректлигини ноклассик сингуляринтеграл тенгламаларга олиб келиб ўрганиш” мавзусидаги фундаментал грант доирасида бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитларда масаланинг сонли ечимини моделлаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024-йил 3-декабрдаги 33-8/8183-сон маълумотномаси). Натижада сингуляр интеграл тенгламалар учун эквивалент дифференциал тенгламалар тузиш ва дифференциал тенгламаларни сонли ечиш, олинган натижаларни аналитик ечимлар билан таққослаш, хусусий ҳосилали аралаш типдаги дифференциал тенгламаларни аналитик ва сонли ечиш, масаланинг турғунлиги ва самарадорлигини баҳолаш имконини берган.
“Икки зонали бир жинсли бўлмаган муҳитда моддаларнинг аномал кўчиши жараёнини сонли тадқиқ қилиш”, “Адсорбсия ҳодисасини ҳисобга олган ҳолда бир жинсли бўлмаган ғовак муҳитларда моддаларнинг аномал кўчишини сонли моделлаштириш” дастурий маҳсулотларидан Сурхондарё вилояти Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Сув йиғиш бошқармаси томонидан Сурхондарё сув омборини тўлдиришда сув билан бирга оқиб келадиган чўкиндилар ва ифлосликларнинг тарқалишини баҳолашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2024-йил 3-декабрдаги 33-8/8183-сон маълумотномаси). Натижада, суғориш масалаларида қатламлар ғовак муҳитлардан ташкил топганлигини инобатга олиб, конвектив-диффузион кўчиш жараёнини дастур асосида адсорбсиянинг ролини баҳолаш ҳамда муҳандислик ҳисобларига сарфланадиган вақт ва меҳнат сарфини камайтириш имконини берган.