Абдужалилова Диёра Абдужалол қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ҳайрат ул-аброр” ва “Гулшан ул-анвор” достонларининг қиёсий таҳлили”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик ихтисослиги (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2024.2.PhD/Fil4605. 
Илмий раҳбар: Юсупова Дилнавоз Раҳмоновна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.41.01. 
Расмий оппонентлар: Эркинов Афтондил Содирханович, филология фанлари доктори, профессор; Балтабаев Саидбек Ҳамдамович, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” ва Яҳёбей Тошлижалининг “Гулшан ул-анвор” достонларини қиёсий жиҳатдан илмий асослашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Алишер Навоий ва Яҳёбей Тошлижалининг адабий ҳамда ижтимоий фаолияти илк бор ўзаро қиёсий таҳлил асосида ўрганилиб, уларнинг давлат бошқаруви тизимидаги иштироки, ҳукмдор саройига яқин шахс сифатидаги мавқеи ҳамда ижодий фаолияти ўртасидаги муштараклик ва тафовутлар илмий жиҳатдан асослаб берилган;
 “Ҳайрат ул-аброр” ва “Гулшан ул-анвор” достонларининг таркибий тузилиши, поетик архитектоникаси қиёсий жиҳатдан таҳлил этилган ҳамда Тошлижали достонидаги танбеҳ ва тамсилларнинг достон мазмуни ва ижодкор поетик тафаккурини очишдаги ўрни аниқланган;
ҳар иккала достондаги образлар шайх ва авлиёлар, ҳукмдор ва шаҳзодалар ҳамда мажозий образларга ажратилиб тасниф қилинган ва бу образларнинг мангу образлар истилоҳи остидаги моҳияти мисоллар асосида илмий далилланган;
достонлардаги мақолат ва ҳикоятларнинг ўзаро муносабатини тадқиқ этиш орқали ҳар икки ижодкорнинг поетик тафаккури ва ғоявий-эстетик нияти очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достони ҳамда Яҳёбей Тошлижалининг “Гулшан ул-анвор” достонлари қиёсий тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Ҳайрат ул-аброр” ва “Гулшан ул-анвор” достонларининг таркибий тузилиши, поетик архитектоникаси қиёсий жиҳатдан таҳлил этилган ҳамда Тошлижали достонидаги танбеҳ ва тамсилларнинг достон мазмуни ва ижодкор поетик тафаккурини очишдаги ўрни кўрсатиб берилган ҳамда достонлардаги мақолат ва ҳикоятларнинг ўзаро муносабатини тадқиқ этиш орқали ҳар икки ижодкорнинг поетик тафаккури ва ғоявий-эстетик нияти очиб берилган ўринлардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2023 – 2024-йилларда бажарилган “АЛ-662205561-рақамли “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва  адабиёти университетининг 2024-йил 26-октябрдаги 01-3047-сон маълумотномаси). Натижада ушбу таҳлилий маълумотлар “Алишер Навоий муаллифлик корпусини яратиш” номли амалий лойиҳанинг илмий-назарий базасини мустаҳкамлаб, достонларнинг таркибий ва поетик хусусиятларини чуқур ёритиш ҳамда Навоий поетик тафаккурини компютер лингвистикаси орқали тадқиқ этишга хизмат қилган;
достонларнинг ўзбек ва жаҳон адабиётшунослигида илк бор монографик планда қиёсий таҳлили амалга оширилиб, достонларнинг матн таркиби, композицион тизими, поетик архитектоникаси ва уларнинг яратилишига асос бўлган бадиий-эстетик тамойиллар илмий жиҳатдан асосланганига оид илмий хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021 – 2023-йилларда бажарилган ПФ-201912258-рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва  адабиёти университетининг 2024-йил 26-октябрдаги 01-3048-сон маълумотномаси). Натижада достонларнинг структур-композицион хусусиятларини аниқлаш ва уларнинг дидактик достон анъаналаридаги ўрнини белгилашга доир илмий хулосалар шаклланиб, мазкур йўналишдаги кўп тилли электрон платформа материалларининг илмий-методик асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
ҳар иккала достоннинг муқаддималари ўзаро қиёсланиб, муаллифлар томонидан танланган фалсафий-дидактик мавзуларнинг талқини, ундаги консептуал ғоялар ва адабий-бадиий ниятларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари аниқланган ва достонларнинг ички композицион тузилишидаги мақолат ва ҳикоятлар ўртасидаги ўзаро муносабат таҳлил қилиниб,  анъанавий дидактик достонларнинг тараққиётига қўшган ҳиссасига оид хулосалардан  Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021 – 2023-йилларда бажарилган ИЛ-402104474-рақамли “болаларадабиёти.уз” электрон платформа ва унинг мобил иловасини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва  адабиёти университетининг 2024-йил 26-октябрдаги 01-3049-сон маълумотномаси). Натижада Алишер Навоий ва Яҳёбей Тошлижалининг поетик мероси ўртасидаги қиёсий боғлиқлик, уларнинг ижодий консепсияси, бадиий қарашлари, ғоявий-эстетик мақсад ва поетик тафаккуридаги муштарак ҳамда фарқли жиҳатларни очиб беришга доир илмий хулосалар платформанинг илмий-назарий асосини бойитган;   
Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” ҳамда Яҳёбей Тошлижалининг “Гулшан ул-анвор” достонларининг ғоявий-бадиий хусусиятлари, ахлоқий-дидактик қарашлари ва тасаввуфий поетикасига оид хулосалардан Республика маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг “Буюк аллома ва маърифатпарвар жадидлар ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, бой маънавий ва маданий меросларини асраб-авайлаш, илмий-ижодий асарларни кенг тарғиб қилиш” мавзусидаги тарғибот ишларини ташкил этиш ва ўтказишда фойдаланилган (Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг 2025-йил 14-январдаги 10/11-сонли маълумотномаси). Натижада диссертация материаллари мазкур тарғибот ишларининг илмий асосини мустаҳкамлаб, буюк алломалар бой маънавий-маданий меросини кенг тарғиб қилишга самарали ҳисса қўшди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish