Рахимов Бехруз Абдурашид ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўза селекциясида тола чиқими ва сифати юқори бошланғич ашё яратишда турлараро дурагайлашнинг аҳамияти”, 06.01.05– Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Qx 1773
Илмий раҳбар: Тореев Фозилбек Нуруллаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Аманова Махфурат Эшмурадовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Чоршанбиев Нурали Эсонпулатович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғўзанинг турлараро оддий ва мураккаб дурагайлаш асосида тезпишар, маҳсулдор, тола чиқими ва сифати юқори ҳамда вилт касаллигига бардошли бошланғич селексион ашёларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Г.ҳирсутум Л. ва Г.барбаденсе Л. турларида оддий ва мураккаб дурагайлаш услубини қўллаган ҳолда яратилган тизмаларнинг вилт касаллигига бардошли, тола чиқими ва сифати юқори бўлишида мураккаб дурагайлаш услуби самарали эканлиги аниқланган;
турлараро Ф2-Ф3 дурагайларда белгиларнинг ажралиш жараёнида ҳамда вилт замбуруғлари билан табиий зарарлантирилган муҳитда ушбу касалликка бардошли, тола чиқими ва сифати юқори бошланғич ашёлар танлаб олинган;
турлараро оддий ва мураккаб Ф3 авлодда тезпишарлик, вилт касаллигининг умумий даражада зарарланиши билан бошқа асосий белгиларнинг ўзаро боғлиқлиги аксарият дурагайларда ўрта даражада ижобий бўлганлиги аниқланган;
ғўзанинг турлараро Ф4-Ф5 авлод оилаларида қимматли хўжалик белгилари таҳлиллари асосида оддий дурагайлардан 4 та ва мураккаб дурагайлардан 7 та тезпишар, маҳсулдор, юқори тола чиқими ва сифатига эга янги тизмалар ажратиб олиниб, селекция жараёнлари учун бошланғич ашёлар сифатида тавсия этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ғўза селекциясида тола чиқими ва сифати юқори бошланғич ашё яратишда турлараро дурагайлашнинг самараси бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
ғўзанинг янги яратилган Т-24, Т-27, Т-33 ва Т-36 тизмалари 2025-йилда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги уруғчилик фермер хўжаликларида жами 5,55 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 15-октябрдаги 05/04-04-674 сонли маълумотномаси). Натижада, серҳосил, йирик кўсакли, вилт касаллигига бардошли, тола чиқими ва толанинг технологик кўрсаткичлари юқори бўлган мазкур тизмаларнинг оригинал уруғлари кўпайтирилган.
ғўзанинг янги яратилган Т-33, Т-36 тизмалари 2025-йилда Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги “Убайдулла бобо” уруғчилик фермер хўжалигида 1,0 га, “Шаропова Марифат” уруғчилик фермер хўжалигида 0,75 га, Касби туманидаги “Рашид Бобо Саломов” фермер хўжалигида 1,0 га ҳамда “Дўстмурод Эшонқулов” уруғчилик фермер хўжалигида 1,0 га, жами 3,75 га майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 15-октябрдаги 05/04-04-674 сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу тизмалар сув танқислигига бардошли, ўрта пишар (111-113 кун), битта кўсакдаги пахта вазни 5,8-6,0 г., тола чиқими 42,0-43,0 %, микронейр кўрсаткичи 4,2-4,3, тола узунлиги 1,23-1,25 дюйм, умумий ҳосилдорлик 40,0-43,5 с/га ни ташкил этиб, назоратга нисбатан 3,5-6,5 с/га юқори ҳосил олишга эришилган; 
ғўзанинг янги яратилган Т-24 ва Т-27 тизмалари 2025-йилда Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманидаги “Какайди фидокори” уруғчилик фермер хўжалигида 0,5 га, Термиз туманидаги “Фаровон Янгиариқ” уруғчилик фермер хўжалигида 1,3 га, жами 1,8 га майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 15-октябрдаги 05/04-04-674 сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу тизмалар сув танқислигига бардошли, ўрта пишар (112-115 кун), битта кўсакдаги пахта вазни 5,7-6,1 г., тола чиқими 41,0-42,6 %, микронейр кўрсаткичи 4,3-4,4 тола узунлиги 1,21-1,24 дюйм, умумий ҳосилдорлик 40,5-43,0 с/га ни ташкил этиб, назоратга нисбатан 3,5-6,0 с/га юқори ҳосил олишга эришилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish