Алтмишева Ёркиной Мажидовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): ““Бобурнома” бадиий энциклопедияси терминологик мозаикасининг рус тилига таржимаси аутентлиги муаммолари” (“Проблема аутентичности перевода на русский язык терминологической мозаики в художественной энциклопедии “Бабурнаме””), 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.DSc/Fil707 Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат чет тиллари институти.
Илмий маслаҳатчи: Қодиров Валижон Абдураҳмонович, педагогика фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Андижон давлат чет тиллари институти, DSc.03/2025.27.12.Fil.32.02.
Расмий оппонентлар: Саидхонов Маъмиржон Мухаммедович, филология фанлари доктори, профессор; Халлиева Гулноз Искандаровна, филология фанлари доктори, профессор; Тешабоева Зиёдахон Кадировна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади “Бобурнома”нинг Михаил Сале томонидан рус тилига таржимаси ва таҳрирларида терминологик лексика, хусусан, диний, ҳарбий ва тиббий терминларнинг асарда тутган ўрни, бу қатлам сўзларнинг ўгирилишининг аутентлик даражасини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тадқиқот жараёнида “Бобурнома” нинг рус тилига таржимаси арабшунос олим М.Сале томонидан амалга оширилганлиги сабабли асарнинг терминологик лексикасини узатишда жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, хатоларни бартараф қилиш йўллари кўрсатилган, адекват таржимаси таклиф этилган ҳамда терминларнинг таржимада мувофиқларини нотўғри танланганлиги очиқланган;
матнда рус ва ўзбек тилларининг махсус лексикасини таржима қилиш методологиясининг асосий қоидалари аниқ шакллантирилиб, “басмала” ибтидоси таржимасида “во имя” учлик – тринитар формуласининг боши нотўғри қўлланганлиги очиқланган;
“Бобурнома”нинг диний маросим терминларини таржима қилиш услубиятида асосий бўлган янги “ритуалема” термини киритилиб, диний, ҳарбий ва тиббий терминларнинг семантик майдони типологияси ишлаб чиқилган;
“Аллоҳ” теонимини насронийларнинг “господь” атамаси билан алмаштиришнинг номақбуллиги исботланган;
ислом лингвомаданиятига хос бўлган лексикани ўгиришда асосан таржима трансформацияларининг лексик ва семантик турларидан фойдаланиш таклиф этилган; трансформацион таҳлил жараёнида аслиятдаги маънонинг бузилиши, нотўғри таржима қилинган теонимлар (намоз, таҳорат, ғусл, вирд, идда ва бошқалар), муаллиф услубидан чекиниш ҳолатлари очиқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Бобурнома” терминологик (диний) лексикасининг рус тилига таржимаси аутентлиги муаммоларини тадқиқ этиш юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
“Бобурнома”нинг рус тилига таржималарини ўрганиш, хусусан, М.Сале томонидан туркий тилдан тўғридан-тўғри таржима таҳлили натижаларидан “Халқаро илмий бобуршунослик электрон платформасини яратиш” амалий лойиҳасида фойдаланилган (Бобур номидаги Халқаро жамоат фондининг 2023-йил 25- декабрдаги №74-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг рус тилидаги манбаларига оид қисми “Бобурнома” таржималарида муаллиф услубини қайта тиклаш муаммоларига оид янги маълумотлар билан тўлдирилган.
“Бобурнома”нинг рус тилига таржималаридаги терминологик лексиканинг аутентлиги муаммолари тадқиқига оид илмий хулосалар ва материаллар давлат илмий-техникавий дастури доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПФ-201912258-сонли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) элеcтрон платформасини яратиш” лойиҳасида фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 14.06.2025-й. № 01/4-2502-сон маълумотнома). Натижада платформа мазмунига илк бор «ритуалема /ритуалема» религионими киритилиб, рус ва ўзбек тилшунослигида янги термин сифатида изоҳланган тавсифи ишлаб чиқилган; диний атамалар таржимасининг аутентлик даражалари илмий асосланиб, “Бобурнома”нинг ўзбек ва рус тилларидаги диний терминлари биринчи марта структур-семантик, функсионал-услубий ва прагматик жиҳатлардан қиёсий таҳлил қилинган ҳолда тилшунослик фанининг ютуқлари ва тажрибаси асосида шакллантирилиб, кўп тилли материалларни семантик таҳлил қилишда самарали фойдаланилган.
Рус тилига таржима муаллифлари ҳақидаги маълумотлардан “Бобур. Бобурийлар. Библиография” кўп жилдлигини яратишда фойдаланилган (Бобур номидаги Халқаро жамоат фондининг 11.06.2025-й. №20-сон маълумотномаси). Натижада адабиётлар рўйхатига “Бобурнома”нинг жаҳон тилларига таржимасининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида маълумотлар қўшилди. Кўрсатилган маълумотлар билан хабардор бўлиш имконияти яратилган.
“Бобурнома”нинг рус тилига таржималарида махсус лексика, диний атамаларнинг аутентлиги муаммосига оид хулосалардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ўзбек бадиий таржимаси”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг Ўзбекистон ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни ва роли” туркумидаги адабий-маънавий ва илмий тадбирларни ташкил этиш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 9.06.2025-й. №01-03-258-сон маълумотномаси). Натижада мазкур дастурлар асосида ўтказилган тадбирлар диний атамаларнинг рус тилига адекват таржимаси ҳақидаги билимлар билан бойитилган.
“Бобурнома”нинг рус тилига таржималаридаги махсус лексика, диний атамаларнинг аутентлиги муаммосига оид хулосалардан 2023-йил 14-февралда эфирга узатилган “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллиги” адабий-маънавий-илмий кўрсатуви, 2023-йил 29-августдаги “Бобур мирзо ва ислом” ҳамда шу йўналишдаги бошқа тарихий мавзуларга бағишланган кўрсатувлар ссенарийсини тайёрлаш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон МТРК Андижон вилоят телерадиокомпаниясининг 18.06.2025-й. №01-13/142-сонли маълумотномаси). Натижада мазкур теледастурларнинг мазмунан серқирралиги ҳамда оммабоплиги таъминланган.