Қурбанова Кумушой Рашидовнанинг
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.  
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “ХХ аср бошлари Хоразм адабий муҳитида жанрлар поетикаси”.
10.00.02 – Ўзбек адабиёти.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Fil6460.
Илмий раҳбар: Аметова Улбосин Камилжановна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.01.12
Расмий оппонентлар: филология фанлари доктори, Жўраев Жалолиддин Олимжонович; филология фанлари доктори, доцент, Афоқова Нодира Махмудовна.
Етакчи ташкилот: Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ХХ аср бошларида Хоразм адабий муҳитида яратилган бадиий асарларнинг лирик жанрлардаги ўзига хослигини, мазмун ва шаклдаги анъанавийликлар ҳамда поетик янгиланишларни, адабий муҳитга доир муҳим факт ва маълумотларни ўрганиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кўрсатиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ХХ аср бошлари Хоразм адабий муҳити шоирлари ижодидаги ғазал, рубоий, туюқ каби лирик жанрлар генезиси, тараққиёт босқичлари тадрижийлаштирилган ва қиёслаш асосида далилланган;
ўрганилаётган даврда  мумтоз лирик  жанрлар такомили ғазал, кичик лирик жанрлар ва мусамматлар мисолида уларнинг мазмун-мундарижасига кўра – ишқий, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий; шакл жиҳатига кўра – вазндаги анъанавийлик (аруз вазни) ва янгиланишлар (бармоқ ва аруз вазнининг аралаш ҳолда келиши ёки тўлиқ бармоқ вазнига ўтилиши) таснифланган ва булар Аҳмад Табибий, Аваз Ўтар, Чокар, Мутриб, Сафо Муғанний, Ҳазиний каби кўплаб шоирлар асарлари мисолида аниқланган; 
мураккаб таркибли шеър шаклларида янгиланиш тамойиллари таржиъбанд, таркиббанд, қасида ва соқийномаларнинг шакли, мазмуни, вазни ва мумтоз поетик образлари жиҳатидан Аваз Ўтарнинг “Таржиъбанди хомиса”, Аҳмад Табибийнинг таржиъбандлари, Комёбнинг мазмун жиҳатидан янгиланган таркиббандлари,  Ниёзий, Комёб, Баёний қасидалари ва соқийномалари мисолида илмий аспектда очиб берилган;
1923-йилда Хоразмда Мулла Бекжон Раҳмон томонидан тартиб берилган “Юғурумия – Ўзбекча инқилоб шеърлари” тўплами тадқиқот жараёнида эски ўзбек ёзувидан жорий ёзувга муаллиф томонидан табдил қилинган ва китоб шаклида чоп этилган  ҳамда мумтоз лирик жанрларнинг мазмун жиҳатидан янгиланиши, аруз вазнидаги сакталиклар, бармоқ ва эркин вазнга ўтиш ҳолатлари тадқиқот ишида тўпламдаги шеърлар мисолида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. ХХ аср бошлари Хоразм адабий муҳити вакиллари ижодидаги жанрларда анъанавийлик ва новаторлик бўйича олиб борилган илмий натижалар асосида:
ХХ аср бошлари Хоразм адабий муҳити шоирлари ижодидаги лирик жанрларнинг мавзу кўлами, шакли, қофия, вазн ва шеърий санъатлар тизимида мумтоз анъаналар давомийлиги билан бир қаторда, новаторлик белгиларининг кўзга ташланиши ҳақидаги назарий хулосалардан Қорақалпоғистон Республикаси “Бердоқ” жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди молиялаштирган 2024-2025-йилларга мўлжалланган 87-14/63-сонли “Қорақалпоқ этно овули” мавзусидаги давлат грант лойиҳаси доирасида самарали фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси “Бердоқ” жамоат фондининг 2025-йил 22-декабрдаги 14-сонли маълумотномаси). Натижада ХХ аср бошлари Хоразм адабий муҳитида мумтоз адабиёт, анъаналари ва девон адабиётининг янгиланиш тамойиллари жанр, вазн, мавзу, образлардаги анъанавийлик ва новаторлик асосида илмий жиҳатдан далилланди.
“ХХ аср бошида Хивада яратилган “Юғурумия” мажмуасидаги шеърий жанрларнинг мавзу кўлами” (“Тил ва адабиёт.уз” журнали. Тошкент. 2025-йил, 6-сон); “Комёб ижодида чистон жанри” (“ҚДПИ Илмий хабарлар” журнали. Қўқон. 2025-йил, 5-сон); “ХХ аср Хива адабий муҳитида таржиъбанд жанри” (“Таълим ва тарбияда жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ўрни” мавзусида ташкил этилган Республика миқёсидаги илмий амалий анжуман. Урганч. 2025-йил 10-июн) каби мақолаларидаги таҳлиллардан; “Хоразм адабий муҳитида лирик жанрлар тадрижи ва мумтоз адабиёт анъаналари” ҳамда “Ғазал ва кичик лирик жанрлар тараққиёти” деб номланган боб фаслларида таҳлил қилинган Хоразм адабий муҳитида ХХ аср бошларида яратилган жанрларда анъанавийлик ва янгиланишлар; бу давр шоирларидан Аваз Ўтар, Табибий, Девоний, Ниёзий, Чокар, Сафо Муғанний, Оқил ва бошқа яна кўплаб шоирларнинг лирикаси ва уларда мавзу кўлами; “Юғурумия” мажмуасининг ўзига хослиги ҳамда ундаги жанрлар поетикаси ҳақидаги илмий-назарий қарашлар, илмий иш хулосаларидан ҳамда бадиий-эстетик таҳлиллардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021-2023-йилларда бажарилган ПФ-201912256 рақамли “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш” номли амалий лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2025-йил 29-октябр 04/1-5220-сонли маълумотномаси).
“Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийларини тайёрлашда тадқиқотда акс этган Хоразм адабий муҳитида ХХ аср бошларида яратилган жанрларга хос анъанавийлик ва новаторлик, шеърий жанрлар поетикасига оид хулосаларидан фойдаланилди (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2025-йил 5-ноябр 01-33/825-сонли маълумотномаси). Натижада Хоразм адабий муҳитининг ўзига хосликлари илмий жиҳатдан мушоҳада қилиниб, диссертациядаги маълумотлардан кузатувчилар ўзлари учун керакли илмларни олишган ва ўз ижодий ҳамда илмий изланишларини бойитиш имкониятига эга бўлишган.
Тадқиқот ишида ХХ аср бошлари Хоразм адабий муҳитида яратилган ва кенг фойдаланилган адабий жанрларга хос жиҳатлар, ушбу шеърий шаклларда анъанавийлик ва янгиланишларнинг намоён бўлиши ва бошқа турли поетик хусусиятлар назарий томондан илмий таҳлил этилган бўлиб, мазкур хулосалар ижодий тўгаракларда, жумладан, Ёзувчилар уюшмасида доимий тарзда ўтказиб келинаётган “Онажоним шеърият” тўгараги, “Хиёбон оқшомлари” каби мушоира кечалари ва бошқа адабий суҳбатлар жараёнида самарали қўлланилмоқда (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2025-йил 31-октябр 1157-сонли маълумотномаси). Шунингдек, Урганч давлат университети ҳамда Уюшманинг Хоразм вилояти бўлими билан ҳамкорликда ташкил қилинган Комил Хоразмий таваллудининг 200 ҳамда Муҳаммад Раҳимхон Феруз таваллудининг 180 йиллигига бағишланган илмий-амалий тадбирларда диссертацияда эришилган натижалар кенг қўлланилиб, ўз илмий янгилиги ва аҳамиятини кўрсатди. Натижада, ёш ижодкорларда ХХ аср бошлари Хоразм адабий муҳити бўйича билим ва кўникмалар янада мустаҳкамланиб, ушбу адабий муҳитнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича қимматли маълумотларга эга бўлишмоқда. Пировардида, ёш ижодкорлар диссертацияда эришилган ютуқлардан ўз ижодларида самарали фойдаланмоқдалар.

Yangiliklarga obuna bo‘lish