Жўраева Насибахон Ганиевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Тарихий романлар дискурсининг лисоний тадқиқи (Муҳаммад Али асарлари асосида)” 10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2025.1.PhD/Fil5458.
Илмий раҳбар: Шахабитдинова Шоҳидахон Хошимовна, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, DSc.03/2025.27.12.Fil.07.03.
Расмий оппонентлар: Усмонов Фарҳоджон Фахриддинович, филология фанлари доктори, доцэнт; Тошхужаева Шоирахон Ғаниевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, (PhD), доцэнт.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Муҳаммад Али асарлари мисолида тарихий романлар дискурсини лексик-семантик, морфологик, лингвомаданий ва лингвопоэтик таҳлил тамойиллари асосида тадқиқ этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Муҳаммад Алининг тарихий романлари дискурси оламнинг бадиий лисоний манзараси доирасида лексик-семантик, морфологик ва лингвопоэтик хусусиятлари, сўз танлашдаги услубий маҳорати, архаизм ва историзмларни қўллашда тарихийлик ва замонавийлик тамойилларининг уйғунлашуви, индивидуал ифодалар ва равон ифода йўсини каби ўзига хосликлар тизими очиб берилган;
тарихий даврни ифодаловчи лексик бирликлар ономастик номлар, шахс номлари, ҳарбий, солиқ тизимига оид лексемалар каби 12 та маъновий гуруҳга, сўз туркумлари нуқтайи назаридан эса 8 та грамматик гуруҳга мансублиги аниқланган;
Муҳаммад Алининг услубига хос бўлган ифодаларда эскирган лексемалар орасидаги уядошлик, синонимлик, антонимлик, омонимлик, градуонимик ва партонимик муносабатларнинг лингвомаданий ўзига хосликлари аниқланган;
романларнинг дискурсив ва лингвопоэтик хослигини таъминловчи бадиий ифода воситалари – метафора, метонимия, полисемантик бирликлар, вулгаризм, диалектизм, эпитет, ўхшатиш, такрор, оксюморон каби стилистик воситалар асосида юзага келган поэтик имкониятлар ҳамда муаллифнинг окказионал ифода яратишдаги маҳорати очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Муҳаммад Али асарлари асосида тарихий романлар дискурсининг лисоний тадқиқи юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
тарихий романлар дискурсида оламнинг бадиий лисоний манзараси тушунчаси доирасида лексик-семантик, морфологик, лингвопоэтик жиҳатдан сўз танлаш маҳорати, архаизм ва историзмларни қўллашдаги тарихийлик ва замонавийлик тамойилларининг уйғунлашуви, индивидуал ифодалар, равон ифода йўсини каби ўзига хос хусусиятлари тизимими ўрганишга доир хулосаларидан Андижон давлат университетида “ОТ-Ф1-18 Оммавий лисоний маданиятни шакллантириш методлар ва методологиясини ишлаб чиқиш” давлат фундаментал-тадқиқот дастурлари доирасидаги лойиҳада фойдаланилган. (Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетида “ОТ-Ф1-18 Оммавий лисоний маданиятни шакллантириш методлар ва методологиясини ишлаб чиқиш” давлат фундаментал-тадқиқот дастурлари марказининг 2025-йил. 22-мартдаги 04-992-сон маълумотномаси). Натижада фаол дискурсда лисоний маданиятни таъминлашга оид методология ижтимоий таъсирга доир янги назарий қарашлар билан бойитилган;
тарихий романлардаги дискурсив ва лингвопоэтик индивидуал хусусиятларни таъминлашда нуҳим ҳисобланган метафора, метонимия, синекдоха асосидаги полисемантик сўзлар поэтикаси, вулгаризм, диалектизм, эпитет, ўхшатиш, такрор, оксюморон каби бадиий тасвир ва ифода воситаларининг тил хусусиятлари ва ибораларнинг ифода имкониятлари, адибнинг окказионал ифодалар яратишдаги индивидуал маҳорати, умуман, тарихий асарлар дискурснинг лисоний тадқиқи борасидаги хулосаларидан 2022-2023-йилларда бажарилган “№ IL-402104213. Ўзбек тилида электрон лингвистик энсиклопедик луғат ишлаб чиқиш” давлат инновацион-тадқиқот дастурлари доирасидаги лойиҳада фойдаланилган. (Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетида “№ IL-402104213. Ўзбек тилида электрон лингвистик энсиклопедик луғат ишлаб чиқиш” давлат инновацион-тадқиқот дастурлари доирасидаги лойиҳа 2025-йил. 22-мартдаги 04-991-сон маълумотномаси). Натижада дискурс тавсифида қўлланилувчи айрим бирликларининг ўзига хосликлари очиб берилган;
романларнинг дискурсив ва лингвопоэтик хусусиятларини ёритишда бадиий тасвир ва ифода воситаларининг тил хусусиятлари ва ибораларнинг ифода имкониятлари таҳлили орқали окказионал ифодалар яратишдаги индивидуал маҳорати, адибнинг “Сарбадорлар” ва “Улуғ салтанат” романларининг тил хусусиятлари борасидаги қимматли хулосалар ва фикр-мулоҳазалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон-24” ижодий бирлашмаси, “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Адабий жараён”, “Бедорлик” номли дастурлар сенарийсини (2024-2025-йиллар) тайёрлаш жараёнида кенг фойдаланилган. (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон-24” ижодий бирлашмаси, “Ўзбекистон” телерадиоканалининг 2025-йил. 6-мартдаги 05-09-282-сон маълумотномаси). Натижада ушбу эшиттириш учун тайёрланган материалларнинг илмий аҳамияти янада мукаммалашган, қизиқарлилиги, миллатимиз ва халқимизнинг шонли кечмиши, тилимиз тарихи билан боғлиқлиги, ҳаётийлиги, илмий далилларга бойлиги билан таъминланган.