Бурханова Нигора Ҳамид қизи
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Зарафшоннинг қуйи қисми суғориладиган ерларининг тупроқ-мелиоратив ҳолати ва уларнинг қиёсий тавсифлари (Қоракўл ва Когон туманлари мисолида)”, 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертацияси мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.PhD/B1289.
Илмий раҳбар: Ахмедов Алман Усманович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, DSc.08/2025.27.12.Qx.06.01.
Расмий оппонентлар: Турдиметов Шахобиддин Мухиддинович, биология фанлари доктори, профессор; Саидова Муниса Эргашовна, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Зарафшоннинг қуйи қисми суғориладиган шўрланган тупроқларининг келиб чиқиши ва хосса-хусусиятларини аниқлаш, тупроқ-мелиоратив ҳолатини баҳолаш орқали улардан тўғри ва самарали фойдаланишга, шўрланишни олдини олишга қаратилган ечимлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суғориладиган ўтлоқи аллювиал ва ўтлоқи тупроқларда кейинги 20 йил ичида грунт сувларининг минерализацияси массивлар бўйича мос равишда (4,410-4,580 г/л дан 2,530-2,689 г/л гача), умумий тузлар заҳираси (123,6-110,9 дан 97,2-92,2 т/га.гача) ва заҳарли тузлар заҳираси (71,6-58,5 дан 48,7-48,8 т/га.гача) камайганлиги аниқланган;
тупроқ қатламларида сув ва тузлар ҳаракатини йил давомидаги ойлар кесимида ҳамда шўрланишнинг муайян вақт давомида ўзгариши динамикаси маълумотлари ЛеачМод модели ёрдамида аниқланган ва тузлар миқдорининг ёз ойларида юқори (ЭC 3,8-4,0) ва қиш ойларида кам (ЭC 1,3-1,5) бўлиши асосланган;
шўрланиш кўрсаткичлари, яъни қуруқ қолдиқ (р=0,79), умумий тузлар (р=0,73) ва заҳарли тузлар (р=0,67) билан тупроқнинг механик таркиби ўртасидаги коррелятив боғлиқликлар илмий асосланган;
геоахборот тизими технологиялари ёрдамида экин майдонларидаги очиқ дренаж (зовур) тизимларига нисбатан масофа зоналари бўйича тупроқларнинг шўрланиш даражаси 0–100 м масофада паст, 100-300 м масофа нисбатан паст ва ўртача, дренаждан 300 м дан ортиқ масофаларда эса юқори бўлиши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Зарафшоннинг қуйи қисми суғориладиган ерларининг тупроқ-мелиоратив ҳолати ва уларнинг қиёсий тавсифлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Бухоро вилояти Қоракўл тумани Й.Охунбобоев номли массивнинг 1713,0 гектар суғориладиган ерларининг 1:10000 масштабли “Заҳарли тузлар заҳираси” картограммаси ишлаб чиқилган ва массив ҳудудида амалиётга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025 йил 14 июлдаги 05/05-04-378-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур картографик маълумотлар тупроқ устки (ҳайдалма) қатламини заҳарли тузлардан тозалаш, тупроқ хосса-хусусиятларини мақбуллаштириш орқали мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини берган;
Бухоро вилояти Когон тумани “Бўстон” массивининг 1384,6 гектар суғориладиган ерларининг 1:10000 масштабли “Тупроқ шўрланиши” картограммаси массив ҳудудидаги фермер хўжаликларида амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025 йил 14 июлдаги 05/05-04-378-сон маълумотномаси). Натижада, тупроқларнинг устки 0-1 метрлик қатламидаги умумий тузлар миқдори ва шўрланиш даражаси ҳисобга олинган ҳолда, мақбул шўр ювиш меъёрлари, сони ва муддатларини белгилаш ҳамда шўрланишни олдини олишга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқишга имкон берган;
“Бухоро вилояти, Қоракўл тумани суғориладиган тупроқлари ҳолати” маълумотлар базаси яратилган ва массив ҳудудидаги фермер хўжаликларида амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2025 йил 14 июлдаги 05/05-04-378-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу базага киритилган янги маълумотлар (тупроқларнинг механик таркиби, гумус ва озиқа элементлари (НПК), тупроқ ва грунт сувларидаги умумий ва заҳарли тузлар миқдори ва заҳиралари шўрланиш даражаси ҳамда типлари) массив суғориладиган ерларининг тупроқ-мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўрланишни олдини олиш ҳамда тегишли агротехник ва агромелиоратив тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берган.