Хамзаева Шахло Мўминовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Анор тупларини кўмадиган машина уюмлагич-ётқизгичининг параметрларини асослаш”, 05.07.01 – Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/Т3505.
Илмий раҳбар: Расулжонов Абдурахмон Равшанбек ўғли, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса (муассасалар) номи: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий-тадқиқот институти, DSc.08/2025.27.12.Т.13.01.
Расмий оппонентлар: Камбаров Бахтиёр Акбаралиевич – техника фанлари доктори, доцент; Мусурмонов Аззам Турдиевич – техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади анор тупларини кўмадиган машина уюмлагич-ётқизгичининг агротехника талаблари даражасидаги иш сифатини таъминлайдиган параметрларини асослаш орқали унинг иш кўрсаткичларини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
анор тупларини кўмадиган машина уюмлагич-ётқизгичининг конструктив схемаси ва технологик иш жараёни анор шохларини ўртага уюмланиши ҳамда уларга шикаст етказмасдан ётқизилишини таъминлаши ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган;
анор тупларини кўмадиган машина уюмлагич-ётқизгичининг анор билан ўзаро таъсирлашиш жараёнларини ифодалайдиган математик моделлар ва унинг параметрлари ҳамда тортишга қаршилигини аниқлаш имконини берадиган аналитик боғланишлар анор танаси ва шохларининг физик-механик хоссалари ҳисобга олиб келтириб чиқарилган;
уюмлагич ён деворининг ҳаракат йўналишига нисбатан ўрнатилиш бурчаги анор шохларини ён девор бўйлаб сирпаниши таъминланиши, у ролигининг шакли эса анор шохлари уюмлагичнинг ўртасига уюмланиши шартларидан келиб чиқиб асосланган;
анор тупларини кўмадиган машина уюмлагич-ётқизгичининг иш кўрсаткичларини унинг параметрларига боғлиқ равишда ўзгариш қонуниятлари ҳамда уларни ифодалайдиган эмпирик формулалар ва регрессия тенгламалари агрегат ҳаракат тезлигини ҳисобга олиб келтириб чиқарилган;
анор тупларини кўмадиган машина уюмлагич-ётқизгичининг мақбул параметрлари уларни унинг агротехник ва энергетик иш кўрсаткичларига таъсирини баҳолайдиган регрессия тенгламаларини анор танаси ва шохлари минимал даражада шикастланиши шартидан биргаликда ечиш орқали аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Анор тупларини кўмадиган машина уюмлагич-ётқизгичининг параметрларини асослаш бўйича олинган натижалар асосида:
ишлаб чиқилган уюмлагич-ётқизгич билан жиҳозланган анор тупларини кўмадиган машина Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги “Усмонобод анорзори” ҳамда Мирзаобод туманидаги “Зулфия Умарова” фермер хўжаликларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий марказининг 2025-йил 5-майдаги № 05/01-05/02-05/04-03-171-сонли маълумотномаси). Натижада, анор тупларини кўмадиган машинанинг иш кўрсаткичлари агротехника талабларига тўлиқ жавоб бериб, у қўлланилганда амалдаги технологияга нисбатан меҳнат сарфи 95,7 фоизга ва эксплуатацион харажатлар 20,9 фоизга камайган;
анор тупларини кўмадиган машинанинг саноат нусхаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун унинг лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари (дастлабки талаблар, техник топшириқ ва чизмалар) “БМКБ-Агромаш” АЖ да лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий марказининг 2025-йил 5-майдаги № 05/01-05/02-05/04-03-171-сонли маълумотномаси). Натижада, уюмлагич-ётқизгич билан жиҳозланган анор тупларини кўмадиган машинанинг саноат нусхаларини ишлаб чиқариш имкони яратилган.