Қосимова Лола Султановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Иқтисодиётнинг реал секторида инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни такомиллаштириш”, 08.00.07 – “Молия, пул муомаласи ва кредит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2025.3.PhD/Iqt5746.
Илмий раҳбар: Хайдаров Низамиддин Хамраевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/2025.27.12.I.23.05.
Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Олимжонов Одил Олимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон иқтисодиётининг реал секторида инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
иқтисодиётнинг реал секторида инвестициявий драйвер лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида зарур инфратузилма билан таъминлаш харажатларининг 40 фоизини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, қолган 60 фоизини эса хусусий инвесторлар ва молиявий институтлар маблағари орқали молиялаштириш таклиф этилган;
инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда уларнинг иқтисодий самарадорлиги, қўшимча қиймат ва янги иш ўринлари яратиш имкониятларига алоҳида эътибор берган ҳолда лойиҳа ташаббускорларининг лойиҳа умумий қийматида камида 30 фоиз ўз маблағлари билан иштирок этишини таъминлашнинг мақсадга мувофиқ эканлиги асосланган;
тижорат банклари томонидан “Экспресс-айланма”, “Экспресс-кредит”, “Мададкор” ва “Яшил энергия” кредит маҳсулотларини жорий этиш орқали айланма маблағларни тўлдириш, асосий воситаларни янгилаш ҳамда энергия тежамкор лойиҳаларни молиялаштириш учун миллий валютадаги инвестицион кредитлардан фойдаланиш имкониятларини 30 фоизга кенгайтириш зарурлиги асосланган;
банк кредит портфелининг долларлашув даражасини сезиларли даражада оширмаслик мақсадида беш йил ва ундан кўп бўлган муддатга бериладиган кредитлар таркибида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада ажратиладиган кредитлар улушини 15 фоиздан оширмаслик таклиф этилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Иқтисодиётининг реал секторида инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
иқтисодиётнинг реал секторида инвестициявий драйвер лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида зарур инфратузилма билан таъминлаш харажатларининг 40 фоизини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, қолган 60 фоизини эса хусусий инвесторлар ва молиявий институтлар маблағари орқали молиялаштириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 5-августдаги 495-сонли “Туман (шаҳар)ларда иқтисодий ўсишга туртки берувчи драйвер лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ишлаб чиқилишида фойдаланилган (“Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг 2025-йил 29-августдаги 04-15/646-сон маълумотномаси). Натижада, ҳудудларнинг захира ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, маълум иқтисодий ўсишни, ўзгаришни ёки ҳаракатлантирувчи омилни юзага келтирадиган саноат, хизматлар кўрсатиш соҳалари ва қишлоқ хўжалигининг ривожланишига туртки берадиган лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилган;
инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда уларнинг иқтисодий самарадорлиги, қўшимча қиймат ва янги иш ўринлари яратиш имкониятларига алоҳида эътибор берган ҳолда лойиҳа ташаббускорларининг лойиҳа умумий қийматида камида 30 фоиз ўз маблағлари билан иштирок этишини таъминлаш таклифи Ўзбекистон Республикаси “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг 2025-йилга мўлжалланган бизнес-режаси ишлаб чиқилишида фойдаланилган (“Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг 2025-йил 29-августдаги 04-15/646-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда лойиҳа ташаббускорларининг молиявий масъулияти оширилган, банкнинг инвесторларга бўлган ишонч ортган ва банк учун қўшимча молиялаштириш манбаи юзага келган ҳамда инвестиция лойиҳаларининг иқтисодий-ижтимоий самарадорлиги таъминланиб, лойиҳа рискларини самарали бошқариш имкони яратилган;
тижорат банклари томонидан “Экспресс-айланма”, “Экспресс-кредит”, “Мададкор” ва “Яшил энергия” кредит маҳсулотларини жорий этиш орқали айланма маблағларни тўлдириш, асосий воситаларни янгилаш ҳамда энергия тежамкор лойиҳаларни молиялаштириш учун миллий валютадаги инвестицион кредитлардан фойдаланиш имкониятларини 30 фоизга кенгайтириш таклифи Ўзбекистон Республикаси “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг 2025-йилга мўлжалланган бизнес-режаси ишлаб чиқилишида фойдаланилган (“Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг 2025-йил 29-августдаги 04-15/646-сон маълумотномаси). Натижада, банкнинг узоқ муддатли кредит қўйилмалари саноат (ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, машинасозлик, кимё ва ҳ.к.), қишлоқ хўжалиги (деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик ва ҳ.к.), қурилиш, транспорт-логистика, энергетика (электр, нефт-газ ва бошқалар) ва ишлаб чиқаришга хизмат қилувчи инфратузилма (темир йўллар, портлар, энергия тармоқлари) билан боғлиқ инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга ва реал секторни қўллаб-қувватлаш орқали барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишга эришишга имкон яратган.
банк кредит портфелининг долларлашув даражасини сезиларли даражада оширмаслик мақсадида беш йил ва ундан кўп бўлган муддатга бериладиган кредитлар таркибида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада ажратиладиган кредитлар улушини 15 фоиздан оширмаслик таклифи Ўзбекистон Республикаси “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг 2025-йилга мўлжалланган бизнес-режаси ишлаб чиқилишида фойдаланилган. Натижада, кредитлашнинг асосий қисмини миллий валютада амалга ошириш орқали ташқи омилларга боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтиришга ва кредитлар сифати ёмонлашувининг олди олинишига эришилган.