Нуриева Маҳбуба Уринбаевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Қорақалпоғистон тупроқ-иқлим шароитида тритерпеноид асосли комплексларни буғдойнинг ўсиши ва ривожланишига таъсири”, 02.00.10 – Биоорганик кимё (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2026.1.PhD/В1669.
Илмий раҳбар: Алланиязова Мапруза Қдирбаевна, биология фанлари доктори. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Гулистон давлат университети, DSc.03/2025.27.12.K/B.38.02. 
Расмий оппонентлар: Хашимова Зайнат Саттаровна, биология фанлари доктори; Маулянов Салихжан Алимжанович, кимё фанлари номзоди, доцент. 
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоғистон Республикасининг шўрланган тупроқ шароитида буғдойнинг ўсиши ва ривожланишига тритерпениодлар таъсирини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тритерпеноид асосли комплексларни буғдой ниҳолларининг дастлабки ривожланиш босқичларидаги физиологик-биокимёвий таъсир механизмлари аниқланиб, уларнинг антиоксидант ферментлар (каталаза, пероксидаза, супероксид дисмутаза) фаоллигини кучайтириши, фотосинтетик пигментлар (хлорофилл а, б ва каротиноидлар) миқдорини барқарорлаштириши ҳамда оксидловчи стрессни сусайтириши аниқланилган;
тритерпеноид табиатли глицирризин кислотасининг янтар кислотаси билан бирикмаси, ГКМАТ нинг янтар кислотаси ҳамда янтар кислотасининг лупининли ҳосиласи билан супрамолекуляр комплекслари (ГКМАТ:Ян ва ГКМАТ:ЙЛЕ) синтез қилиниб, уларнинг оптимал моляр нисбатлари, таркибий барқарорлиги ва юқори биологик фаоллиги индивидуал компонентларга нисбатан устун эканлиги асосланган;
шўрланиш ва қурғоқчилик стресси шароитида тритерпеноид асосли комплексларнинг буғдойда ҳужайра даражасидаги ҳимоя механизмларини фаоллаштириши ва бунинг натижасида пролин, эркин аминокислоталар ва фенолик бирикмалар миқдорининг ортиши орқали осмотик барқарорлик ҳамда стрессга чидамлиликнинг ошиши билан боғлиқлиги исботланган;
илк бор тритерпеноид асосли супрамолекуляр комплексларнинг морфогенетик таъсири дифференциал характерга эга эканлиги аниқланиб, ГКМАТ:ЙЛЕ комплекси илдиз тизими ҳосил бўлиши ва ривожланишини жадаллаштириши, ГКМАТ:Ян комплекси эса поя ва баргларнинг шаклланиши ҳамда ер устки биомасса тўпланишини тезлаштириши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тритерпеноид табиатли бирикмаларни буғдойнинг ўсиши ва ривожланишига таъсирини тавсифлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
тритерпеноид табиатли яратилган бирикмаларидан ГКМАТ:ЙЛЕ супрамолекуляр комплексидан 4:1 нисбатда 10-6 М консентрациядан Қорақалпоғистон Республикасининг шўрланган тупроқ шароитда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация Маркази экин майдонларида буғдойнинг “Саратов-68” навини етиштиришда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2025 йил 30-июн 02-01/18-2170-сон маълумотномаси). Натижада, буғдой дони унувчанлиги 88%ни ташкил этиб, гектаридан 3,9 тонна ҳосил олиш имконини берган; 
тритерпеоид табиатли бирикмалар асосида яратилган ГКМАТ:ЙЛЕ 4:1 ҳамда ГКМАТ:Ян комплекслардан Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманидаги Деҳқончилик илмий тадқиқот институтининг тажриба майдонлари ва ишлаб чиқариш фаолиятида шўрланган тупроқларда буғдой етиштиришда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 24 июндагидаги 03/015-2103-сон маълумотномаси). Натижада, шўрланган тупроқ шароитида буғдойнинг унувчанлигида 85-90%га ҳамда гектарига 10-12 сентр қўшимча ҳосил олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish