Эргашева Гулчеҳра Қўлдошевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақидаги эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Навоий вилоятида жисмоний маданият ва спортнинг шаклланиш ҳамда ривожланиш тарихи (1982-2022-йиллар)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.4.PhD/Tar1256
Илмий раҳбарининг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
Жамолова Дилноза Муйидиновна, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат университети.
Илмий Кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса номи, илмий кенгаш рақами: Қорақалпоқ давлат университети. DSc.03/2025.27.12.Tar.04.04
Расмий оппонентларнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси, унвони:
Нуржанов Сабит Узакбаевич тарих фанлари доктори (DSc), профессор..
Мамбетов Байрам Жақсимуратович тарих фанлари номзоди, доцент
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
Етакши ташкилот: Ажиниёз номидаги Нукус давлат педогогика институти.
II. Тадқиқотнинг мақсади: 1982–2022-йилларда Навоий вилоятида жисмоний маданият ва спортнинг шаклланиш ҳамда ривожланиш тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: Совет даврида Навоий вилоятидаги спорт инфратузилмасининг ҳолати илк бор статистик ва архив манбалари асосида тизимли таҳлил қилиниб, вилоятдаги 295 та умумтаълим мактабидан атиги 71 тасида спорт заллари мавжуд бўлгани, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари шаҳар ва туман марказларида яхши йўлга қўйилган бўлса-да, қишлоқларда бундай имкониятлар деярли мавжуд эмаслиги, моддий-техник базанинг етарли бўлмагани, шунингдек жисмоний маданиятнинг совет сиёсий тизимида меҳнат ва мудофаа мақсадларига йўналтирилгани илмий асосда очиб берилган.
1992–2000-йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ҳуқуқий-меъёрий асослари шаклланиш жараёни вилоятнинг туман ва шаҳарлари мисолида таҳлил қилиниб, мавжуд инфратузилмавий муаммолар аниқланган ҳамда уларнинг сабаблари илмий асосда далиллаб берилган;
Вилоятда кўплаб спорт турлари, жумладан армрестлинг ва юнон-рум кураши йўналишларида маҳаллий тренерлик мактабларининг шаклланиш ва ривожланиш омиллари тарихий жараён нуқтайи назаридан ўрганилиб, уларнинг халқаро спорт натижаларига кўрсатган таъсири Мирзоҳид Шарапов, Ҳусниддин Норбеков, Истам Қудратов ва Элбек Султонов каби бир қатор спортчилар фаолияти мисолида очиб берилган;
2017-йилдан бошлаб спорт соҳасида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида оммавий спортни ривожлантириш, аёллар спортини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, вилоятнинг чекка ҳудудларида 1784 та спорт иншоотининг барпо этилиши каби амалий чора-тадбирларнинг спорт тизими ривожига таъсири Томди туманининг Ўтемурат, Аяққудуқ, Керегетау овуллари ҳамда Учқудуқ тумани мисолида илмий жиҳатдан таҳлил қилиниб асослаб берилган.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамяти: Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти мустақиллик йилларида Навоий вилоятида жисмоний маданият ва спорт соҳаси тарихийлик нуқтаи назаридан холисона таҳлил қилинганлиги ҳамда ундаги трансформацион жараёнларнинг ўзига хос хусусиятлари тарихий манбалар асосида очиб берилгани ҳамда бу замонавий илмий-назарий қарашларни, муаммога оид методологик ёндашувлар ва назарий хулосаларни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти олий таълим муассасаларида “Ўзбекистон тарихи”, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” каби фанларни ўқитиш ҳамда ушбу фанлар бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларни тайёрлашда ҳамда “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025-йилгача ривожлантириш Консепсияси”да белгиланган вазифаларни амалга оширишда муайян даражада хизмат қилади.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат: Навоий вилоятида жисмоний маданият ва спорт ишларининг йўлга қўйилиши, мустақиллик йилларида соҳани ривожлантириш учун амалга оширилган ислоҳотлар, 2017-йилдан кейин жисмоний тарбия ва спорт соҳаларининг янги босқичда ривожланиши борасида амалий ишлар ўрганилиб, ташаббусли ахборотлар тақдим этилди.
Вилоятда спорт соҳасида кечган жараёнлар илк бор Ўзбекистон Миллий архиви, Маданият ва спорт вазирлигининг жорий архиви, Навоий вилояти давлат архиви ҳамда соҳага оид жорий архив материаллари ва расмий статистик маълумотлар асосида илмий муомалага киритилди.
IV. Тадқиқот натижаларнинг жорий қилиниши: 1.Совет даврида вилоятда мавжуд 295 та умумтаълим мактабининг фақатгина 71 тасида спорт заллари мавжуд бўлгани, бу эса соҳа инфратузилмасининг қониқарсиз аҳволда эканини ва ушбу ҳолатлар тизимли ислоҳотларни амалга ошириш заруратини келтириб чиқарганлиги, 1992–2000-йиллар мобайнида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, босқичма-босқич ривожланиш бошланган бўлишига қарамай, ҳали ҳам инфратузилмавий муаммолар мавжуд бўлганлиги Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота туманлари мисолида таҳлил қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатуви ссенарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат муассасасининг 2023—йил 20-сентябрдаги №02-06-1421-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши телетомошабинларда Навоий вилояти спорт тарихига оид тасаввурларини бойитишга хизмат қилган.
2.Спорт турлари бўйича маҳаллий тренерлик мактабларининг шаклланиши 1994- йилдан ўз натижасини бера бошлагани, вилоят спортчиларининг халқаро мусобақаларда ғолиб бўлганлиги Мирзоҳид Шарапов, Ҳусниддин Норбеков, Истам Қудратов ва Элбек Султонов каби бир қатор спортчилар мисолида очиб берилганлиги, 2017-йилдан бошлаб вилоятнинг чекка ҳудудларида 1784 та спорт иншоотларнинг қурилиши ва соҳани ривожлантиришдаги амалий ҳаракатлар Томди туманининг Ўтемурат, Аяққудуқ ва Керегетау овуллари мисолида кўрсатиб берилганлиги ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан ҳудудларда жисмоний маданият ва спорт соҳалари ҳолатини ўрганишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг 2024-йил 25-декабрдаги 2024-03-16/13217-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан ҳудудларда жисмоний тарбия ва спорт соҳаларининг ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва келгусида самарали стратегияларни ишлаб чиқишда илмий асосланган манба сифатида хизмат қилди.
3.Мазкур диссертация хулосалари асосида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар мустақиллик даврида жисмоний маданият ва спортнинг шаклланиши ҳамда ривожланишига, ёшларда Ватанга муҳаббат туйғуларини ўстириш мақсадида жисмоний маданият ва спортга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга, соҳада эришилган натижалар ва қўлга киритилган юксак марраларнинг тарихий аҳамиятини тарғиб қилишга хизмат қилади. (Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг 2025-йил 9- октябрдаги 2-13-21-5467-сонли маълумотномаси). Диссертация ишида келтирилган таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ижтимоий-маданий йўналишдаги билим ва кўникмаларини оширишда ҳамда мафкуравий тарғибот ишларида фойдаланилган.