Намазов Фурқат Аширбоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Яйловларни яхшилашда кўчат ўтқазиш қурилмаси параметрларини асослаш”, 05.07.01 - Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2023.2.PhD/Т3736
Илмий раҳбар: Эргашев Исмоил Ташкентович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат техника университети, PhD.03/2025.27.12.Т.17.03
Расмий оппонентлар: Равшанов Ҳамроқул Амирқулович, техника фанлари доктори, доцент; Олимов Ҳамид Ҳайдарович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади яйловлар ҳолатини яхшилашда фитомелиоратив ўсимликлар кўчатларини автоматик ўтқазадиган қурилманинг конструктив схемаси ва параметрларини асослаш орқали энергия, вақт ва материал сарфини камайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
яйловларда фитомелиоратив ўсимликлар кўчатларини ўтқазишда тупроқнинг чим қатламини кесиш ва чимни кўтариш, чим остидаги тупроқни юмшатиш, кўчат ўтқазиш ариқчасини ҳосил қилиш, кўчатларни ҳосил қилинган ариқчага жойлаштириш ва чим остидаги ариқча ҳудудини зичлашга асосланган технология ишлаб чиқилган;
фитомелиоратив ўсимликлар кўчатларини ўтқазадиган қурилма параметрлари унинг пичоғи белгиланган чуқурликда чим қатламини кесиши, юмшатувчи иш органи кесилган чим қатлами остки тупроғини етарлича юмшатиши ҳамда эккич юмшатилган қатламда кўчатлар учун ариқча ҳосил қилиш шартидан келиб чиққан ҳолда асосланган;
автоматик спиралсимон узатиш механизмининг айланма таглик диаметри, айланишлар сони ва тувакчаларнинг таглик устидаги ҳаракати ўтқазиладиган кўчатлар орасидаги масофани таъминлаш шартидан келиб чиқиб аниқланган;
қурилманинг чим қатламни кесувчи-кўтарувчи пичоғи ўлчамлари кесиб кўтарилаётган қатламни сурилиб кетмасдан дастлабки ҳолатига тушишини таъминлаш шартидан асосланган;
чим қатлам остида ҳосил қилинадиган ариқча ўлчамлари фитомелиоратив ўсимликлар кўчатлари экилган тувакчаларни қатлам остида тўлиқ кўмилиш шартидан келиб чиқиб асосланган;
тувакчаларда етиштирилган фитомелиоратив ўсимликлар кўчатларини ўтқазадиган қурилманинг иш сифат кўрсаткичлари унинг параметрлари ҳамда агрегат ҳаракат тезлигига боғлиқ равишда ўзгаришини ифодалайдиган боғланишлар асосида аниқланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Яйловларни яхшилашда кўчат ўтқазиш қурилмаси параметрларини асослаш бўйича олиб борилган изланишлар натижасида:
ишлаб чиқилган чўл ва адир яйловлари далалари чим қатлами ости тупроғига тасмали ишлов бериб, фитомелиоратив ўсимликлар кўчатларини автоматик ўтқазадиган қурилма Навоий вилояти Нурота туманидаги “Муҳиддин бобо”, “Абдурахмон бобо”, “Дадахон орзуси” ва “Муҳаммад Рустамбек” фермер хўжаликларида ҳамда “Беҳрузбек-Шамшодбек” МЧЖ га қарашли чўл яйловларида жорий қилинган (Оъзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2025-йил 27-августдаги 05/04-04-487-сон маълумотномаси). Натижада чўл яйловларида фитомелиоратив ўсимликлар кўчатларини ўтқазишда меҳнат унумдорлиги 64 % га ошган.
яйловларни яхшилашда чим қатлам остига тасмали ишлов бериб автоматик кўчат ўтқазиш қурилмасини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари (дастлабки талаблар, техник топшириқ ва ишчи чизмалар) ва ҳисоблаш усуллари “БМКБ-Агромаш” АЖ га жорий этилган (“БМКБ-Агромаш” АЖ нинг 2025-йил 4-июлдаги 01-56-сон маълумотномаси). Натижада, чўл ва адир яйловларида чим қатлам остига тасмали ишлов бериб, фитомелиоратив ўсимликлар кўчатларини автоматик ўтқазадиган қурилманинг саноат нусхаларини ишлаб чиқариш имконияти яратилган.