Норматов Азаматбек Абдухалиловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Замонавий француз тилида интенсивлик категориясини ифодаловчи сифатларнинг лингвостилистик хусусиятлари”, 10.00.04 ̶ Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Fil3098.
Илмий раҳбар: Якубов Жамолиддин Абдувалиевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат чет тиллари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат чет тиллари институти, DSc.03/29.12.2022.Fil.156.01.
Расмий оппонентлар: Шахабитдинова Шохидахон Хошимовна, филология фанлари доктори, профессор; Ахророва Рўзихон Усмоновна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат чет тиллари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади замонавий француз тилида сифат интенсивлик категориясини ифодаловчи воситаларнинг лингвостилистик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
замонавий француз тилида сифат интенсивлик категориясининг миқдор, меъёр, куч, даража, обектив ва субектив-баҳолаш интенсивлиги, нисбий ва мутлақ даражалар каби лисоний хусусиятлари тизимли ўрганилиб, семантик-функсионал жиҳатдан ижобий/салбий кучайтирувчи формантларнинг лингвостилистик аҳамияти очиб берилган;
француз тилида сифатларнинг интенсивлик категориясини намоён бўлишида лексик ва эмоционал-экспрессив воситалар ҳамда ижобий/салбий кучайтирувчи формантларнинг даражаланиш параметрлари равиш + сифат, сифат + сифат, “-мент” га якунланувчи равиш + сифат структур ва дистрибутив моделлари орқали аниқланган;
сифат интенсивлигининг актуаллашувида француз тилининг оғзаки ва ёзма контекстларида фаол қўлланувчи равиш компонентли фразеологик бирликлар ҳамда лексик такрор (редупликация) ҳодисасининг образлилик, эмоционал-экспрессивликни таъминлаши исботланган;
замонавий француз тилида сифат интенсивлиги категориясининг стилистик хусусиятлари илмий (тиббий, техник) ва публицистик (матбуот, реклама) услубларда префиксал бирликлар интенсивликнинг кучли, суффиксал бирликлар эса кучсиз даражаланиш жиҳатларини ифодалаши ҳамда уларнинг лингвистик контекстлардаги ўзаро муносабати орқали далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқотнинг назарий таклиф, амалий тавсия ва хулосалари асосида:
диссертациядаги француз тилида умумжиҳатли семантик категория бўлган сифат интенсивлиги тилнинг хилма-хил сатҳларини қамраб олиши, ижобий/салбий кучайтирувчи формантларнинг ўзаро лексик ва грамматик умумийлик бўйича боғланиши, фразеологик бирликлар семантик жиҳатдан ўхшаш эмаслиги, сифат интенсивлиги даражасини ифодаловчи аффиксал шакллар энг сермаҳсул усул сифатида функсионал жиҳатдан сифат интенсивлиги категориясини ифодалашнинг воситалари тизимида етакчи ўринни эгаллашига доир хулосалардан Андижон давлат университетида 2022-2023-йилларда бажарилган № ИЛ-402104213 рақамли “Ўзбек тилида электрон лингвистик-энциклопедик луғат ишлаб чиқиш” давлат инновацион-тадқиқот доирасидаги грант лойиҳада фойдаланилган (Андижон давлат университети 2024-йил 20-августдаги 39-08-802-сон маълумотномаси). Натижада нутқий қўлланишда ўзига хослик касб қилувчи айрим тил бирликларининг тавсифи янада ёрқинлашган;
замонавий француз тилида сифат интенсивлиги категориясининг морфологик, лексик, синтактик, фразеологик сатҳларнинг лисоний воситалари ҳамда ушбу бирликларнинг лексик-стилистик майдонида ифодаланиши каби хусусиятлари юзасидан олиб борилган тадқиқот натижаларидан Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан 2024-йил 16-17-май кунлари ташкил этилган “Франкофон театр фестивали“ доирасида “Сўзлар завқи” песасида фойдаланилган. (Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг 2024-йил 20-майдаги маълумотномаси). Натижада иштирокчиларнинг француз тилида сифатлар интенсивлиги моҳиятини тушунишга ва француз тили нутқ ифодаланишида интенсивликнинг лингвостилистик нуқтаи назаридан мулоқот қобилиятларини оширишга муваффақ бўлинган;
француз тилида нарсанинг белгисини ифодалаш вазифасини бажарувчи барча тил элементларининг конкрет намоён бўлишида миқдор ўзгаришларига учраши, ҳамда белгининг сифат билан ифодаланган семантик чегаралари ниҳоятда эластик ва ҳаракатчан эканлиги ҳақидаги таҳлилий фикрлар ва назарий хулосаларидан “Ўзбекистон” телерадиоканали ДМ “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳаррияти томонидан тайёрланган “Та'лим ва тараққиёт”, “Адабий жараён”, “Ўзбекистон ёшлари” номли эшиттиришларнинг 2024-йил январ ва феврал ойларидаги сонларида тадқиқот юзасидан суҳбатлар бўлиб ўтган. (“Ўзбекистон” Миллий телерадиокомпаниясининг 2024-йил 26-февралдаги Ўз/к-04-36-286-сон маълумотномаси). Натижада сифат интенсивлиги адабий, бадиий ва медиа тилида кенг қўлланувчи, нутқнинг эмоционал-экспрессив жиҳатларини очиб берувчи муҳим манба сифатида татбиқ этилган.