Аслонов Наврўзбек Рустамовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Инсоннинг ахборот олиш ҳуқуқи: халқаро ва миллий тажриба”, 12.00.13 – Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.1.PhD/Yu1001.
Илмий раҳбар: Очилов Ўткир Сайфуллаевич, юридик фанлар доктори (DSc), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, DSc.39/30.11.2020.Yu/S.128.01.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, доцент Турғунов Илҳом Турғунович, юридик фанлар доктори, профессор Тошев Бобоқул Норқобилович.
Етакчи Ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инсоннинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашга доир халқаро тажриба ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигини таҳлил қилиш ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янглиги:
ўз фаолияти соҳасига доир ахборотни давлат органларидан, фуқаролик жамияти институтларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олишга ва ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш зарурлигини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаш орқали ахборот эркинлигининг амалий механизмларини мустаҳкамлаш зарурати асослаб берилган;
телефонлар ва бошқа фойдаланувчи қурилмалари орқали олиб борилаётган сўзлашувларни эшитиш, телекоммуникация тармоқлари орқали узатиладиган хабарлар билан танишиш ва уларнинг сир сақланишини чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳамда суд қарорига асосан йўл қўйилиши мумкинлиги ҳуқуқий давлат тамойилларига мувофиқ асослантирилган;
ахборот олиш ҳуқуқини тўлақонли таъминлаш учун инсонларнинг ишончли ахборотларни олишлари, дезинформация, мисинформация ҳамда малинформацияни фарқлашлари учун ахборот тизимида “ахборот эксперти” тушунчасига таъриф ишлаб чиқилди;
ахборот олиш эркинлигининг асосий принциплари қонунийлик, очиқлик, ошкоралик, ахборотдан эркин фойдаланиш ҳамда ҳаққонийлик тамойилларига асосланиши лозимлиги назарий ва амалий жиҳатдан асослаб берилган;
мурожаат этувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаган ахборотни тақдим этганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақ олиниши мумкинлиги ҳуқуқий асослантирилган;
Омбудсман ўз фаолияти тўғрисидаги тегишли ахборотни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириб ва янгилаб туриши, Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузани ҳамда бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориши шаффофлик тамойилини мустаҳкамлаш нуқтайи назаридан асослаб берилган;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари, қабулни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Омбудсманнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши кераклиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда инсоннинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашни такомилаштириш асосларига доир олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:
ўз фаолияти соҳасига доир ахборотни давлат органларидан, фуқаролик жамияти институтларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олишга ва ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш кераклиги ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисидаги низомнинг 3-боби 11-банди иккинчи хатбошисида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2024-йил 15-ноябрдаги 51-сонли далолатномаси). Мазкур таклифнинг амалга оширилиши фуқаролик жамияти институтларининг мустақил фаолият юритиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда инсонларнинг ушбу институтлар фаолиятидан хабардорлик даражасини оширишга хизмат қилган;
телефонлар ва бошқа фойдаланувчи қурилмалари орқали олиб борилаётган сўзлашувларни эшитишга, телекоммуникациялар тармоқлари орқали узатиладиган хабарлар билан танишишга, улар тўғрисида ахборот олишга, шунингдек уларнинг сир сақланишини бошқача усулда чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ҳамда суднинг қарорига асосан йўл қўйилади таклифидан Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 27-декабрдаги “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги ЎРҚ-1015-сон Қонуннинг 20-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2024-йил 15-ноябрдаги 51-сонли далолатномаси). Ушбу таклиф инсонларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини, телекоммуникация орқали алмашиниладиган хабарларнинг махфийлигини ҳамда уларнинг ҳуқуқий кафолатлар асосида ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилган;
ахборот эксперти – хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахс, тушунчасига берилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси лойиҳасига инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2025-йил 25-мартдаги № 04-02-16-2121-сон далолатномаси). Таклиф инсоннинг ахборот олишида аниқ, ишончли ва эксперт томонидан экспертизадан ўтган ахборотни олишни таъминлашга хизмат қилади;
ахборот олиш эркинлигининг асосий принциплари қонунийлик, очиқлик, ошкоралик, ахборотдан эркин фойдаланиш ва ҳаққонийликка асосланиши кераклиги Ахборот кодекси лойиҳасининг 6-моддасида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2025-йил 25-мартдаги № 04-02-16-2121-сон далолатномаси). Ушбу таклиф ахборот олиш эркинлигининг асосий принципи бўлган қонунийлик шуни англатадики, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатиш жараёни фақат қонун асосида ва қонун доирасида амалга оширилиши керак. Бу принцип давлат органлари ва бошқа субектларнинг ахборотни асоссиз чеклашига йўл қўймасликни, инсонларнинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланган бўлишини таъминлайди. Қонунийлик – эркинлик ва хавфсизлик ўртасидаги мувозанатни сақлашда асосий омил бўлиб, ахборотдан фойдаланишда шаффофлик ва жавобгарликни мустаҳкамлашга хизмат қилади;
мурожаат этувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаган ахборотни тақдим этганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақ олиниши мумкинлиги Ахборот кодекси лойиҳасининг 8-моддасида ўз аксини топди (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2025-йил 25-мартдаги № 04-02-16-2121-сон далолатномаси). Мазкур таклиф мурожаат этувчининг шахсий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлмаган, яъни умумий ёки махсус сўровлар асосида бериладиган ахборот учун қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақ ундирилиши бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланишга хизмат қилади;
Омбудсман ўз фаолияти тўғрисидаги тегишли ахборотни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириб ва янгилаб туриши, Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузани ҳамда бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориши кераклиги ҳақидаги таклифидан Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 15-декабрдаги ЎРҚ-1002-сонли “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонуни 17-моддасининг иккинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлар институтининг 2025-йил 20-августдаги №3/дн-167-сон далолатномаси). Таклиф инсонларнинг Омбудсман фаолияти тўғрисида мунтазам ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек ушбу институтнинг очиқлиги ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари, қабулни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Омбудсманнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши кераклиги ҳақидаги  таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 15-декабрдаги ЎРҚ-1002-сонли “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонуни 19-моддасининг олтинчи қисмини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлар институтининг 2025-йил 20-августдаги №3/дн-167-сон далолатномаси). Ушбу таклиф жисмоний ва юридик шахсларнинг Омбудсманга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг қабул жараёнига оид ахборотдан хабардорлигини таъминлаш ҳамда очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлашга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish