Мадазизова Дилафруз Хабибилоевна
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Бадиий дискурсда индивидуал нутқ яратувчи социолектлар”, 10.00.11 – Тил назарияси. Амалий ва компютер лингвистикаси (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  В2023.1.PhD/Fil3231
Илмий раҳбар: Султонова Шохиста Мухаммаджановна филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.05.02.
Расмий оппонентлар:
 Абдураҳмонова Нилуфар Зайнобиддин қизи,  филология фанлари доктори (DSc), профессор
Мадраҳимов Илҳомжон Собирович,  филология фанлари доктори (DSc), доцент
Етакчи ташкилот: Андижон давлат чет тиллар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади бадиий дискурсда қўлланувчи социолектларнинг индивидуал нутқ ҳосил қилишидаги ижтимоий роли ҳамда функсионал ва прагматик хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: 
 “дискурс”, “бадиий дискурс” ва “социолект” тушунчалари бўйича мавжуд илмий қарашлар таҳлил қилиниб, уларнинг назарий асосларига муаллиф томонидан илмий муносабат билдирилган ҳамда тадқиқот натижалари асосида ушбу тушунчаларнинг илм-фан тараққиёти нуқтайи назаридан такомиллаштирилган талқинлари ишлаб чиқилган.
бадиий дискурсда индивидуал нутқни шакллантирувчи социолектларнинг луғавий таркибида мавжуд бўлган стратификацион гуруҳлар (сленг, жаргон, арго)га хос лексика намуналарининг функсионал жиҳатлари таҳлил қилинган ва уларнинг шахс ёки гуруҳнинг ижтимоий, маданий ва психологик оламини ёритиш баробарида ижтимоийликдан индивидуалликка ўтиш қонуниятлари ҳамда бадиий ифода ва персонаж характерини очишдаги муҳим роли исботланган; 
бадиий дискурсда ифодаланган интер- ва интра- муносабатлар, когнитив фикрлаш ва коммуникация жараёни, турли тиллар ва маданиятларга оид сўзларнинг аралашуви натижасида юзага келадиган контаминация ҳодисаси дискурсив тафаккур ҳосиласи сифатида эканлиги, яширин ва коннотатив маъноларни контекстуал англаш механизмлари социолект бирликларининг прагматик функсиялари билан боғлиқлиги аниқланиб, уларнинг тагмаъно яратишдаги коммуникатив имкониятлари персонал дискурснинг маиший ва ситуатив турларидаги спонтанлик, кучли ситуативлик, аниқ субективлик ва мантиқий бузилишлар билан характерланиши ҳамда контекстда назарда тутилган яширин ёки тагмаъноларни илғаш дискурс субектларининг прагматик билим имкониятлари даражалари билан ўлчаниши асослаб берилган;
бадиий дискурсда социолектга оид лисоний бирлик сифатидаги девиант лексиканинг прагматик шахс ижтимоий идентификациясини ифодаловчи, эстетик ва ижтимоий-семиотик юклама ҳосил қилувчи восита сифатидаги функсионал хусусиятларини таҳлил қилиш асосида девиант лексика субект ёки образнинг индивидуаллигини таъкидлаш, уларни ижтимоий гуруҳларига кўра ажратиш имконини бериши ҳамда адресатга адресантнинг ижтимоий муҳитини чуқурроқ ўрганишга имкон бериши исботланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бадиий дискурсда индивидуал нутқ яратувчи социолектлар тадқиқи юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
    ўзбек тилшунослигида дискурс масаласи, бадиий дискурс ва социолект тушунчалари, турли тизимли тиллардаги индивидуал нутқ яратувчи социолектлар: сленг, жаргон, арго, варвар ва вулгар сўзларнинг бадиий дискурсдаги ифода имкониятлари ва услубий хусусиятлари, уларнинг шахс ёки гуруҳнинг ижтимоий, маданий ва психологик оламини ёритиш баробарида ижтимоийликдан индивидуалликка ўтиш қонуниятлари ҳамда бадиий ифода ва персонаж характерини очишдаги муҳим ролига оид илмий-назарий хулосаларидан 2021-2023-йилларда “Мусиқа ва санъат ўқув муассасалари учун “Болалар рақслари” фанидан интерактив ўқув-методик қўлланмалар яратиш” мавзусидаги Ф3-2019081773-рақамли фундаментал лойиҳани бажаришда, хусусан, “Ўзбек болалар рақслари, рақс либослари ва тақинчоқлари номларининг ўзбекча-русча-инглизча-французча қисқача изоҳли луғати”ни яратишда фойдаланилди (Ўзбекистон давлат хореография академиясининг 2025-йил 13-январдаги 1/04-167-сон маълумотномаси). Натижада бадиий дискурсда социолектларни қўллаш орқали фикрни бойитиш, нутқнинг жозибадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш ҳақидаги таҳлиллар лойиҳа мазмунини илмий-назарий жиҳатдан бойитган;
бадиий дискурсда ифодаланган интер- ва интра- муносабатлар, когнитив фикрлаш ва коммуникация жараёни, турли тиллар ва маданиятларга оид сўзларнинг аралашуви натижасида юзага келадиган контаминация ҳодисаси дискурсив тафаккур ҳосиласи сифатида таҳлил қилингани, бадиий дискурсда яширин ва коннотатив маъноларни контекстуал англаш механизмлари социолект бирликларининг прагматик функсиялари билан боғлиқлиги, уларнинг тагмаъно яратишдаги коммуникатив имкониятлари персонал дискурснинг маиший ва ситуатив турларидаги спонтанлик, кучли ситуативлик, аниқ субективлик ва мантиқий бузилишлар билан характерланиши ҳамда контекстда назарда тутилган яширин ёки тагмаъноларни илғаш дискурс субектларининг прагматик билим имкониятлари даражалари билан ўлчанишига доир илмий натижа ва хулосаларидан 2022-2023-йиллар “Ўзбек миллий рақс санъатини тарғиб этишга бағишланган веб-сайт ва мултимедия маҳсулотлари (электрон луғатлар) тўплами яратиш” мавзусидаги Ф3-2019081663 рақамли фундаментал лойиҳани бажаришда, хусусан, “Ўзбек фолклор санъати терминларининг қисқача ўзбекча-инглизча-немисча изоҳли луғати”ни яратишда фойдаланилди (Ўзбекистон давлат хореография академиясининг 2025-йил 13-январдаги 1/04-168-сон маълумотномаси). Натижада фундаментал лойиҳа доирасида тайёрланган изоҳли луғат ва монографияларнинг илмий савиясини оширишга хизмат қилган;
    бадиий дискурсда социолектга оид лисоний бирлик сифатидаги девиант лексиканинг прагматик шахс ижтимоий идентификациясини ифодаловчи, эстетик ва ижтимоий-семиотик юклама ҳосил қилиши, девиант лексика субект ёки образнинг индивидуаллигини таъкидлаш, уларни ижтимоий гуруҳларига кўра ажратиш имконини бериши ҳамда адресатга адресантнинг ижтимоий муҳитини чуқурроқ ўрганишга имкон бериши, замон, макон, ижтимоий гуруҳ руҳи акс эттирилиши, уларнинг комик эффект ҳосил қилиши, поетик таъкид, мантиқий урғу яратиши ҳамда бадиий дискурсда фикр салмоғи ва таъсирчанлигини оширишдаги функсионал вазифаларига оид илмий хулосалардан 2022-2023-йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Бедорлик”, “Ижод завқи”, “Таълим ва тараққиёт”, “Миллат ва маънавият” эшиттиришлари ссенарийсини ёзишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2025-йил 13-январдаги 26-36-936-сон маълумотномаси). Натижада ушбу телекўрсатув ва радиоешиттиришлар учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукаммаллашган, илмий далиллар билан бойитилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish