Турдиев Бобир Собировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.    Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш ва таъминлаш: қиёсий-ҳуқуқий таҳлил”, 12.00.13 – Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.4.PhD/Yu1694
Илмий раҳбар: Тиллабаев Мирзатилло Алишерович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, DSc.39/30.11.2020.Yu/S.128.01
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, доцент Гулимов Аманлик Базарбаевич, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Бафаев Шухрат Гафурович.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш ва таъминлашнинг механизмларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича ахборотга эга бўлиш, қарорлар қабул қилишда иштирок этиш ва одил судловни таъминлашда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, мазкур йўналишда Орхус конвенсиясига қўшилиш зарурати асослантирилган;
атроф-муҳитга таъсирни баҳолашда очиқлик ва ошкоралик ҳамда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, давлат экологик экспертизаси хулосаси бажарилишини мониторинг қилиш, давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш асослаб берилган;
фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқларини амалга ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш чораларини кўриш, экологик таълим ва тарбия тизимини ташкил этиш асослантирилган;
шовқин, тебраниш ва инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган бошқа физик омиллар билан ишлашда санитария қоидалари ва нормаларига риоя этилишини назорат қилиш, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф юзага келганда текширишлар ўтказиш, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни чеклашга доир чора-тадбирларни амалга ошириш асослаб берилган;
озиқ-овқат занжирининг барча босқичларини амалга оширувчи жойларнинг санитария ҳимоя минтақасига риоя этилиши, хавфларни назорат ва мониторинг қилиш, бирламчи ишлаб чиқаришда пестицидларнинг қўлланилишига риоя қилиниши, санитария-гигиена талаблари бузилганда уларни бартараф этиш чораларини кўриш асослантирилган;
иқлим ўзгариши билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари бузилиши жабрланувчилари учун одил судловдан фойдаланишни таъминлайдиган механизмларни яратиш ва мустаҳкамлаш, шу жумладан ихтисослаштирилган механизмлар ва қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий этиш асослаб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш ва таъминлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича ахборотга эга бўлиш, бошқарувда (қарорлар қабул қилишда) иштирок этиш ва одил судловни таъминлашда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, мазкур йўналишда Орхус конвенсиясига қўшилиш зарурати ҳақидаги таклиф 2025-йил 11-мартдаги “Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенсияга (Орхус, 1998-йил 25-июн) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги ЎРҚ-1045-сонли Қонунини ишлаб чиқилишида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 9-июлдаги 3/дн-148-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу конвенсияга қўшилиш фуқароларнинг қулай атроф-муҳит ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда экологик демократияни мустаҳкамлашга ишончли замин яратган;
атроф-муҳитга таъсирни баҳолашда очиқлик ва ошкоралик ҳамда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, давлат экологик экспертизаси хулосаси бажарилишини мониторинг қилиш, давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳақидаги таклиф 2025-йил 24-февралдаги “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги ЎРҚ-1036-сонли Қонунининг 5, 24 ва 36-моддаларини ишлаб чиқилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 9-июлдаги 3/дн-148-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши атроф-муҳитга таъсирни баҳолашда очиқликни таъминлаш, жамоатчилик ва давлат ҳокимияти органлари вакилларининг иштирокини кенгайтириш, давлат экологик экспертизаси хулосасига риоя этилиши аҳволини яхшилашга имконият яратган;
фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқларини амалга ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш чораларини кўриш, экологик таълим ва тарбия тизимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар 2024-йил 29-августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-951-сонли Қонунининг 1-моддаси учинчи бандини ишлаб чиқилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2025-йил 9-июлдаги 3/дн-148-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши атроф-муҳит муҳофазаси, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш аҳволини яхшилаш ва экологик хабардорликни оширишга хизмат қилган;
шовқин, тебраниш ва инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган бошқа физика омиллар билан ишлашда санитария қоидалари ва нормаларига риоя этилишини назорат қилиш, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф юзага келганда текширишлар ўтказиш, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни чеклашга доир чора-тадбирларни амалга оширишга оид таклифлар Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 29-январдаги 48-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тўғрисидаги низомнинг 10-11-бандларида ўз ифодасини топган (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025-йил 22-августдаги 02-21/8186-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши санитар осойишталикни таъминлашга масъул давлат бошқаруви органи фаолияти ва унинг ваколатларини такомиллаштиришга хизмат қилган;
озиқ-овқат занжирининг барча босқичларини амалга оширувчи жойларнинг санитария ҳимоя минтақасига риоя этилиши, хавфларни назорат ва мониторинг қилиш, бирламчи ишлаб чиқаришда пестицидларнинг қўлланилишига риоя қилиниши, санитария-гигиена талаблари бузилганда, уларни бартараф этиш чораларини кўришга оид таклифлар Адлия вазирлиги томонидан 2024-йил 16-декабрда ҳисобга олинган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигининг умумий санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларининг 8, 10-13, 73-75-бандларини ишлаб чиқилишида (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025-йил 22-августдаги 02-21/8186-сон маълумотномаси) фойдаланилган. Ушбу таклифнинг амалга оширилиши инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқининг моддий компоненти ҳисобланган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшган;
иқлим ўзгариши билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари бузилиши жабрланувчилари учун одил судловдан фойдаланишни та'минлайдиган механизмларни яратиш ва мустаҳкамлаш, шу жумладан ихтисослаштирилган механизмлар ва қўллаб-қувватлаш дастурларини жорий этиш юзасидан таклифлар “Иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак учун мажбуриятлар ва ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси” (БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси расмий ҳужжати (А/78/999) сифатида 2024-йил 4-сентябрда тасдиқланган) 7-бандини (Асосий тавсиялар) ишлаб чиқилишида (Инсон ҳуқуқлари бо'йича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг 2025-йил 26-сентябрдаги 01/1079-сон маълумотномаси) фойдаланилган. Мазкур тавсиялар иқлим ўзгариши билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари бузилишида одил судловни таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish